Неъмат қадри

“Аллоҳ таолонинг неъматларидан икки неъмат борки, кўпчилик одамлар унинг қадрига етмайдилар. У сиҳат-саломатлик ва хотиржамликдир” деб марҳамат қилинади ҳадиси шарифда.
Дарҳақиқат, дунёдаги мана шу икки неъматга етадигани йўқ. Ушбу икки неъматга муяссар бўлиб турган ҳар бир банда дунёдаги энг бахтли инсондир. Агар ишонмасангиз, бу нотинчликлар, урушларни бошидан ўтказганлардан сўранг ёки ҳар куни боши касалликдан чиқмаган бемордан сўранг энг бахтли инсон ким деб.
Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадилар: “Кимики эрталаб дунёдан хафа бўлиб уйғонса, Аллоҳнинг ғазабида уйғонибди. Кимики эрталаб озгина қийинчиликларга ношукрлик қилиб турса, ношукрчилиги Аллоҳга етади”.
Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, оқибатда, мусулмонларнинг Аллоҳ таоло буюрган ишларни мукаммал ва хотиржам адо этишлари учун, халқ бемалол ўзи севган касб билан машғул бўлиб, оиласининг рўзғорини тебратиш учун, қолаверса, давлатнинг ривожланиши ва фарзандларнинг ўқимишли, зиёли бўлишилари учун тинчлик осойишталик лозим. Шунинг учун Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

“Беш нарсани беш нарсадан аввал ғанимат билинг: “Кексаликдан аввал ёшликни, бетобликдан аввал саломатликни, фақирликдан аввал бойликни, бир ишга машғул бўлиб қолишдан аввал бўш вақтни ва ўлим келмасдан аввал ҳаётлик вақтни”.
Парвардигорнинг бизларга берган улуғ неъмати — бу юртимизнинг тинч ва осойишталигидир. Бугун ер юзининг турли жойларида бўлаётган турли хил бало-офатлар ҳақида оммавий ахборот воситалари орқали хабардормиз. Баъзи жойларда табиий офат, баъзи жойларда эса қирғинбарот уруш туфайли шаҳарлар вайрон бўлиб, аҳоли сарсон-саргардонликда кун кечирмоқдалар. Аллоҳ таолога беадад шукрлар бўлсинки, ҳаётимиз тинч-осуда давом этмокда. Аллоҳ таолодан юртимиз янада обод-кўркам бўлишини сўраймиз. Омин!

Ботир НОСИРОВ
Ховос тумани “Ҳуснобод”
жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan