Ҳалол касб барака калити.

 Рифоъа ибн Рофеъдан розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қайси касб энг ҳалол?» деб сўралди. «У киши дедилар: Кишининг ўз қўли (меҳнати) билан ишлаши ҳамда мабрур савдо (касбларнинг энг яхшиси ва ҳалолидир)» (Баззор ривояти, Ҳоким ушбу ҳадисни саҳиҳ санаган).

Ушбу ҳадисда энг ҳалол ва энг ёқимли касб инсоннинг ўз меҳнати билан топган ризқи хамда мабрур савдо экани айтилди. Мабрур савдо деб ёлғон қасамдан, умуман молни ўтказиш учун қилинадиган қасамхўрликдан, турли хил алдов, хийлалардан холи бўлган холис савдога айтилади.

Ушбу ҳадисда мабрур савдо ҳамда қўл меҳнати билан топиладиган ризқ касбларнинг афзали экани очиқ баён қилинмоқда.

«Қўл меҳнати» деганда кўпроқ саноат, ҳунармандлик ва касаначилик каби ишлар тушунилади.

«Умдатулқорий» китоби муаллифи аллома Бадриддин Айний айтишича, кўп хадисларда қўл мехнати билан амалга ошириладиган касб касбларнинг афзали экани таъкидланар экан.

Юқоридагилардан шуни хулоса қилиш мумкинки, касбларнинг асллари тижорат, зироат ва саноатдир. Кўплаб касблар мана шу зикр қилинган уч хил умумий касб остига дохил бўлади. Мазкур касбларнинг қай бири афзал экани борасида уламолар ўртасида турлича фикр ва қарашлар бор. Баьзилар тижоратни афзал касб десалар, бошқалар зироат афзал дейишади. Яна бир тоифа эса қўл мехнати билан қилинадиган касб, яьни ҳунармандлик ва саноатни афзал санайдилар.

Баъзи ҳадисларда савдо билан қўл мехнати касбларнинг энг яхшиси экани айтилади.

Зикр қилинган ушбу баҳслардан қайсидир бир касб яхши-ю, қолгани ёмон деган маьно тушунилмаслиги керак, асло. Мазкур ҳадислар ва уламолар сўзлари фақатгина фазилат жиҳатидан касбларнинг қайси бири устунроқ эканини баён қилади, холос. Йўқса жумҳур уламолар наздида ҳалол касбларнинг барчаси ҳам мубохликда тенгдир. Ким қайси касбнинг уддасидан чиқса, ана ўша билан шуғулланиши мақсадга мувофиқдир. Аллоҳ таоло барчамизга ҳалол касб ва ҳалол ризқ ато этсин.

Фурқат ФАЙЗУЛЛАЕВ
Сардоба тумани “Янгиқишлоқ”
жоме масжиди имом- хатиби.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan