Тафриқачилардан огоҳ бўлинг

  Динимизда инсонларни ҳамжиҳатликка чақириб  ўзаро ихтилоф қилишдан ва тафриқа бўлинишдан қайтаради. Зеро, ихтилоф ва тафриқа инсонларни бир-биридан узоқлаштиради, ўртада адоват ва фитна пайдо қилади натижада инсонни  залолатга олиб боради ва  икки дунёсини барбод қилади.  “Динни барпо қилингиз ва унда фирқа-фирқага бўлинмангиз!”, (Шўро сураси, 13-оят).

Тарихда турли хил фирқалар чиққан бўлиб аъзолари, яъни тафриқачилар ўзлари залолатда бўлиб бошқаларни эса бузуқ ақидалари билан  тўғри йўлдан адаштирганлар.  Ўз даврида диёримиз уламолари адашган  тоифаларга қарши курашиб, уларнинг бузуқ ақидаларини фош этиб мўмин-мусулмонларни залолат йўлларидан қайтарганлар. Буюк бобокалонимиз Абу ал-Муъин ан-Насафий бундан минг йил аввал ана шундай оқимларга қарши раддиялар бериб ўзларининг ақидага оид асарларини ёзиб қолдирганлар. Минг афсуски, бизнинг давримизда ҳам адашган, эътиқоди бузуқ бўлган бир қанча фирқа ва тоифалар мавжудки, улар ҳамон мўмин-мусулмонларни соф Ислом йўлидан чалғитишга, аҳли сунна вал жамоа ақидасидан адаштиришга ҳаракат қилмоқдалар. Бундай ғаламис тоифа-ю фирқалар динимизда муқаддас саналган улуғ амалларни ғайри маънога буриб ўзларининг жиноятларини “халифалик”, “шаҳидлик”, “ҳижрат” ва “жиҳод” каби атамалар билан хаспўшламоқдалар. Бу ҳам етмагандек, ўзларига эргашмаган, уларга қарши чиққанларни кофирга чиқармоқдалар. Кофир дейишдан мақсад эса, уларга қарши уруш очиш, қонларини тўкиб, молларини талон тарож қилишдир. Ҳолбуки, мусулмонга қарши қурол кўтариш, унинг қонини тўкиш энг оғир гуноҳдир.  “Учта амал бор, ким шулардан бирортасини қилса, у жиноятчидир: Ким ноҳақлик устига байроқ тикса, ким ота-онасига оқ бўлса ва ким золимга ёрдам берса” (Ҳадис).  “Албатта, Биз (ундай) жиноятчилардан (дунё ва охиратда) интиқом олувчидирмиз”. (Сажда сураси, 22–оят).

 Динимизда мусулмонни озор бериш ва қўрқитиш ҳалол эмас. Бир ривоятда  Ибн Аббос (р.а.) Каъбанинг деворига суяниб туриб шундай дедилар: “Эй, Каъба! Аллоҳнинг наздида ҳурматинг нақадар улуғ. Лекин, агар мен сени етти маротаба бузиб вайрон қилганимда ҳам битта мусулмонга бир марта озор берганимчалик ёмон иш қилмаган бўлар эдим”.

Муқаддас Ислом динида ўз юртига қарши қурол кўтарган, мусулмонлар жамиятига қарши уруш эълон қилган, давлат раҳбарларига қарши бош кўтарган тоифани боғийлар (тажовузкорлар) деб номланади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда уларга қарши курашишга амр қилган:  “Агар мўминлардан икки тоифа ўзаро урушиб қолсалар, дарҳол улар ўртасини ислоҳ этингиз! Бас, агар улардан бири, иккинчисининг устига тажовузкорлик қилса, бас, то (тажовузкор тоифа) Аллоҳнинг амрига қайтгунича, сизлар тажовуз қилган (тоифа) билан урушингиз! Энди агар у (тоифа тажовузкорликдан) қайтса, сизлар дарҳол уларнинг ўртасини адолат билан тузатиб қўйинг ва адолатли бўлингиз! Зеро, Аллоҳ адолатлиларни севар”. (Ҳужурот сураси, 9-оят).

Муҳтарам Юртбошимизнинг халқпарвар сиёсати ўлароқ аввалда ана ўшандай бузғунчи оқим ва тоифаларнинг таъсирига тушиб қолган, бугунги кунда адашганлигини тушуниб етиб чин дилдан пушаймон бўлган фуқароларга нисбатан авф эълон қилинмоқда. Уларни жамиятда ўз ўринларини топиб, соғлом ҳаётга қайтишларига имкониятлар яратиб берилмоқда. Бироқ, адашганлигини тан олмай, бузғунчи ғоя ва мафкурасидан воз кечмайдиган, экстремистик оқимларни қўллаб қувватлайдиган тоифаларга нисбатан юртбошимиз таъкидлаганларидек: “бир жаҳолатга қарши ўн маърифат”  шиори остида кураш давом этаверади.

Дин илмини билмай туриб Ислом дини номидан тарғибот қилаётган ҳар қандай кимсага эргашиб кетавериш ярамайди. Айниқса, замонавий электрон воситалари, интернет тармоқлари орқали тарқатилаётган диний мавзудаги маълумотларнинг ҳаммаси ҳам соф Ислом ғоясига, бизнинг ақидамизга тўғри келавермайди. Шунинг учун интернет тармоғидан фойдаланадиган фарзандларимиздан огоҳ бўлайликки, токи улар экстремистик оқимлар таъсирига тушиб, алданиб қолмасинлар. Диний илми етарли бўлмаган кишининг илмсиз тарзда фатво бериши одамлар орасида тафриқага сабаб бўлади. Диний илми бўлмаган кишининг олимликни даъво қилиши такаббурликдир. Аслида бундай кимсаларни илмдан гапиришга ҳаққи йўқ. Авф ибн Молик ( р.а.)дан ривоят қилинади, у киши: “Одамларга илмдан фақат амир, ёки маъмур, ёки мутакаббир гапиради”, дедилар (Абу Довуд ва Ибн Можа ривояти). Яъни одамларга ваъз айтишга фақат мутасадди раҳбарнинг, ёки у томонидан ижозат берилган олим кишиларнинг ҳаққи бор. Улардан  бошқа ким воизлик қилса,  демак бу унинг такаббурлиги (манманлиги)дан бошқа нарса эмас.

 “Ким озига шукр қилмаса кўпига ҳам шукр қилмайди. Ким инсонларга шукр қилмаса Аллоҳга ҳам шукр қилмайди. Аллоҳ берган неъматни гапириш ҳам шукрдир, гапирмаслик куфрдир. Жамоат раҳмат, тафриқа эса, кулфатдир” (Ҳадис).

Аминжон Исмоилов
Сирдарё тумани бош имоми ва
“Янги ҳаёт” жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan