Тил офатларидан сақланайлик.

Аллоҳ таоло инсонларга сон-саноқсиз неъматларни берган. Улар ичида инсон аъзоларининг  соғ-саломат  бўлиши энг улуғ неъматлардан биридир. Танамизнинг аъзолари бизларга берилган омонат ҳисобланиб, уларни хайрли ишларда ишлатишга  ва ёмон ишлардан сақлашга динимиз амр қилади.
 Тил аъзоларимизнинг бир бўлагидир. Тил инсоннинг жисман кичик аммо масъулият ва вазифа жиҳатидан эътиборга молик аъзосидур. Агар инсон тилини яхшиликка ишлатса, улкан ажру мукофотларга эга бўлади. Бордию ёмонликка ишлатса унинг ортидан маломатга қолиши тайин. Инсоннинг икки дунё бахту-саодатига эришишига сабабчи бўладиган аъзоси унинг  тилидур.
Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайхи васаллам шундай деганлар:
 “Одам боласи тонг оттирганда, тана аъзоларининг ҳаммаси тилга танбеҳ бериб ”Бизнинг туғримизда Аллоҳдан қўрқ! Биз нима аҳволга тушсак сен сабабли тушамиз агар тўғри бўлсанг, биз ҳам тўғри бўламиз. Агар эгри бўлсанг биз хам эгри бўламиз” дейишади.» (Имом Термизий ривоятлари).
Дарҳақиқат, тилни сақлаш шунчалик гўзал амал экан, албатта ҳаммаларимиз бу ҳолатга эътибор қилишимиз зарурдир. Тил билан содир этиладиган жиноятларнинг барчаси жамиятни бузишга, одамларга зулм, улар ўртасида адоват ва хусумат туғилишига сабаб бўлади.
Инсон тили орқали ёлғон, ғийбат чақимчилик, уятсиз  сўзларни сўзлаш, одамларни масхара қилиш, ёлғон гувоҳлик бериш, ёлғон қасамлар ичиш ва беҳуда сўзлар каби гунҳларни ҳам содир қилади. Буларнинг барчаси инсониятни залолатга етаклайди. Албатта бизлар  бундай ёмон иллатлардан узоқда бўлишимиз  ва доимо тилимизни Аллоҳ рози бўладиган сўзларни сўзлашимиз лозим.
Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Кимки Аллоҳ таолога ва охират кунига иймон келтирган бўлса фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин” – деб марҳамат қилганлар.
Албатта мўминлар тил билан содир этиладиган  барча офатларни катта гуноҳ деб билишади.  Улар тил билан  содир этиладиган бундай жиноятлари туфайли охиратда қаттиқ азобга гирифдор  бўлишларидан қўрқиб бу офатларни тарк этишади. Чунки Аллоҳ таоло (Нахл сурасининг 105 оятида)
“Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар –ўзлари ёлғончилардир”- деган.
Демак ҳақиқий мўмин бундай тил билан содир этиладиган барча ёмон иллатлардан  ўзини сақланмоғи лозимдур акс ҳолда Аллоҳ бундай бандаларни бу дунёдаҳам ва ососийси охиратда шарманда қилар экан.
Бас шундай экан, бизлар доимо ҳаётда берилган барча омонатларни ўз ўрнида ишлатиб, шулар қатори тил омонатини ҳам  фахш ва беҳуда сўзларга ишлатилмасдан доимо яхши сўз соҳиби бўлишлигимиз даркордур.
Абу Мусо разийаллоҳу анҳу ривоят қиладилар:
«Мен Росулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан: “Қайси мусулмон афзал?-деб сўраган эдим, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам:
“Қўли ва тилидан мусулмонлар саломат бўлган киши”-
дея жавоб бердилар.Минг афсуски гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидик баъзи инсонларни жамиятга тинчлик бермай кеча кундуз қўли билан тили билан инсонларга озор бериб юрадиганларини учратиб қоламиз.

Ойша (р.а) онамиздан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам унинг кимлигини билганлигидан кейин   “У қавмининг ичидаги энг ёмон киши” деб ўзларига ўзлари гапирдилар, сўнгра киришга изн бердилар. Киргандан кейин уни очиқ чеҳра билан кутиб олдилар ва юмшоқ гапирдилар. Чиқиб кетганидан кейин Ойша онамиз: «Ё Расулуллоҳ! Бу қанақаси, унинг номини эшитганингизда  у ҳақда “қавмининг ичида энг ёмони шу”-дедингиз. Ичкарига киргандан кейин, уни яхши қабул қилдингиз мулойим гапирдингиз?” деб сўрадилар. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам “Эй Ойша! Сен қачон мени бировлар билан қўпол муомалада бўлганимни кўргансан? Қиёмат кунидаги энг ёмон киши, бу дунёда қўполлигидан қўрқиб у билан муомала қилинмай қўйилган кишидир,” дедилар (Бухорий ривояти).Аллоҳ таоло барчаларимизни солиҳ амалларда бардавом бўлишлигимизни насиб қилсин.

Гулистон тумани
“Халқобод” жоме
масжиди  имом хатиби
Ибодов Хабибулло

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan