Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассаламга дарахтларнинг бўйсуниши

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Биз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга йўлда юриб борар эдик. Бир кенг водийга келиб тўхтадик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қазои ҳожат қилиш учун юрдилар ва ўзларини тўсадиган бирор бир нарса топа олмадилар. Қарасалар, водийнинг четида иккита дарахт бор экан. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу дарахтлардан бирининг олдига бордилар ва унинг шохларидан бирини ушлаб, “Аллоҳнинг изни ила менга эргаш” (яъни, мени тўсиш учун), дедилар. Сўнгра ўша дарахт ўз етакловчисига итоат қиладиган, бурнидан таёқ ўтказилган туя каби бўйсунди. Кейин бошқа дарахтнинг олдига келдилар ва унинг ҳам шохларидан бирини ушлаб: “Аллоҳнинг изни ила менга эргаш”, дедилар. Бу дарахт ҳам худди олдингиси каби бўйсунди. Кейин эса икки дарахтнинг ўртасига келиб: “Аллоҳнинг изни ила мен учун жипслашинг”, дедилар ва икки дарахт жипслашди. Мен эса ўзимга сўзлаган ҳолда бир лаҳза ҳайратда қолдим. Кейин қарасам, қаршимда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турибдилар. Дарахтлар эса бир-биридан ажралиб, ҳар бири ўз жойида турган экан” (Муслим ривояти).

Бу муборак ҳадиси шариф Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мўъжизаларига далолат қилиш билан биргаликда у зотнинг юксак даражада ҳаё соҳиби эканликларини кўрсатиб турибди. Зеро, Сарвари коинот алайҳиссалоту вассалом ҳеч кимсаси йўқ кенг бир водийда, Жобир розияллоҳу анҳуга менга қарамай ўгирилиб тур, мен қазои ҳожат қилиб олай, десалар ҳам бўлар эди. Аммо у зот алайҳиссаломнинг ўта юксак даражадаги ҳаёлари бундай қилишларига йўл қўймади. Биз умматлар ҳам ўз пайғамбаримиздан ўрнак олишимиз ва у зотнинг ҳаёлари билан ҳаёланишимиз лозимдир.  Аллоҳ таоло барчамизга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга муносиб уммат бўлишни насиб этсин!

Мурод Музаффар ўғли
Кўкалдош ўрта махсус ислом билим юрти 4-курс талабаси

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan