Ҳаром луқма

Аллоҳ таоло бандаларга бу дунёни имтиҳон майдони қилиб, ҳалол ва ҳаром нарсаларни яратиб қўйди. Парвардигорнинг раҳмати кенг бўлганлиги учун ҳаром нарсаларни жуда оз яратди. Шунинг учун Ўзининг китобида уларни ҳаммасини зикр қилиб, уларга яқинлашмасликни ҳам огоҳлантириб қўйди. Ҳаром нарсаларнинг бадалига инсон учун ўнлаб ҳалол нарсаларни таклиф қилди. Шунинг учун бизлар, берилган ақл неъматини ишлатиб, бу дунёдаги ҳалол билан ҳаром ризқнинг фарқига бориб, покиза нарсадан тановвул қилишимиз лозим. Аллоҳ таоло Ўзининг китобининг “Бақара” сураси 172-оятида марҳамат қилиб айтади: “Эй, иймон келтирганлар! Сизларга ризқ қилиб берганимиз пок нарсалардан енглар ва Аллоҳга шукр қилинглар, агар Унга ибодат қиладиган бўлсаларингиз.”
Дарҳақиқат, ҳар бир банда мўмин ҳаётгузаронлик қилиши учун Аллоҳ таоло яратган ҳалол нарсаларни яхшилаб билиши, касбидаги, ишидаги муомалаларда, олди-бердиларда, қайси ҳолатлари ҳалолу қайсиниси ҳаром эканлигини ўрганиб билиши фарз.
Порахўрлик дунёнинг деярли ҳар бурчагида илдиз отган разил бир иллатдир. Амалдорларнинг ўз вазифаларини суистеъмол қилиб, шахсий манфаатларини биринчи ўринга қўйган ҳолда давлат мол-мулкидан фойдаланиши жамиятнинг турли хил жабҳаларда ўсиш ва ривожланишда тўхтаб қолиши, оддий халқнинг ислоҳотларга бўлган ишончи йўқолишига олиб келади.
Савбон розияллоҳу анҳу айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пора берувчи, пора олувчи ва уларнинг ўртасидаги воситачини лаънатладилар».
Мана азизлар, пора борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам уч тоифани лаънатладилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «Аллоҳнинг лаънати бўлсин!», дейишлари нимани англатади? Бу ўша лаънатланган инсоннинг охирати куйди, дегани. Қиёмат кунида ҳам, бу дунёда ҳам уни бу мушкул аҳволдан қутқарувчиси йўқ дегани.
Алиййул Ҳаввос розияллоҳу анҳу дейдилар: “Ҳаром еб ибодат қилган кимса, айниган тухумни босиб ётган кабутарга ўхшайди. Айниган тухум босган кабутар ўзини қийнасада, аммо бирорта полопон чиқара олмайди.
Ҳаром ейишнинг зарарларидан бири: ҳаром оловга айланади, фикрлаш қобилиятини, зикр лаззатини кеткизади, ихлосни куйдиради, қалб кўзини кўр қилади, ҳикмат ва маърифатуллоҳ ҳаловатидан тўсиб қўяди, ғафлат ва унутиш балосига гирифтор қилади, банданинг гуноҳ қилишига асосий сабаб ҳам ҳаром ёйишидадир, иймонни заифлаштириб бораверади-да, охир оқибат иймондан айиради”.
Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу ҳар доим хизматчи келтирган сутни қаердан олганини сўраб, кейин тановвул қилардилар. Бир куни азбарои очликлариданми ёки бошқа бир сабаб биланми сўрамасдан ея бошладилар. Шунда ҳалиги сутчи: “Эй Абу Бакр, сиз доимо мендан келтирган сутни қаердан олганимни сўрардингиз. Бу сафар сўрамадингиз – деди-да, мақтаниш мақсадида гапида давом этиб: “Жоҳилият даврида бир одамга фолбинлик қилгандим. Аслида мен фолбин эмасдим, фақат уни алдагандим. Бугун ўша одамни учратиб қолдим, ҳақимни берди. Ўшанинг пулига шу сутни келтирдим, – деди.
Бу сўзларни эшитган ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу қулоқларигача қизиб кетдилар. Бармоқларини томоқларига тиқиб, ошқозондаги бор нарсани бўғилиб-бўғилиб чиқардилар. Меъдаларида ортиқ ҳеч нарса қолмаганига қаноат ҳосил қилгач қўлларини чиқардилар.
Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу “Аллоҳим, томирларимга синган ички аъзоларимга тарқалган қисмини чиқаришга кучим етмайди, мени маъзур тут ва кечир” дея дуо қилдилар. Чеккан азобидан пешоналарини тер қоплаган эди. Хизматчи ҳайратланиб: “Аллоҳ таоло сенга раҳматини ёғдирсин, буларнинг бари шу ичган бир неча қултум сут ва бир-икки луқма нон учунмиди” –деди.
Абу Бакр розияллоҳу анҳу янада қатъийлик билан жавоб берди: “Агарда қорнимдаги бировнинг ҳақи жоним билан бирга чиқишини билсам ҳам, ҳеч иккиланмасдан чиқарардим. Чунки мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай сўзларини эшитган эдим: “Ҳаром аралашган вужуднинг жойи жаҳаннамдир”. Мен вужудимни ҳаромдан қувватланишини ва ҳаромдан тарбияланишини ҳоҳламайман” дедилар.

Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор ҳожи”
жоме масжиди имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan