Яхши сўз инсон зийнати

Аллоҳ таолога беадад ҳамду-санолар ва шукроналар бўлсин инсонга сўзлаш неьматини ато этган. Инсонда шундай бир хазина борки у ширин сўздир. Биз ҳар бир айтган сўзимиз учун масъулмиз. Одамлар зоҳирон гуруч шаклидаги ғийбатларнинг ботиний оламда номаи-аъмолига гуноҳ бўлиб битилаётганидан ғофилдирлар.

Абу Ҳурайра р.а.дан ривоят қилинади, Набий соллаллаҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлса, яхши гап гапирсин ёки жим турсин!»

Оилада ва инсонлар ўртасидаги нохушликлар кўпинча қўпол сўз оқибатида содир бўлади, бунинг аксича кўпгина муваффакиятларнинг омили ширин сўздир. Шунинг учун хар бир инсон ширин сўз, мулойим бўлишга интилмоғи лозим.

Оиша р.а.дан ривоят қилинади: «Албатта, Аллоҳ мулойимдир. Ва мулойимликни яхши кўради. Ҳамда қўполлик ва бундан бошка ҳислатларга бермайдиган савобни мулойимликка беради», дедилар.

Қуръони каримнинг аввалидан охирига қадар инсонларга тарбия ва одоб ўргатилади. Мулойим, ширин сўз бўлиш катта бахт ҳисобланади. Киши яхши сўз эшитган жойга мулойим муомала кўрган шахсига меҳр қўяди. Набий саллоллаҳу алайҳи васаллам сифатлари бу жиҳатдан энг олий мақом  эди. Мулойимлик хулкий ва нафсий фазилатларнинг энг буюгидир, у инсонни баркамоллик чўққисига олиб чиқади. Мулойимлик соҳиби билан суҳбатлашган киши унга муҳаббатли бўлади. Биз учун намуна бўлган Муҳаммад саллоллаҳу алайҳи васаллам ҳам тарбиялаётган саҳобаи-киромларни мулойимлик сифатларга жалб этдилар, муҳаббатли қилдилар.

Аллоҳ таоло барчамизни тилини тиядиган, фақат гапириш фойдали бўладиган ўринлардагина гапирадиган севикли бандаларидан қилиб, жоҳиллар, қўпол кимсалар шахсимизга тегадиган оғриқли сўз айтганда ҳам одоб билан вазиятдан чикиб кетишимизни насиб этсин! Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин.

ТиллаБекенова
Гулистон шаҳар бош отинойиси

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *