Мустақиллик – улуғ неъмат

     Мустақиллик нафақат жамият ва давлат ҳаётининг асосий мезони, балки ҳар бир инсон, фуқаро умрининг мазмунини ҳам белгилайди.Мустақиллик  – Аллоҳнинг улуғ неъматларидан бўлиб, у ҳаётимиз мазмуни, ғурур ва ифтихоримиз тимсоли ва ифодасига айланган.

     Мустақиллик туфайли жаннатмакон мамлакатимизда ислом дини равнақи йўлида кенг имкониятлар очилиб, эътиқод эркинлиги қонуний равишда кафолатлаб қўйилди.

     Мустақиллик халқнинг маънавий уйғониши учун тўла имконият яратди.Халқ келажакка ишонч билан қарай бошлади.Ўз юртининг тўла хўжайини эканлигини, ўз такдирини ўзи белгилаш имкониятини қўлга киритганлигини ҳис қила бошлади.
 Мустақиллик  бизга ўзлигимизни англатди.Мустақиллик туфайли динга муносабат мутлақо ижобий томонга ўзгарди.
Мустақиллик  шарофати билан  аждодларимизнинг улкан маънавий меросини ўрганиш, асарларини оммалаштириш, она тилимиз ва динимизнинг ривожи учун барча шарт-шароитлар яратилгани, Ўзбекистон ташаббуси билан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг “Маърифат ва диний бағрикенглик” резолюцияси қабул қилингани, Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси, ҳадис ва калом мактабларини ташкил этиш билан боғлиқ амалий ишлар,“Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири Президент томонидан имзолангани ўзбек халқи учун, барча мўмин-мусулмонлар учун, миллатнинг келажак тараққиёти учун қудратли омил бўлди.
 Азизлар, Мустақиллик ва ибодатларни эмин-эркин адо этиш неъматига доимий шукроналар айтишимиз лозим. Чунки,  Аллоҳ таолонинг бундай ваъдаси бор:“…агар (берган неъматларимга) шукр қилсангиз, албатта, (уларни янада) зиёда қилурман…” (Иброхим сўраси 7 оят), – деб таъкидлаган.
 Аллоҳ таоло Ўзининг муборак каломида биз бандаларга яна шундай марҳамат қилади:
«Роббингизнинг (сизга ато этган барча) неъмати хақида эса (одамларга) сўзланг!» (Зуҳо сураси, 11-оят).
Муборак ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким инсонларга улардан кўрган яхшиликлари эвазига шукр қилмас экан, демак Аллоҳга ҳам шукр қилмабди” (Имом Ахмад ва Термизий ривояти), деб марҳамат қилинган.

     Ҳа, бугунги кунда бизга берилган кўплаб неъматларнинг сабабчиси, уларнинг негизи, уларнинг энг улуғларидан бири  мустақиллик  неъматидир. Шундай экан, биз бу улуғ неъматнинг шукрини адо қилишимиз, уни авайлаб-асрашимиз, биз учун ёт бўлган ҳар қандай ҳаракат, ғоя ва фикрларга бефарқ бўлмаслигимиз, ҳаётнинг кескин талабларидан орқада қолмаслик учун барчамиз ўз устимизда ишлашимиз, билим ва савиямизни доимо ошириб боришимиз, халқимизнинг тинч турмуши ва фаровонлигига бўлаётган таҳдидлардан огоҳ бўлишимиз, халқ орасида, айниқса, ёшлар,  хотин-қизлар орасида олиб борилаётган  маънавий-маърифий тарғибот ишларимиз савиясини янада ошириб, бу йўлда ўзимизнинг холис ҳиссамизни қўшишимиз лозим.

      

Муяссар  Ҳасанова,
Гулистон шаҳар отинойиси

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *