Рамазон исроф ойи эмас

Рамазонда энг кўп тарқалган хатолардан бири инсонлар томонидан содир этиладиган исрофгарчиликлардир. Аллоҳ таоло инсонларни исрофнинг барча кўринишидан қайтаради ва унинг ёмон оқибатини ҳам баён этиб беради. Афсуски, баъзи инсонлар учун Рамазон фақат таомланиш ҳақида ўйлаш ойи бўлиб қолмоқда. Улар кунларини Қуръон тиловат қилиш, ибодат ва унинг бошқа рукнлари билан ўтказишнинг ўрнига меню тузиш, масаллиқлар сотиб олиш, овқат пишириш ҳамда у ҳақда ўйлаш билан кечирмоқдалар. Уларнинг фикру хаёли овқатда. Натижада бундайлар рўза ойини овқатланиш ойига айлантириб юбормоқдалар.

«Еб-ичинг ва исроф қилманг. Чунки У исроф қилувчиларни севмас» (Аъроф сураси, 31-оят).Ҳаттоки аёлларнинг баъзилари ифтор учун таом тайёрлашга шунчалик қувватларини сарф қилиб юборадиларки, натижада уларда Қуръон тиловати, таҳажжуд ва таровеҳ намозлари тугул хуфтон намозини ўқиш учун ҳам куч қолмайди. Бу ой раҳмат ва мағфират ойидир, шунинг учун ўчоқларингиз атрофида камроқ гирди-капалак бўлингда-да, иймонингизни қувватлантиринг!
Баъзи инсонлар саҳарлик вақтида меъёрдан ортиқча таомланиб олишади, худдики шу усул билан улар кундузги очликдан сақланмоқчи бўладилар ва ифторликда гўё бугун энг сўнгги марта рўза тутгандай овқатланишади, бу билан улар кун бўйи овқат етишмовчилигининг ўрнини тўлдирмоқчи бўладилар. Афсуски, инсоннинг ўзини бундай тутиши суннатга тўғри келмайди. Барча нарсада мўътадиллик – ўрталик бўлиши керак.Миқдом ибн Маъдийкариб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
«Одам боласи тўлдирадиган идишларнинг энг ёмони қориндир. Одам боласига қаддини тутадиган (даражадаги) емаклар кифоядир. Агар жуда лозим бўлса, таоми учун учдан бир, шароби учун учдан бир ва нафаси учун учдан бир (жой қолсин)».
Ҳаддан ортиқ овқатланиш бандани фарз ва нафл ибодатлардан тўсиб, уларга бефарқ қилиб қўяди. Агар сиз ифтор пайтида нафсингизни назоратга ола олсангиз, унда бугунги тутган рўзангиз манфаатли бўлибди. Ортиқча овқат ейишлик сизда дангасаликни уйғотади ва таровеҳ намозларини ўқишингизга халақит беради.
Рамазон ойида қилинадиган ифторлик зҳсонларида ҳам исрофга йўл қўймаслик динимиз кўрсатмасидир. Халқимиз рўзғоридан орттирганини эҳсон қилишга шошилади. Лекин бу эҳсонлар жойига тушсагина, савоб оламиз, исрофга йўл қўйсак, аксинча, гуноҳкор бўлиб қолишимиз мумкин. Ҳолбуки, бугун баъзи ҳолатлардаги тангликларнинг асосий сабаби ҳам исрофдир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) “Тадбирли бўлиш – ярим ризқ”, — деб марҳамат қилдилар. Барча ақли расо, идрокли кишиларга маълум ва маъруфдирки, ҳар қандай ишда ўртаҳоллик, мўътадиллик ва меъёр ҳамиша маъқулланиб келинган. Ҳаддан ошиш, исроф, манманлик ва риёкорлик каби иллатлар эса ҳам ақлан ва ҳам шаръан қораланиб, улардан ҳазар қилишга буюрилган.

Демак, юқорида зикр этилган ояти карима ва ҳадиси шарифлар маъно-мазмунларидан огоҳ бўлиб ва ибрат олиб, ҳар бир-биримиз меъёрдан ташқари харажат қилишдан, исрофгарчиликка йўл қўйишдан сақланишимиз лозим бўлади. Лекин афсуски, бу маросимларни ўтказиш асносида ортиқча такаллуф ва исрофгарчиликларга йўқ қўйилади. Ошу нонлар ортиқча тайёрланиб, ортиб қолган емишлар ҳайвонларга берилади ёки ташлаб юборилади. Бу эса динимиз таълимотига мутлақо зиддир.

Бинобарин, юқорида келтирилган оят ва ҳадисларга амал қилайлик. Аллоҳнинг нозу неъматларини суистеъмол қилмай, тежамкорлик ва тадбиркорлик ила ҳаёт кечирайлик. Айниқса, ризқу рўзимизнинг асосий рамзи бўлмиш нон ва сувни қадрига етайлик ва эъзозлайлик, шундагина Ҳақ таоло ўз неъматларини янада зиёда қилади.
 Сирдарё вилояти вакил ўринбосари Абдурауф Ёрбеков.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *