Пешона теримиз билан топган ҳалол пулдан Аллоҳ йўлида сарф қилсак, шу дунёнинг ўзида ўша озгина пулимизни Аллоҳ таоло катта маблағ қилиб қайтаради. Қиёмат кунида эса катта ажр қилиб қайтаради.
Аллоҳ таоло қуръони каримда марҳамат қилади:
“Аллоҳга “чиройли қарз” берадиган (унинг йўлида ўз бойлигидан сарфлайдиган) киши бормики, унга бир неча баробар кўп қилиб қайтарса? Ҳолбуки, Аллоҳ (ризқини) танг ҳам, кенг ҳам қилур ва (сизлар) Унинг ҳузурига, албатта, қайтажаксизлар”.(Бақара сураси, 245-оят).
Аллоҳ таоло бизларнинг пулларимизга муҳтож эмас, балки синов учун қарз сўрамоқда. Қарзни нима учун сўраяпти? Балки бандани имтиҳон қилиш учун, молини кўпайтириб бериш учун. Оятнинг давомида яна Аллоҳ таоло бизларни огоҳлантириб, эслатмоқдаки, қўлингдаги молу дунёни танг қилиб қўювчи ҳам ёки унинг баракасини берувчи ҳам Парвардигордир. Оятнинг охирида ҳамманинг хотимасини зикр қилмоқда, яъни қанча молу дунё тўпласангиз ҳам, бу дунё бевафолик қилиб уни ўзида олиб қолади ва ҳар биримиз Парвардигоримиз олдига қуруқ қўл билан борамиз.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
“Кимики ҳалол касб қилиб, бир дона хурмочалик садақа қилса, Аллоҳ таоло уни бажонидил қабул қилади. Сўнгра сизлар тойчоқни қандай боқиб улғайтирсангиз, Аллоҳ таоло ҳам берган садақангизни тоғ баробаринда қилиб, ўзингизга қайтаради”.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қиладилар:
“Ҳар тонг бандалар уйғонганда, икки фаришта нозил бўлади. улардан бири: “Эй бор Худоё, хайру эҳсон қилувчининг берган молининг ўрнига бергин”, дейди. Иккинчиси эса: “Эй бор Худоё, мумсик (бахил)нинг молига талофот бергин”, дейди”.
Аллоҳ таоло бандасига молу дунёни шунчаки осмондан бериб қўймайди, чунки унда садақа қилиш жуда осон бўларди. Аммо Парвардигор бандасига синов бўлиши учун шу тарзда бериб қўйди. Балки бир сўмни топиш учун кеча кундуз ўйлайди, жуда кўп дунёнинг лаззатларидан кечади, шу йўлда саломатлигини йўқотади, ҳар бир сўми учун қанча-қанча тер тўкади, пул топиш йўлида қанча асабийлашади, хуллас боласи каби асраб авайлайди. Мана шунда банданинг топган бир сўм пули юрагининг бир парчасига айланади. Шунда Аллоҳ топган пулингдан бер деганда у машаққат билан топган пулини агар бермоқчи бўлса, юрагидан бир парчасини узгудек бўлгани учун бермасликка ҳар қандай баҳоналар ахтаради.
Хабарларда келишича: Ким беш нарсани қилмаса, Аллоҳ таоло ҳам уни беш нарсадан маҳрум қилади:
- Ким фарз бўлган закотини бермаса, Аллоҳ таоло ҳам уни молини талофотдан қутқармайди ва муҳофаза қилмайди.
- Ким хайру эҳсон қилиб турмаса, Аллоҳ таоло хотиржамлигини олиб қўяди.
- Ким ерининг ҳосилидан ушр бермаса, Аллоҳ таоло ёмғир ёғдирмай, ерининг баракасини олиб қўяди.
- Ким Аллоҳга дуо қилмай қўйса, Аллоҳ таоло уни ижобатдан маҳрум қилади.
- Ким агар намозга дангасалик қилса, Аллоҳ ўлаётган вақтида уни калимаи шаҳодатни айтишликдан маҳрум қилади.
Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
жоме масжиди имом-хатиби.