Бад феълликдан ўзоқ бўлинг

 

Чунки Расулуллоҳ: “Бамисоли сирка асални бузганидек, бадфеъллик ва ахлоқсизлик ҳам кишининг қилаётган амалларини бузади”, деганлар (Имом Ҳоким ривояти). Аллоҳ таоло ота-онага  фарзанд неъматини ато этиб, унинг тарбияси зиммаларига юклатилган. Оиладаги тўғри тарбия фарзандларимизнинг мактаб ва ўқув юртларида яхши ўқиб, турли касб ҳунарларни тўла эгаллашга асос бўлади. Улар ўз ҳолларига ташлаб қўйилса, кимлар билан ўртоқлашяпти, нималарга қизиқиш пайдо қиляпти деб суриштирмасак, бунинг оқибати яхши бўлмайди.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда ота-оналарга мурожаат қилиб: “Эй, имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўлмиш дўзахдан сақлангиз…”, дейди.(Таҳрим сураси 6-оят). Бу ояти карима билан Ҳақ таоло бизга хитоб қилиб, фақат ўзимизни ўйламасликка, балки бизга омонатга берилган фарзандларимизнинг тарбияси билан ҳам қаттиқ шуғулланиб, уларни ахлоқсиз, итоатсиз, бебош бўлиб ўсиб, охир оқибат дўзахийлардан бўлиб қолмасликлари учун доимо ҳаракатда бўлишимиз кераклигини уқтирмоқда.

Ёшликдан чекиш ва гиёҳвандликка ружу қўяётган, мактабдаги дарсини турли баҳоналар билан қолдириб, бепарво юрадиган болаларга тўғри йўл кўрсатиб, уларга илмнинг аҳамиятини, ёшлик қадрини тушунтириб боришлик ҳаммамизнинг бурчимиз эканини эсдан чиқармаслигимиз лозим. Оят ва ҳадисларда илм ўрганиш билан шуғулланиш ибодатдан улуғ экани тўғрисида ҳам етарли далиллар бор. Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, дунёвий фанларнинг қадри исломда йўқдек, нотўғри эътиқодга эга бўладилар. Аслида эса, диний илмлар ҳам, дунёвий илмлар ҳам бир илм. Уларни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Масалан, Одам алайҳиссаломга фаришталарнинг таъзим саждасини бажо келтиришларига нима сабаб бўлган? У зот фаришталардан қайси хислатлари билан афзаллик қилдилар? Ҳа, биз ҳозир дунёвий илм деб атайдиган илмлар билан Одам ато малоикалардан устунлик қилдилар. Мавжудот ва махлуқотларнинг номларини бирма-бир айтиб берганлари туфайли таъзимга сазовор бўлдилар. Анас ибн Моликдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадисда ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни талаб қилиш фарзлиги маълум бўлади:  “Илм Чинда (Хитойда) бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”.

Демак, биз ўз фарзандларимизни ёшлик чоғларидан бошлаб илму фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб боришимиз даркор экан. Мактабда берилаётган дарсларни пухта ўзлаштиришга бошқа ишларга, беҳуда ўйинларга вақтни бекор сарфламасликка ўргатиб бориш масъулиятимиз ва бурчимиз  эканини унутмаслигимиз керак. Фарзандларимизнинг баркамол авлод бўлиб етишишлари учун ҳукуматимиз томонидан барча шароитлар яратиб берилмоқда. Мамлакатимизда ҳукм сураётган тинчликка шукроналар айтиб, юрт тараққиёти, халқимизнинг бахт-саодати йўлида ёшларимизнинг илму фан ва касбу ҳунарли бўлиб етишишлари учун фидоий бўлишимиз лозим.

Аминжон Исмоилов
Сирдарё туман бош имоми ва
“Янги ҳаёт” жоме масжиди имом-хатиби.

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *