Ҳозирги кунда диний-экстремистик ва террорчи ташкилотлар ўзларининг ғаразли мақсадларидан келиб чиқиб, ислом таълимотининг айрим ғоя ва тамойиллари мазмун – моҳиятини бир ёқлама, таассубга берилиб нотўғри изоҳлашга ва одамларни, айниқса, аёллар ва ёшларни ҳидоят йўлидан адаштиришга уринмоқда. Бунда Қуръон оятлари ва ҳадисларнинг асл моҳиятини бузиб талқин қилиши, жамият ҳаётига таҳдид соладиган ишларни дин билан боғлашга уриниши эса уларнинг ҳар қандай қабиҳ ишлардан ҳам қайтмаслигидан далолат беради. Аслида турли фитналар уюштириш ва тарқатиш, инсонлар ўртасида адоват уруғини сочиш ҳақида Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай деган : “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир…” (Бақара сураси 217-оят)
Диний билимга эга бўлмаган нозик хилқат эгалари бўлмиш аёлларимиз, ўсмир ёшларимиз бугунги кунда Маҳмуд Абдулмўмин, Абдуллоҳ Зуфар, Абдуллоҳ Бухорий, Абу Салоҳ, Содиқ Самарқандийларнинг бузғунчи маърузаларини эшитмаяпдилар, дея олмаймиз.Бундай манфур кучларга қарши курашда ғоявий тарбия, хусусан, аёллар ва ёшлар онгида юксак маънавиятни шакллантириш масалаларига янада эътиборни кучайтириш зарурлигини ҳамма тушуниб турибди.
Чунончи, Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Эй, мўминлар! Агар сизларга бирор фосиқ кимса хабар келтирса, сизлар (ҳақиқий аҳволни) билмаган ҳолингизда бирор қавмга азият етказиб қўйиб, (кейин) қилган ишларингизга пушаймон бўлмаслигингиз учун (у хабарни) аниқлаб (текшириб) кўрингиз!” (Ҳужурот сураси 6-оят).
Бугун юртимизда бузғунчи ёт мафкураларга қарши кураш чора-тадбирлари Президентимизнинг “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси асосида олиб борилмоқда.Диний уламолар томонидан ҳам турли фикрлар, раддиялар айтилиб, маърузалар қилинаяпди, таҳдидларга қарши чора-тадбирлар ишлаб чиқилаяпди.
Бизнингча, бу борада, аввало, ёшлар онгига соф Ислом ақидалар ва тушунчалар, эътиқодга оид маълумотлар диний мутаҳассислар томонидан сингдирилиши зарур.Ҳозирги кунда ҳаётни интернетсиз тасаввур қилиб бўлмайди.Шунинг учун ёшларни интернетдан фойдаланиш қонун-қоидалари ва биринчи ўринда динимиз белгилаб берган одоблар билан таништириш керак.Интернет сайтларида уларни зериктирмайдиган, балки янгилик ва кашфиёт сифатида қабул қилинадиган даражадаги ижобий, ахлоқий, диний-маърифий маълумотларни кўплаб тарқатиш, уларнинг қалбида ҳар қандай нарсани билиб, ҳар қандай махфий нарсани кўриб ва кузатиб турувчи Аллоҳ таолонинг борлиги ва Ягоналиги тўғрисидаги эътиқодни шакллантириш керак.
Шу ўринда ота-оналаримизга айтар сўзим шуки, ҳамма маърузаларни фарқламай эшитиб, шундай бўлиши керак экан, деб алданиб, адашиб қолмасликлари учун фарзандларимизни назорат қилайлик.Ўзимизнинг юртда фаолият юритаётган, масъулиятни тўлиқ хис қилган холда динимиз йўлида хизмат қилаётган уламоларимиз, имом-хатибларимиз маърузаларини эшитайлик, китобларини ўқийлик, жигарбандларимизга ҳам мана шулардан илм олишларини тавсия қилайлик.
Муяссар Ҳасанова
Гулистон шаҳар отинойиси