ОФАТ…

Инсоният тарихида террорчиларнинг на диний ва на ҳаётий ҳақиқатга мос бўлмаган сохта «ғоялари» ва бу йўлдаги қонли фожеаларга сабаб бўлаётган фаолият усуллари юз минглаб бегуноҳ инсонлар умрига зомин бўлмоқда.
Ҳозирда бу террорчи кучлар ўзларининг жангарилиги ва юқори даражада ижтимоий хавфлилиги билан тавсифланмоқда. Эътиборли жиҳати шундаки, улар томонидан мақсадга эришиш борасидаги фаолиятлари турлича бўлсада, тутаётган йўллар ва қилаётган ишлари бир хил: одамлар тинч турмуш тарзини издан чиқариш ва уларни қўрқувда яшашга мажбурлаш кузатилмоқда.
«Ислом» ва «террор» сўзларини бирикма – ибора шаклида ифода этиш уларнинг мазмун-моҳиятига зиддир. Сабаби, нафақат ислом, балки бирор-бир самовий дин ўз таълимотида зўравонлик, зулм ва қон тўкишни оқламаган ва оқламайди ҳам. Хусусан, Ислом дини зулм ва зўравонликнинг ҳар қандай кўринишини қатъий қоралаган.
Террористик ташкилот ва гуруҳларнинг қилаётган ишлари ва даъволари бир бирига мутлақо зиддир. Чунки улар динни ниқоб қилган холда одамларни ўз йўлларига даъват қилаётган бўлса, қилаётган ишлари эса мутлақо дин кўрсатмалари ва буйруқларига зиддир. Улар динни даъво қилиб зулм, қароқчилик, бегуноҳ одамларни ноҳақ ўлдириш, шаҳарларни вайрон қилиш, аёллар ва болаларни ҳам аяб ўтирмасдан қатл қилишлари ақлга сиғмайди. Бундай ноинсоний ишларни Ислом дини оқламайди, балки бундайларга Аллоҳнинг аламли азоблари борлиги Қуръони каримда ва Пайғамбаримиз (с.а.в)нинг ҳадисларида қайд қилиб ўтилган.
Қуръони каримда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Албатта, Аллоҳ адолатга, эзгу ишларга ва қариндошга яхшилик қилишга буюради ҳамда бузғунчилик, ёвуз ишлар ва зулмдан қайтаради”. (Наҳл, 91)
Яна бошқа оятда Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:
“(Ширк ва маъсиятлар билан) ҳаддан ошувчиларнинг амрига итоат этмангиз! Улар ер юзида бузғунчилик қилурлар ва (ҳеч нарсани) ислоҳ қила олмайдилар”. (Шуъро, 151-152)
Террорчи гуруҳларнинг авваламбор номлари, уларга аъзо бўлган кимсаларнинг исмлари ҳеч қандай ҳақиқат ёки аслиятни ифода этмайди.  Зеро, исломда ҳам бошқа самовий динлар каби террор ёки одамлар устидан бошқа шаклдаги зўравонликка ўрин йўқ. Ҳозирда «террор» деб атаётган ҳаракатлар аллақачон исломда «гуноҳи кабира» (катта гуноҳ), деб белгилаб қўйилган. Террор ўз олдига шафқатсизлик, қотиллик ва тинч аҳоли устига кўплаб кулфатларни солишни мақсад қилиб олган. Ушбу мақсадларни ислом мақсадларига тескари ҳолда эканини билган ҳар қандай киши террорчилик ҳаракатлари ислом ва имон тақозосидан узоқ эканини кўради.
Муқаддас динимизнинг соф ва гўзал таълимотларини мулоҳаза қилсак, у доимо эзгулик, ватанпарварлик, тинчликсеварлик каби юксак фазилатларга чақирувчи, айни пайтда адоват, зулм, зўравонлик, бузғунчилик, ватанга хиёнат каби қабиҳ ишлардан қайтаради.

 

Муроджон МИРСОАТОВ
Сирдарё туман “А.Яссавий”
жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan