Дилкаш суҳбатингизга энг лойиқ киши ким?

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо (соллаллоҳу алайҳи васаллам)дан бир киши келиб сўради: “Эй Аллоҳнинг Расули, гўзал суҳбатимга энг лойиқ инсон ким?”. “Онанг” –  деди. “Кейин ким” – деди. “Онанг”- деди. “Кейин ким” –  деди. “Онанг” –  деди. “Кейин ким” –  деди. “Отанг” –  деб жавоб бердилар.

Кўпинча “Аввало кимга яхшилик қилай?”, деб таржима қилинадиган ушбу ҳадис матни аслида: “Менинг чиройли суҳбатимга энг лойиқ киши ким?” –  дейилган. Азизлар, бу ерда яхшилик қилишимга дейилмаяпти, суҳбат дейилмоқда. Саҳоба дегани ҳам мусулмон ҳолида Расулуллоҳ билан бирга бўлиб, суҳбатдош бўлган кишига айтилади. Ҳадисда ҳам “энг гўзал суҳбатимга ким лойиқ”, дейилганига эътибор берайлик.

Она отадан ҳам кўра ожиза, мушфиқ ва муштипар бўлади. Улар кўпроқ суҳбатга, унсга, муомалага, суҳбатга отадан ҳам кўра муҳтожроқ экан. Шунинг учун бу ҳадисни сўзма-сўз тушунадиган бўлсак, кимга кўпроқ вақт ажратиб, ўтириб, кўнглини олай, деган маъно чиқади. Ота-онамизга кўп нарса керак эмас, таомланиши, кийиниши, уй-жойлари бир масала. Шу билан биргаликда уларга суҳбат керак, меҳр керак экан. Алоҳида вақт ажратиб, улар билан дилдан суҳбатлашиб ўтириш, дилига қўл солиб, улар билан дардлашиш керак. Мана шу нарсага энг ҳақдор киши онамиз, отамиз бўлар экан.

Дилмурод СУЛАЙМОНОВ
Гулистон тумани бош имом-хатиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan