Бахиллик – ёмон иллат

Бахиллик фақат пул бермаслик, мискинларни таомлантирмаслик билан чекланиб қолмайди. Ўзидаги ҳунарни ёки касбни шогирдларига ўргатмаслик ҳам бахилликка киради. Худбинлик ва фақат ўзини ўйлаш мусулмон кишининг хулқига кирмайди. Мусулмон киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганларидек: Ўзига раво кўрган нарсани бошқаларга ҳам улашади.

Ҳақиқий мусулмон қандай бўлишини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилиб берганлар. Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Бандалар тонг оттирган кун борки, унда икки фаришта тушиб, улардан бири: «Аллоҳим! Инфоқ қилувчига эваз бергин» дейди, иккинчиси: «Аллоҳим! Мумсикка (баднафс, бахилга) талафот бергин», дейди».

Баднафслик иллатидан қутилганлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чин умматидан бўлиб ҳисобланади. Баднафслик иллатидан қутилиш учун бизларга энг гўзал намуна бу суюкли Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. У зот ҳеч кимга: «Йўқ», деган сўзни ишлатмаганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга турли жойлардан совға ва ҳадялар келар эди. Ўша ҳадяларни муҳтож ва ҳақдорларга тарқатиб чиқмагунча ухламас эдилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ёққан нарсани биров менга беринг, деб сўраб келганда, ўзлари учун энг севимли бўлган ўша нарсани сўраб келган одамга берар эдилар. Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда бу ҳақда шундай дейилган: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бировга зулм қилишдан сақланинглар. Чунки зулм Қиёмат кунида зулмат бўлади. Ва яна хасислик ва баднафсликдан сақланинглар. Чунки баднафслик сизлардан аввалги умматларни ҳалок қилди ва қон тўкишларига ҳамда ҳаром нарсаларни ҳалол қилиб олишларига сабаб бўлган эди», дедилар.

Аллоҳ таоло бундай разил иллатдан ўзини сақлаган кишилар нажот топишини хабар бериб шундай деган: яъни: «Кимки ўз нафси бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар (охиратда) нажот топувчидирлар» (Ҳашр 9).

Салмон Форсий розияллоҳу анҳу шундай дедилар: «Сахий одам вафот топса, ер ва фаришталар: «Роббим! Бандангнинг дунёдаги сахийлиги сабабли унинг гуноҳларини кечириб юбор!» дейишади. Агар бахил одам ўлса, “Аллоҳим! Бу банданг дунёда қўлида бўлган нарсаларни бандаларингдан тўсганидек, уни ҳам жаннатдан тўсгин”, дейди”.

Бахиллик мол-мулкка талофат етказишини билган хар бир инсон ўзига хулоса чиқариши керак.

Ҳалилуллоҳ РАИМҚУЛОВ
Ховос туман “Хизробод”
жоме масжиди имом-хатиби.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan