Дўст танлашда адашманг!

 “Дўст” сўзи луғатда шафқатли ўртоқ, ёр, ошно, маҳбуб, қарашлари, дили, фаолияти яқин бўлган, иноқлик, аҳиллик билан боғланган икки ва ундан ортиқ кишининг ҳар бири, ўртоқ, яқин, таниш, ошно маъноларини билдиради. Истилоҳда эса икки ва ундан ортиқ кишилар ўртасида вужудга келган самимий меҳр-муҳаббат ва узвий ришта дўстлик ҳисобланади.   Енгилмас кучга, қудратга эга бўлган ҳақиқий дўстлик ўзаро меҳр-муҳаббатни, бир-бирига ихлосни, ватанига, юртига садоқатни ўргатади.
   Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) марҳамат қиладилар: “Ростгўйлар билан дўстлашинг! Улар тинчлиқда зийнат, хавфда қалқондир”.
 Ибн Асокир ривоят қиладилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен ўзингни ёмон ошнодан сақлагин, чунки сен у билан таниласан”, дедилар.
 Имом Термизий ва Имом Абу Давуд ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан: “Киши дўстининг динидадур, шундай экан, бас, сизлар уни  кимни дўст тутганига қаранглар”, дедилар”. 

        Ҳакимлардан бирининг насиҳатида шундай дейилади:
“Диёнатли, ақлли ва одобли киши билан дўстлашгин.У муҳтожлигингда ёрдамчинг, қийин кунларингда қўлловчинг, маъюслигингда қувончинг, хотиржамлигингда зийнатинг бўлади”.
“Дўстинг қандай эканини унинг сендан олдин дўстлашган одами ким эканлигидан билиб оласан”.

Учрашиб қолганда саломлашишга шошилиш, дўст касал бўлганда бориб кўриш, акса урса, унга яхшилик тилаш, Аллоҳ йўлида дўстни тез-тез зиёрат қилиш, қийналганда ёрдам бериш, бошига мусибат  тушса мусибатига шерик бўлиш, агар хурсандчилик бўлса хурсандчилигига шерик бўлиш, байрамлар билан қутлаш, байрамларда дўстларга  ҳадя  улашиш дўстликнинг зарурий талабларидан ҳисобланади.
Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳи: “Дўстларни кўпайтиринглар. Мўмин дўстлар қиёмат кунида бир-бирларини шафоат қиладилар” дейди.
 Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар икки инсон Аллоҳ учун дўст тутинса, улардан бири мағрибда, иккинчиси машриқда бўлса, Аллоҳ уларни қиёмат кунида бирга қилиб: “Мен учун дўст тутингандилар” дейди”, дея марҳамат қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганлар: “Агар сизлардан бирингиз дўстини яхши кўрса, унинг уйига бориб, уни Аллоҳ учун яхши кўришини етказиб қўйсин” (Аҳмад ривояти).

Зеро, инсонлар ўзаро бир-бирларини Аллоҳ учун севсалар бу дунё ва охират яхшиликларига эга бўладилар. Шундагина бу дўстлик уларга дунёда ҳам, охиратда ҳам наф келтиради.

Муяссар Ҳасанова,
Гулистон шаҳар отинойиси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan