Сирдарё вилояти Халқ таълими бошқармаси томонидан барча мактабларда ҳафтанинг ҳар жума куни 1-соатда тарбиявий соатлар ташкил этилган. Мазкур тарбиявий соатларга ўқувчиларнинг фаол дунёқараши ва маънавий-ахлоқий кўникмаларини кучайтириш мақсадида турли соҳанинг малакали мутахасислари жалб қилинган. Улар ўз тажрибалари, ҳаёт йўллари, эришган натижаларини ўқувчилар билан баҳам кўриб, ёшларимизнинг ҳаётда ўз ўринларини топишларида ёрдам бериши кўзда тутилган. Мазкур тарбиявий соат доирасида 16 февраль куни Сирдарё вилояти бош имом-хатиби Мўминжон Усмонов иштирокида Гулистон шаҳридаги 3-умумтаълим мактабининг 9-10 синф ўқувчилари билан давра суҳбати бўлиб ўтди.
Суҳбат давомида Мўминжон домла ўқувчи ёшларга илм-ҳунар фазилатлари, ота-онага эҳтиром ва юртимизда ёшларга яратилган шароитлар ҳақида сўзлади. Салом беришнинг аҳамияти ва унинг маъно-мазмуни, моҳиятига ҳамда ёлғон гапиришнинг зарарли оқибатлари ҳақида тушунча берди. Шунингдек, ўқув бинолари ва ундаги барча жиҳозларни асраб-авайлаш кераклиги, устозлар эҳтиром тўғрисида насиҳатлар берди.