Яхшилик

Ислом дўстлик, эзгулик динидир. Эзгуликнинг катта кичиги йўқ, бунда эътиқод соф бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Яхшилик қилиш билан бир-биримизнинг муҳаббатимизни қозонибгина қолмай, балки, Яратганнинг раҳматига сазовор бўламиз. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Яхшилик қилинглар, албатта Аллоҳ таоло яхшилик қилувчиларни севади”, деб марҳамат қилган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилингиз, гуноҳ ва ҳаддан ошиш йўлида ҳамкорлик қилмангиз! Аллоҳдан қўрқингиз! Шубҳасиз, Аллоҳнинг азоби қаттиқдир.” (“Моида”сураси, 2-оят).
Кунлардан бир кун Луқмони Ҳаким ўз ўғилларига: “Ёмонликни ёмонлик қайтаради дегувчилар ёлғончидирлар! Агар ростгўй бўлсалар икки жойга олов ёқиб, бири билан иккинчисини ўчирсинларчи. Ҳақиқатда эса, ўтни сув ўчиргани каби ёмонликни ҳам яхшилик қайтаради”, деб насиҳат қилган экан.
Демак, инсон доимо яхшилик қилиши, атрофдагиларга кўмаклашиб, оғирини енгил қилиши, ўзига ҳам ўзгаларга ҳам эзгуликни хоҳлаб яшаши лозимдир. Шундай бўлсада, жамиятимизда оз бўлса ҳам ҳасадгўй, иғвогар, ўзгалардаги қувончу-ютуқларни кўролмай, бахиллик қиладиганлар учраб туради. Агар яхшилик қилиш қўлимиздан келмаса, бошқаларга ёмонлик қилишдан ўзимизни тийсак, бу ҳам бир яхшиликдир. Биламизки, яхши иш ва чиройли муомала инсонлар орасида бир-бирларига нисбатан самимий ҳурмат ва эҳтиром, қалбларда меҳр-муҳаббат уйғонишига сабаб бўлади.

 

Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор хожи”
жоме масжиди имом хатиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan