Ривоят қилинишича, Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ даҳрийларга қарши кескир қилич эдилар. Даҳрийлар у зотни ўлдириш учун фурсат кутардилар. Бир куни Абу Ҳанифа масжидда ўтирганларида у зотга яланғочланган қиличлар билан ҳужум қиладилар. Буюк Имом: “Менга бир масала борасида жавоб берингларда, ҳоҳлаган ишингизни қилаверинг”, дедилар.
Даҳрийлар: “Айтчи” – дейишди.
У зот: “Сизларга денгиз гирдобида қолган, атрофини мавж урган тўлқинлар-у, турли хил шамоллар ўраб олган, уни бошқариб турадиган денгизчилари бўлмаган кемани тўғри ҳолда сузиб кетаётганини кўрдим, деб айтган киши ҳақида нима дейсизлар? Шуни ақлга тўғри келади, деб ўйлайсизларми?”
Даҳрийлар: “Йўғ-е! Буни ақл қабул қилмайди”, дедилар.
Абу Ҳанифа: “Ё субҳаналлоҳ! Денгизчилари бўлмаган кеманинг тўғри ҳолда сузиши ақлга тўғри келмайди-ю, ҳолатлари турли-туман бўлган еру-осмон Яратувчисиз қоим бўлиши мумкинми?!” дедилар. Даҳрийларнинг барчаси йиғлади ва буюк Имомнинг қўлларида исломни қабул қилишди.
Умар ибн Исҳоқ Ғазнавийнинг “Шарҳу ақийдатит-Таҳовий” китобидан эркин таржима.
Мурод Музаффар ўғли
Кўкалдош мадрасасининг 4-курс талабаси