Қуръони каримда инсонларнинг фойдаси учун яратилган турли неъматлардан намуналар келтирилган. Хусусан, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилинган баъзи ҳадиси шарифларда бу неъматларнинг инсон соғлиги учун фойдалари ва соғлом яшаш воситалари экани маълум қилинган.
“Энди инсон ўзининг таомига (ибрат кўзи билан қуйидаги неъматларимизга бир) боқсин: Биз (осмондан) сувни мўл ёғдирдик. Сўнгра ерни (гиёҳлар унсин, деб) ёрдик. Сўнгра биз унда донларни ундирдик, узум ва кўкатларни, зайтун ва хурмоларни, қалин дарахтзор боғларни, меваю гиёҳларни ҳам. (Буларни) сизларнинг ва чорва ҳайвонларингизнинг истеъмоли учун (яратдик)” (Абаса сурасининг 24-32-оятлари).
Энди ушбу сурада тилга олинган мевалардан узум, хурмо, зайтунларга тўхталамиз. Қуръони каримда зикр этилган хурмо, узум ва зайтунларнинг фойдали жиҳатлари ҳадисларда бизга тушунтирилган. Шундан сўнг Қуръони каримда оти айтилган асал, сут, седана ва анжир ҳақида сўз юритамиз.
Хурмо
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам севган мевалардан бири хурмо бўлган. Инсон вужудига ошқозон ости безида инсулиннинг бир маромда ажралишини таъминлашга ёрдам беради ва шу тариқа қондаги қанд миқдорининг ошиб ё тушиб кетмаслигига ҳисса қўшади. Шунингдек, юкли аёлларда дард келишини енгиллаштиради. Бу хислат Марям сурасида қуйидагича ифода этилган.
“Бас, тўлғоқ дарди уни бир хурмо дарахти тубига олиб борди ва у деди: «Қани эди, мана шундан (туғишдан) олдин ўлиб, бутунлай унутилиб кетсам”. “Шунда (хурмо дарахтининг) остидан (Жаброил) нидо қилди: «Ғамгин бўлма, Раббинг (оёқ) остингдан бир ариқ оқизиб қўйди”. “(Мана шу қуриб қолган) хурмо шохини силкитгин, токи у (Менинг қудратим билан) сенга янги хурмо меваларини тўксин!”. “Бас, еб-ичгин ва шод бўлгин!..” (Марям сурасининг 23-26-оятлари).
Хурмо таркибидаги фруктозанинг юксак миқдори инсон танасида қувват бағишлайди ва унинг зийраклигини оширади. Ҳомиладор аёлларни дард тутган вақтда ширинлик ва қувват бўлувчи таомлар ейишга ташвиқ этилишининг сабаби ҳам шу. Туғиш вақтида қувватини йўқотиб, заифлашиб қолган аёллар яна кучга тўлиб олиш учун хурмо есалар кўп фойдали бўлар экан. Айниқса, эмизикли даврида сут гормонларининг ҳаракатини фаоллаштириб она сутининг ортишига ҳам фойда беради. Тўқималарга жуда бой бўлгани боис ичакларнинг фаолиятини тартибга солади ва қабзиятга қарши ажойиб дори вазифасини ўтайди. Айни замонда юксак тўқима ҳисобига холестрин кўпайишининг олдини олади. Шунингдек, ичак саратонига йўл очиши мумкин бўлган биокимёвий моддаларнинг камайишига ёрдам беради. Буюк Роббимиз Биби Марямнинг тўлғоғи яқинлашган вақтда унга: «Хурмо е!» деб амр этишининг мўъжизаси ана шунда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиси шарифда: “Агар сизларда хурмо бўлса, у билан оғиз очинглар, агар бўлмаса, сув билан. Чунки бу покланишдир”, деганлар (Имом Абу Довуд ривояти).
Зайтун
«Яна (Биз сизлар учун) Тури Сайно (тоғи)дан чиқадиган ёғ ва егувчилар учун нонхуруш ҳолда ўсадиган бир дарахтни (зайтунни яратдик)» (Муъминун сурасининг 20-ояти).
Умар бин ал-Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: Зайтун ёғини енглар ва унинг билан ёғланинглар, чунки у ёғ муборак дарахтдан пайдо бўлади.
Зайтун ёғи инсон организми учун ниҳоятда фойдали бўлиб, Зайтун ёғини мунтазам истеъмол қилувчи кишилар юрак, қон-томир касалликларига дучор бўлмайди. Чунки у қоннинг қуюқлашиб томирларнинг қотишининг олдини олади. Жигар фаолиятини яхшилайди, сафро йўлларини фаоллаштиради, ошқозон кислотасининг меъёрини сақлайди.
Зайтун рахит ва болдир суякларининг қийшиқ ўсишини даволашда фойда беради. Қуёш нури тушмайдиган захчил хоналарда яшовчиларга фойда беради.
Мутахассислар таъкидлашича, зайтунда инсон организми учун зарур бўлган барча витаминлар ва микроэлементлар мавжуд. Зайтун мевасини ҳар куни истеъмол қилиш юрак-томир тизимидаги стенокардия, инфаркт, саратон (рак), айниқса, аёллардаги кўкрак саратони, қандли диабет, семириш касалликлари хавфини камайтиради. Шунингдек, зайтун ёғи таркибидаги моддалар қондаги зарарли холестерин ва триглицерид миқдорининг ошиб кетишига йўл қўймайди.
Зайтун ёғи инсон танасига тўлиқ сингади. ёғни терига суртилса, уни чиройли қилади, истеъмол қилинса, соч ва тирноқнинг ўсишига ижобий таъсир кўрсатиб, тиш ва милкларни соғ ва мустаҳкам қилади.
Узум
Қуръони Каримда номи энг кўп такрорланган мевалардан бири узумдир. Узум ичаклар фаолиятига яхши таъсир кўрсатади. Ҳазм қилишни яхшилайди ва ич қотишини юмшатади. Бавосил касаллигини даволаш, бўйракдаги тошларни туширишга фойда беради ва қаттиқ оғриқларни камайтиради.
Онамиз Ойша розияллоҳу анҳо ривоят қиладилар: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам узум бошини чап қўлларига олиб ва ўнг қўллари билан дона-дона узиб ер эдилар”. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Майиз қандай ажойиб неъмат: асабларни мустаҳкамлайди, чарчоқни кеткизади, оғизнинг ҳидини муаттар қилади, кўнгилни чоғ қилиб ғамгинликни даф қилади”, деганлар.
Шифокорлар жигар, талоқ, ошқозон ва ичакларга қувват бағишлайдиган узумни тонгда оч қоринга ейишни тавсия этадилар. Шунингдек, узум зеҳннинг очилиши ва хотиранинг яхшилашига ҳам ижобий таъсир қилади. Сўнгги вақтларда узум уруғининг фойдалари хусусида тадқиқот ишлар олиб борилаётир.
Анжир
“Хабарда айтилишича, анжир дарахти Одам ва Ҳаввога беш япроқ берди, улар андомларини ёпиб чиқдилар. Тонг отгандан кейин ўша беш япроқнинг бирини кийик еди, ифор (мушк) бўлди. Бирини сигир еди, анбар бўлди. Бирини ари еди, асал бўлди. Бирини қурт еди, ипак бўлди. Бирини Одам ерга экди, юнг бўлди. Қиёматга қадар фарзандларига кафан бўлди.
Оллоҳ таоло Одамга япроқ берганлиги учун анжир дарахтини жазолади. Маълумки, барча егуликлар уч турли бўлади: бирининг таши ейилур – олма, нок каби, бирининг ичи ейилур – ёнғоқ, бодом сингари, бирининг таши ейилмас ичи ейилур – қовун, тарвуз каби. Аммо анжирнинг таши ҳам ейилур, ичи ҳам ейилур” (“Қисаси Рабғузий”дан).
Анжир ҳақида Қуръони каримда бундай дейилган: “Қасамёд этурман анжир ва зайтун билан, Тури Синин (тоғи) билан, мана шу тинч-осойишта шаҳар (Макка) биланки, ҳақиқатан, Биз инсонни хушбичим ва хушсурат (шаклда) яратдик (Тин сурасининг 1.2.3.4-оятлари).
Анжир пешоб тутилишига ва эски йўталга қарши яхши фойда беради. Бўйрак тошларини ва сийдик пуфагини тозалайди. Бавосил касаллиги ва бошқа оғриқларга қарши фойда беради.
Анжирнинг танада йиғилиб қолган токсинларни тозалаш хусусияти бор. Ичакларнинг иш фаолиятига самарали таъсир қилади ва ич қотишини юмшатади. Жигар ва талоқни тозалайди. Ошқозонда йиғилган балғам аралашмасини йўқотади. Мушакларнинг оғриши ва подагранинг келиб чиқишининг олдини олади.
Қобилжон АСЛОНОВ
Боёвут тумани «Абдухолиқ
Ғиждувоний» жоме масжиди
имом–хатиби.