Мўмин банданинг муҳаббати.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 31-оятида: Сен: «Агар Аллоҳга муҳаббат қилсангиз, бас, менга эргашинг. Аллоҳ сизга муҳаббат қиладир ва сизларнинг гуноҳларингизни мағфират қиладир», деб айт. Аллоҳ Ғафур ва Роҳиймдир.

Мўмин банданинг Аллоҳга бўлган муҳаббатининг исботи унинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиши билан ўлчанади. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш мўмин бандага битмас туганмас бахту саодат олиб келади. Мўмин банда учун Аллоҳнинг муҳаббатидан ҳам яхшироқ бахт-саодат борми? Бунинг устига унинг гуноҳларини ҳам мағфират қилиб турса! Кишида солиҳ амалларга, солиҳ зотларга нисбатан муҳаббат пайдо бўлса, билсинки, бу Аллоҳнинг у бандага берган неъмати. Энди бу муҳаббатдан бандага нима фойда бор? Бунда маҳбубининг розилиги ҳамманинг розилигидан устун туриши бор. У нимани гапирса, у томонидан қандай ҳолат содир бўлса унга ёқади, кўнгли тўлади. Уни қандай бўлмасин ишончини оқлаш, унинг ишқига етишиш йўлида ҳар қандай машаққатни енгишга ҳаракат қилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламда барча яхши сифат ва гўзал ахлоқлар жамланган эди. Шунинг учун у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам инсонлар учун намуна бўлишга энг ҳақли эдилар. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни барча мусулмонларга намуна қилиб юборган. Бу ҳақида Аллоҳ таоло ўзининг каломи Қуръони каримнинг “Аҳзоб” сураси 21-оятида бундай эълон қилган: Батаҳқиқ, сизлар учун, Аллоҳдан ва охират кунидан умидвор бўлганлар учун ва Аллоҳни кўп зикр қилганлар учун Расулуллоҳда гўзал ўрнак бор эди.

Ҳар бир мусулмон бажараётган ишида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ибрат олиши лозим. Ибрат олиш эса у зотнинг хулқларига, сўзларига итоат қилишдир. Бу ҳақида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Кимда ким пайғамбарга итоат этса, демак у Аллоҳга итоат этибди”.

Итоат қилишда у зотни кўриш ёки ҳамсуҳбат бўлиш шарт эмас. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётдан риҳлат қилиб саҳобалар ҳам оз қолган эди. Шулардан Миқдод ибни Асвад розияллоҳу анҳуни олдиларига бир киши келиб, кўзларига термилиб туриб: “Қандай ҳам бахтли кўзларки, бу иккала кўз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўргана, кошкийди биз ҳам сиз кўрган нарсани кўрганимизда” деб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ирода қилди. Шунда Миқдод ибни Асвад розияллоҳу анҳу бу кишини гапига таажжубланиб айтдилар: “Биласизми, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунақанги бир замонда дунёга келдиларки, жоҳилият авжига чиққан пайтда Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни Қуръон билан юборди, у пайтда ибодатнинг энг афзали буд санамларга чўқиниш эди. Баъзи бир хонадонларда ўғил иймонга келган, аммо ота мушрик, баъзиларида эса аёл мусулмон, аммо фарзанлари мушрик ёки аксинча. Гап кўзда эмас, Аллоҳга шукр қилинг, чунки у зотни кўрмасдан туриб иймон келтириб турибсиз. Биласизми, пайғамбарни кўрган кўпгина кўзларни Аллоҳ таоло юз тубан жаҳаннамга мустаҳиқ қилди. Шунинг учун гап кўзда эмас, балки иймонда”, дедилар.

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Жаннатда қўлимда олтин идиш билан Кавсар сувининг бўйида умматимни кутаман ва келганларига олтин идишда сув бераман. Сўнг охирги замон умматларимни кўриб, қўлимдаги олтин идишни ташлаб” юбораман”, деб кўзлари ёшга тўлиб йиғлаб юбордилар. Шунда саҳобалар ҳайрон бўлиб: “Ё Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша охирги замон умматларингизга сув бермайсизми?!”, деб сўрадилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам кўзларида шашқатор ёш билан: “Пешонасини саждага қўйган охирги замон умматларимга сув берарканман, улар билан мени орамизда, ҳатто олтин идиш ҳам бўлишини хоҳламайман, балки уларга ўз қўлларим билан кавсар сувидан бераман”, деб марҳамат қилдилар. Аллоҳ таоло барчамизни у зот соллаллоҳу алайҳи васалламга содиқ уммат қилиб, суннатларига эргашиб, ахлоқларини ҳаётимизга татбиқ қилиб, жаннатда ўз қўлларидан кавсар сувидан ичмоқлигимизни насиб этсин!

Ҳалилуллоҳ РАИМҚУЛОВ
Ховос туман “Хизробод”
жоме масжиди имом-хатиби.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan