Тавба қилишга шошилайлик!

Инсон – ўзига хос яратилишга эга бўлган борлиқдир. Аллоҳ таоло унга ҳам ақл, ҳам нафс истакларини берган. Нафси ақлидан устун келганда инсон билиб-билмай хатоларга йўл қўяди, гуноҳ ишларга қўл уради. Ислом динида шу ҳолатга қандай қаралади, у қандай муолажа қилинади? Гуноҳкор бандага раҳмат эшиклари бутунлай ёпиладими ёки унда яна Аллоҳ таолонинг марҳаматига эришиш имконияти борми?!
Ислом дининг асосий қоидаларидан бири – модомики банда тирик экан, унга тавба эшиклари ёпилмаслигидир.  
Сарвари Олам, барча пайғамбарларнинг афзали бўлган Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо саллоллоҳу алайҳи васаллам ўтган ва келажак гуноҳлари кечирилган бўлишига қарамасдан, ҳар куни тавба қилар эдилар.
 Эй, инсонлар! Аллоҳга тавба қилинглар! Унга истиғфор айтинглар! Зеро мен бир кунда юз маротаба тавба қиламан (Имом Бухорий ривояти).
 Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламнинг гуноҳлари кечирилган бўлишига қарамасдан, Аллоҳга тавба қилишлари – биз каби гуноҳкор умматлар учун катта бир кўрсатмадир.  Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васалламдан яна қуйидаги ҳадиси шариф ривоят қилинган:

 “Одам болаларининг ҳаммаси – хатокор. Хато қилувчиларнинг яхшиси – тавба қилувчилардир” (Имом Термизий ривояти).    

“Тавба” арабча сўз бўлиб, луғатда “қайтиш” маъносини англатади.
Истилоҳда эса тавба – “гуноҳидан пушаймон бўлиш ва уни (бадани ёки молига зарар бўлганидан эмас, балки) гуноҳ бўлгани учун тарк қилиш, келажакда ўша гуноҳни қилмасликка азму-қарор қилиш, солиҳ амалларга киришиш, агар гуноҳ банданинг ҳаққига боғлиқ бўлса, ҳақ эгасини рози қилиш”дир.
Кичик гуноҳлар турли савобли ишлар билан ювилиб кетади. Лекин катта гуноҳларга, албатта, тавба қилиш шарт бўлади.
Динимиз – ҳақиқий маънода инсонпарвар ва раҳм-шафқат динидир. Аллоҳ таоло бандаларига меҳрибон, улардан содир бўлган хато ва камчиликларни кечиришга доим тайёр. Гуноҳ ишлардан кейин тавба қилиш ва солиҳ амаллар қилиш бандани жаннатга киритади. Зеро рамазон ойи ҳам тавбалар қабул қилинадиган ой ҳисобланади, бу ойни ҳар бир лаҳзасини ғанимат билиб имкон даражасида яхшиликларни амалга ошириб қолайлик.

Баҳодир СУЮНБОЕВ
Гулистонг шаҳар “Ат-Термизий”
масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.