Энг олий неъмат

Инсоният ҳаёти давомида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида ўзаро келишмовчиликлар, нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши, тараққий топиши жамиятнинг фаровон ва осойишта ҳаёт кечиришига боғлиқлиги аён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз алайҳис салом ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар:

“Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”.

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиб, шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиб путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.

Улуғ неъмат- мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикдан хотиржамликка берилиш, огоҳлик ва сезгирликни йўқотишга мутлақо ҳаққимиз йўқ. Уни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш фақат муайян соҳалар ходимларининг вазифаси, деганлар қаттиқ янглишади. Бу йўлда барчамиз янада жипс бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз керак. Ўз уйингни ўзинг асра, деган гапда ҳикмат кўп, унинг маъноси кенг. Зеро, тинчлик учун доимо курашиш керак, уни ҳеч ким яратиб бермайди.

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга эришади, оқибатда, жамиятда ҳар томонлама юксалиш ва ривожланиш рўй беради.

Шу азиз Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг тинчлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилиш, салоҳиятини янада юксалтириш барчамизнинг, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир.

Ҳар бир имонли кишининг бурчи – “Ер юзида бузғунчилик”ка йўл қўймаслик, дунёда фаровонлик ва осойишталикни қарор топтириш учун курашишдан иборат.

Аллоҳ таоло Ер юзида ёвузлик қилмасликка буюриб, ноҳақлик, адолатсизлик, зўравонлик, одам ўлдириш, қон тўкишни таъқиқлайди.

“Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!”. Парвардигорнинг иродасига қарши бориб, бегуноҳ одамларни ўлдирган ва хўрлаган кимсалар дунё ҳаётида ютуққа эришамиз, деб ўйласалар қаттиқ хато қилган бўладилар. Аллоҳ таоло ер юзида ҳар қандай бузғунчиликни таъқиқлайди, ёвузлик йўлига кирганларни лаънатлайди.

Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Тинчлик амалий шукр талаб қиладиган неъматдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги фарздир. Кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёшлар эса уни асраш ва қадрига етиш борасида астойдил илм олишга ҳаракат қилмоқликлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.

Ботир НОСИРОВ
Ховос тумани “Хуснобод” жоме
масдиди имомхатиби

 

 

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *