Ислом динида мусулмон оилаларда ўғилдан кўра қиз туғилганда кўпроқ хурсанд бўлиш жорий қилинган. Шунингдек, қизлари ва сингилларига таълим ва одоб берган киши жаннатга кириши башорат берилган. Қизларни тарбия қилганларга, ўғил болаларни тарбия қилганларга нисбатан кўпроқ ажр бор. Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ (алайҳис-салом): “Кимнинг учта қизи ёки синглиси бўлсаю, у уларнинг хархашаларига, оғирликларию қийинликларга сабр қилса, Аллоҳ уни уларга кўрсатган раҳмати туфайли жаннатга киритур”, дедилар. Бир киши: – Иккита бўлса-чи? Эй Аллоҳнинг Расули? – деб сўради. – Иккита бўлса ҳам, дедилар. Бир киши: – Битта бўлса-чи? Эй Аллоҳнинг Расули? -деб сўради. – Битта бўлса ҳам, дедилар”.
Қизларнинг тарбияси отанинг зиммасидаги фарздир. Қиз турмушга чиққандан кейин ота бу фарздан озод бўлади. Эндиликда бу масъулият эрнинг зиммасига тушади. Отаси ва эри йўқ аёлга ака-укаси ғамхўрлик қилиши вожиб бўлади. Исломда аёл киши нафақасиз қолиши рухсат берилмаган. Муқаддас динимизда қизнинг нафақаси отага, хотинники эрга, сингилники ака-укага, онаники ўғилга вожиб бўлади.
Аёл кишига илм ўрганиши эр кишилар билан баробар фарз қилинди, таълим олиши ва маданий савиясини ошириш ҳақини берди. Аёл киши таълим олишдан ташқари илм бериш ва бошқа илмий ишлар билан шуғулланиш ҳаққига эгадир. Олима аёллар вакиласи Оиша онамиз ҳадис ривоят қилишда иккинчи ўринда бўлиб, катта саҳобалар билмаган ва ҳал қила олмаган масалаларни ўргатганлар. Муслима аёлнинг тўғри фикрини ва ҳақ овозини Умари одил (разияллоҳу анҳу), Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ таолонинг Ўзи ҳам эшитган ва қабул қилган.
Хазрати Умар ўз даврида маҳр миқдори ортгани ва бу масалани кўпчилик ичида маҳрни чеклаш мақсадида хутба қилиб: “Огоҳ бўлинглар, аёлларнинг маҳрида ҳаддан ошманглар…”, деганда. Бир аёл ўрнидан туриб: “Эй Умар! Аллоҳ таоло: “Ва у(аёл)лардан бирига қинтор-чексиз маҳр берсангиз ҳам, дейди-ю, сен бизга буни чегаралайсанми?!” – деди. Хутбаси бу тарзда кесилган Умар (р.а.): “Аёл тўғри айтди, Умар хато қилди”, деб хутбасини тугатди. Ўша жасур аёлни деб ҳозиргача биров маҳрини чегаралашга журъат қилагани йўқ. Аёл киши муътабар бўлган жамиятда шундоқ иш бўлиши мумкин.
Ҳудайбия сулҳи шартларидан бири Каъбани зиёрат қилмасдан қайтиш эди. Шунда Пайғамбаримиз (с.а.в.) ўзлари билан келган 1400 саҳобага Каъбани зиёрат қилмасдан қайтиб кетишларини эълон қилиб, туринглар шу ерда қурбонликларингизни сўйиб, сочларингизни олдиринглар, дедилар. Саҳобалар норози бўлиб, бирорталари ҳам қимир этмади. Бундан у зот наҳоятда хафа бўлиб чодирга Умму Салама онамизнинг ёнларига кирдилар. Шунда Онамиз ҳар қандай доно киши ҳам бера олмайдиган маслаҳатни бердилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) Умму Салама (р.а.) айтганларидек қилдилар. Чодирдан чиқиб бирортасига гапирмай қурбонлик туяларни сўйиб, сочларини олдирдилар. Буни кўрган саҳобалар шошилиб у зот қилгандек қилдилар. Муслима аёлнинг тадбири ила ислом уммати ҳалокатдан қутулиб қолди.
Аёлнинг нидосини Аллоҳ таоло эшитганини эслайлик. Хавла бинти Саълаба исмли аёл осмонга қараб: “Эй бор Худоё! Ўзингга ёлвораман. Эй бор Худоё! Паёғамбарнинг тилига менинг мушкулимни осон қилувчи нарсани тушир”, деб нидо қилди. Шунда Аллоҳ таоло Пайғамбарга ваҳий орқали оят туширди: “Албатта, Аллоҳ сен билан ўз эри ҳақида тортишаётган ва Аллоҳга шикоят қилаётган аёлнинг сўзини эшитди. Ва хоҳлангки, Аллоҳ икковингизнинг гаплашувларингизни эшитмоқда. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир” (Мужодала сураси, 1-оят).
Оддий бир аёлниинг нидоси Аллоҳ таолога етиб бориши, унинг талабига мос Қуръон оятлари тушиши аёл зотининг ҳурмати эмасми?! Қайси динда шунга ўхшаш нарса бор. Умар ибн Хаттоб (р.а.) бир неча кишилар билан кетаётганларида, бир аёл у зотни тўхтатиб: “Эй Умар, яқиндагина Умарча, улғайганингда эй Умар, энди эса амирал мўминин, деб аталмоқдасан, деб узоқ насиҳат қилибди”. Умардек зот қулоқ солиб турганлар. Шунда у киши билан бўлганлар, эй мўминларнинг амири, бир кампирга шунчалаб турасизми, деганда, ҳазрат Умар: “Аллоҳга қасамки, у кун буйи мени ушлаб турса, фарз вақтидан бошқа туравераман. Бу кампирни танисизларми ўзи? Хавла бинти Саълаба бўлади. Аллоҳ таоло етти осмоннинг устида Арши Аълода туриб унинг сўзини эшитади-ю, Умар эшитмайдими?”, деганлар. Аёл кишига Умардек зотни кўчада тўхтатиб хоҳлаганича насиҳат қилиш ҳуқуқини, фикрини қабул қилиб, истагини қиёматгача шариат қилиб берган фақат ислом динидадир.
Ислом динида биринчи бўлиб аёл худди эркакдек тенг ҳуқуқли инсонлиги эълон қилинди. Бу Қуръони каримнинг бир қанча оятларида баён қилинган: “Эй одамлар, сизларни бир жондан яратган ва ундан унинг жуфтини яратиб, икковларидан кўплаб эркагу аёллар таратган Роббингизга тақво қилинг” (Нисо сураси, 1-оят). Демак, эркак билан аёл тенг, эркакнинг устунлиги йўқ. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Албатта, аёллар эркакларнинг туғишганларидир”, деганлар. Ҳаттоки Пайғамбаримиз (с.а.в.) ота-оналарга хитоб қилиб: “Совға беришда болаларингиз орасида тенгликка риоя қилинг, агар бировни афзал қўйгувчи бўлганимда, албатта, аёлларни афзал қўяр эдим”, деганлар. Уламолар бозордан мева ва ширинлик олиб келган киши олдига болалари югуриб келганда, олдин қиз болаларга нарса беришни тавсия қилганлар. Исломдан олдин аёл киши мерос ҳуқуқидан маҳрум қилинган эди. Ислом бу ботил ҳукмларни бекор қилиб, аёллар ҳам меросдан насибаси борлигини эълон қилди. “Ота-оналар ва қариндошлар қолдирган нарсада аёлларнинг насибаси бор. У оз бўлсин, кўп бўлсин – фарз қилинган насибадир” (Нисо сураси, 7-оят).
Исломда аёл кишининг ишлаши ман қилинмаган. Оиласи ва жамияти манфаати учун ишлаши улуғ ишдир. Ёш болаларга тарбия ва таълим бериш ҳамда хотин-қизларга тиббий хизматлар кўрсатиш аёлларнинг иши ҳисобланади. Ҳанафий уламолардан Камолуддин ибн ал-Ҳумам: “Агар аёлнинг хотинларга хос фарзи кифоя ишда ҳунари бўлса, унинг эри ишга чиқишидан ман қила олмайди”, деган. Бундан ташқари аёл эри оиласининг ишида ёрдам бериб ишлаши жоиз. Ўзи хоҳласа ишлайди, ҳеч ким уни мажбур қила олмайди. Нодир қобилиятли аёллар жамиятга фойдаси бўлса, ишлашлари тавсия қилинади. Аёллик латофатига ва оналик қобилиятига зарар етказадиган ишларда аёлларни ишлатиш ҳеч кимнинг ҳақи йўқ.
Аллоҳ таоло аёлларимизни соғ-саломат, юксак маънавиятли, хул-одоби гўзал, ибо-ҳаёли бўлишини насиб айласин.
Аминжон Исмоилов
Сирдарё туман бош имоми ва
“Янги ҳаёт” жоме масжиди имом-хатиби