Ислом ҳидоятида тарбия кўрган ва унинг пок булоқларидан баҳра олиб улғайган мусулмон киши ўзи яшаб турган жамиятдаги барча инсонларга наф келтиришга, улардан зарарни даф қилишга ҳаракат қилади. Чунки, у ҳақиқат, яхшилик, фазилат каби одоб-ахлоқ меъёрлари асосида тарбия олган. Инсонларга яхшилик қилиш икки дунё саодатига олиб келиши аниқ.
Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳис-салом) марҳамат қилиб айтганлар: “Қуёш балқиган ҳар бир кунда икки киши ўртасини адолат билан ислоҳ этишинг – эҳсон. Бир кишини уловига минишида ёрдам беришинг ва юкини уловига кўтариб юклаб беришинг эҳсондир. Бир кишига табассум билан яхши сўз айтишинг – эҳсон. Намоз сари босган ҳар бир қадаминг баробарида сен учун эҳсон бор, одамларга азият берадиган нарсани йўлдан бартараф этишинг ҳам сенга эҳсондир”.
Инсоннинг барча амаллари, модомики ниятида Аллоҳ таоло розилигини топиш бўлса, шубҳасиз ибодат даражасига кўтарилади. Шунинг учун мусулмон кишисига яхшилик эшиклари доимо очиқ, у Аллоҳнинг кенг раҳмати, беқиёс савоблари ва раҳмати соясида бу эшиклардан хоҳлаган вақтида кираверади.
Ҳар бир киши дунё ободлигини охират ободлиги билан ўзвий боғлаши, она юртнинг ҳар бир гўшаси фаровон бўлиши йўлида чин ихлос билан меҳнат қилиши лозим. Бу ҳам яхшилик қилиш фазилатларидандир. Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб айтади:
“Дунёдан бўлган насибангни ҳам унутмагин. Аллоҳ сенга эҳсон қилгани каби сен ҳам (одамларга) эҳсон қил! Ерда бузғунчилик қилишни истама! Чунки Аллоҳ бузғунчиларни суймас”(Қасос сураси 77-оят).
Яхшилик қилиш билан ўзаро меҳр-оқибат ва муҳаббатни зиёда қилибгина қолмай, балки Яратганнинг раҳматига ҳам сазовор қилади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Яхшилик қилинглар, албатта Аллоҳ таоло яхшилик қилувчиларни севади”, деб марҳамат қилган.
Қуръони каримнинг Моида сураси 2-оятида эса: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг. Аллоҳга тақво қилинг. Албатта, Аллоҳ иқоби шиддатли зотдир” – деб таъкидланган.
Луқмони Ҳаким ўз ўғлига қилган насиҳатида қуйидагиларни айтган экан: “Ёмонликни ёмонлик қайтаради дегувчилар ёлғончидирлар! Агар ростгўй бўлсалар, икки жойга олов ёқиб, бири билан иккинчисини ўчирсинларчи. Ҳақиқатда эса, ўтни сув ўчиргани каби ёмонликни ҳам яхшилик қайтаради”.
Инсон доимо яхшилик қилиши, атрофдагиларга кўмаклашиб, оғирини енгил қилиши, ўзига ҳам ўзгаларга эзгуликни хоҳлаб яшаши лозим. Агар яхшилик қилиш қўлимиздан келмаса, бошқаларга ёмонлик қилишдан ўзимизни сақлаш ҳам бир яхшиликдир. Яхши иш ва чиройли муомала инсонлар орасида бир-бирларига нисбатан самимий ҳурмат ва эҳтиром, қалбларда меҳр-муҳаббат уйғонишига сабаб бўлади.
Асланбаев Хуршид
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор хожи” жоме масжиди имом хатиби