Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар:”Кимга яхшилик қилинганда у яхшилик қилувчига «Жазакаллоҳу хойрон»,- деса, макқтов айтишни жойига қўйибди. (Термизий, Насоий, Ибн Ҳиббон,Табароний,Байҳақий ривояти). Яна Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Росулуллох соллаллоҳу ъалайҳи васалламдан ривоят қиладилар:»Агар бир киши биродарига:»Жазакаллоҳу хойрон», – деса унга мукаммал мақтов айтибди. (Абдураззоқ ва Ибн Абу Шайба ривояти). Умар Ибн Ҳаттоб розияллоҳу анҳу дедилар:»Агар сизлардан бирингиз биродарига:»Жазакаллоҳу хойрон» яъни «Аллоҳ сизни яхшиликлар билан мукофатласин» дейишда ўзи учун қанчалик ажру савоблар борлигини билганида, бу дуони кўпайтирган бўлар эдилар». (Ибн Абу Шайба ривояти). Ҳа, азизлар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу олтиндан қиммат бўлган ҳадислари, ўгитларини бизгача тўла-тўкис етказиб келган муҳаддис олиму уламоларимизга, бизларга холисона яхшилик илинган мўмин-мўмина биродарларимизга, бир-бирларимизга ҳожатимиз тушганда фийсабилиллаҳ ёрдам қўлини узатаётган ака-ука, опа-сингил, дўсту ёрларимизга, қўни-қўшни, касбдош-диндошларимизга, кўзларимизга қувонч бўлиб ота-онага итоатли, Аллоҳга, дину исломга эътиқодли, ҳусну одобли фарзанду зурриётларимизга қўйинки, савоб умидида яшилик улашишни ният қилган Тавба уз ходимларига, соф Ислом равнақи йўлида хизмат қилаётган барча инсонларга овозим етганча, баралла «Жазакаллоҳу хойрон»- “Аллох сизларни яхшилик билан мукофатласин!” дегим келди.Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам таъкидлаганларидек, биродаримиз юзига табассумла боқишимиз ҳам садақа – яхшиликдур.Аллоҳ таъоло жумла иймон аҳлини яхшиликда жамласин.
Одинахон Раҳимова,
Гулистон шаҳар отинойиси