Лоқайдлик, жамият ҳаётига бефарқликнинг оқибати

Ислом дини таълимотларида лоқайдлик ва бефарқлик мусулмон кишига ёт хусусият эканлиги, жамият ҳаётида фаол бўлиш, халқ дарди билан яшаш, инсонларга манфаат келтириш, эзгу ишларда ҳамкорлик қилиш ва бу йўлдаги ишларга сабр қилишнинг ажр ва савоблари улкан эканлиги таъкидланган.

Қуръони каримнинг Моида сураси 2-оятида: “Эзгулик ва тақво (йўли)да ҳамкорлик қилингиз”, деб буюрилган. Ҳадиси шарифлардан бу борада кўплаб намуналар келтириш мумкин:

“Мусулмонлар бир жасад кабидир, агар унинг бир аъзоси касал бўлса, қолганларини иситма олади”;

“Мусулмон киши ўзи тўқ бўла туриб, қўшнисини оч ҳолда қолдирмайди”;

“Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Бири бошқасига зулм қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди”;

“Одамларнинг энг яхшиси бошқа одамларга фойдаси кўпроғидир”;

“Қиёмат кунининг ташвишидан нажот топиш кимни ҳурсанд қилса, қийналган одамга ёрдам берсин!”;

“Аллоҳ таолога энг севимли амал мўминнинг қалбига шодлик киритишдир: унинг ғамини кетказасан, ёки бирор қарзини адо этасан, ёки қорнини тўйдирасан”.

Дарҳақиқат, мусулмон киши қариндош, қўни-қўшни ва ёру дўстлари ҳолидан доимо хабардор бўлиб туриши керак. Киши ўз атрофидаги юртдошларига зиён-зарар етказмаслигининг ўзи кифоя эмас, балки моддий ва маънавий ёрдамга муҳтож бўлса, кўмаксиз ташлаб қўймаслик ҳам муҳимдир.

Кўпроқ атрофимиздаги муҳтож кимсаларга ёрдам қўлини чўзишимиз, етимларни бошини силаб, кексаларнинг ҳолидан хабар олишнинг фазилати ҳақида Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Етим, тул аёл ва мискинлар ҳожати йўлида ҳаракат қилувчи киши Аллоҳ йўлида жон фидо этувчи, кундузлари рўзадор, кечалари уйқусиз тоатда бўлувчи киши кабидир”, дея таъкидлаганлар.

Агар имконият бўлмаса, имконияти бор кишиларни шу хайрли ишларга йўллаб қўйиш ҳам ўша савобга шерик бўлишга сабаб бўлади. Чунки улар ёрдамга муҳтожлар борлигини, уларнинг шарт-шароитларини  хабар берувчи каби билишмайди. Одамларнинг яхшиси уларга манфаатлироғидир.

Ёрдам бериш фақат моддий ёрдам билан бўлмайди. Тўғри маслаҳат бериш, йўл кўрсатиш ҳам ёрдамнинг бир тури. Одатда баъзи ночор ёки бемор юртдошларимиз қаерга бориш ва қандай мурожаат қилишни билмаслиги, ўз ҳуқуқ ва бурчларини тўлиқ тушунмасликлари натижасида ноқулай ҳолатларга тушиб қолишади.

Кўпни кўрган, ҳаёт тажрибасига эга улуғларимиз ёшларга тўғри насиҳат ва маслаҳатларини аямаслиги жуда долзарб. Ўз ор-номуси, ҳаёси, виждони, эътиқоди, ҳалоллигини унутиб, нафс кетидан қувишни бошлаётган атрофдагиларни жиноят кўчасига кириб, қонун олдида жавоб беришини, ғишт қолипдан кўчишини кутиб туриш керак эмас. Уларни тўғри йўлга тортиш, самимий насиҳат қилиш қилиш ҳам жамият ҳаётида фаол ва халқ дарди билан яшовчи мусулмоннинг хусусиятидир. Чунки Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Биродарингизга золим бўлса ҳам, мазлум бўлса ҳам, ёрдам беринг”, дедилар. Саҳобалар: Мазлумга қандай ёрдам бериш кераклигини биламиз. Аммо, золимга қандай ёрдам берамиз, дейишди. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Зулм қилишдан тўсасиз ва ана шу унга берган ёрдамингиз бўлади”, – дедилар.

Донишмандлар айтганидек, душманлардан қўрқма – нари борса, улар сени ўлдириши мумкин. Дўстлардан қўрқма – нари борса, улар сенга хиёнат қилиши мумкин. Бефарқ одамдан қўрқ – улар сени ўлдирмайди ҳам, сотмайди ҳам, фақат уларнинг жим ва бепарво қараб туриши туфайли ер юзида хиёнат ва қотилликлар содир бўлаверади.

Демак, мусулмон киши жамият ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ ва бетараф қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшамайди. Юрт ҳаммамизники, йўлимиз битта, кемамиз битта. Уни асраш ва обод қилиш ҳаммамизнинг бурчимиз. Ўз имкониятимиздан келиб чиққан ҳолда ҳиссамизни қўшсак, юрт обод бўлади, унинг улкан ажру савоблари билан эса охиратимиз обод бўлади.

Дилмурод Сулаймонов
Гулистон тумани бош имом-хатиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan