Устозларга эҳтиром

Муқаддас динимиз таълимотининг асосий мазмун-моҳиятини илм-маърифатга  ундаш   ташкил  этади. Бутун инсониятни зулмат ва жаҳолатдан фақат илму маърифатгина халос этиши такрор-такрор таъкидланган ва илм олишга буюрилган. Қурони карим сўзи “ўқиш” маъносини англатиши ҳамда ундан илк нозил бўлган суранинг илк сўзи ҳам “ўқи” деган хитоб билан боў\шлангани бунинг яққол исботидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад (алайҳис-салом): «Илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёлга фарз«, деганлар. Бошқа бир ҳадисда: «Илмни, гарчи Чин (Хитой)да бўлса ҳам, талаб қилинглар«, дейилади.

Илмнинг фазилатлари жуда кўп, уларни санаш учун бир китоб камлик қилади. Ушбу фазилатлардан бири илмнинг ибодатларнинг афзали эканлигидир. Аслида илм олиш фарз ибодатлар қаторидаги энг катта ибодат ҳисобланади ва у нафл ибодатлардан афзалдир. Чунки илм, биринчидан, амалдан олдин туради ва амал қилишга йўл кўрсатади, амал илмсиз бўлмайди, аммо илм амалсиз ҳам бўлади. Иккинчидан, амал фақат ўз эгасига фойда берса, илмнинг фойдасидан бошқалар ҳам баҳраманд бўлади. Учинчидан, ибодатнинг фойдаси унинг якуни билан тўхтайди, илм эса узоқ муддатгача фойда бериб туради. Тўртинчидан, илм яхшини ёмондан, ҳалолни ҳаромдан, савобни гуноҳдан ва ҳақиқатни ёлғондан ажратиб беради.

Илм бебаҳо бойлик, уни эгаллаш осон иш эмас. Уламолар илм олишни игна билан қудуқ қазишга ўхшатишган. Инсон шундай бебаҳо хазинанинг соҳиби бўлишида устознинг ўрни беқиёс.

Пайғамбаримиз (с.а.в.) бир ҳадиси шарифда ўзидаги билим ва ҳунарни бошқаларга ўргатувчи инсонлар ҳақида: «Албатта, Аллоҳ таоло унинг фаришталари, самовот аҳли, ҳаттоки, кавакдаги чумоли, денгиздаги балиққача барчалари инсонларга яхшилик ўргатувчи киши ҳақига саловат-дуо айтиб турадилар«, деб марҳамат қилганлар.

Халқимизда “Устоз отангдек улуғ” – деган ҳикмат бежиз айтилмайди.  Ўтган улуғларимиз, ота-боболаримиз устоз ва муаллимларнинг ҳаққини яхши билганлар, уларнинг қадри нечоғли баланд эканини теран англаганлар ва шунга кўра муомала қилганлар.  Имоми аъзам Абу Ҳанифа (раҳматуллоҳи алайҳ) шундай деганлари ривоят қилинади: «Устозим Ҳаммоднинг ҳурмати учун унинг уйи томонга оёғимни узатмаганман. Ҳолбуки, унинг уйи билан менинг уйим орасида еттита кўча бор эди. Ҳаммод вафот этгандан сўнг қачон намоз ўқисам ҳар сафар албатта ота-онамга қўшиб, унга ҳам Аллоҳдан мағфират сўраганман. Нафақат у устозим, балки кимдан нимадир ўрганган бўлсам ёки кимдир менга нимадир ўргатган бўлса, албатта, ўша кишилар учун ҳам доим Аллоҳдан мағфират сўрайман». 

Устозлар ҳақида гап борганда ҳазрат Алишер Навоийнинг бу байтларидан ошириб бир сўз айтмоқ мушкулдир:

 Ҳақ йўлида ким сенга бир ҳарф ўқутмиш ранж ила,

Айламак бўлмас адо онинг ҳақин юз ганж ила.

Шундай экан ўқувчи ёшлар, талабалар ва барчамиз устозларни қадрлаб, доимо уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишимиз лозим. Қуйида ўқувчи ва талабаларнинг устозга нисбатан одобларини келтирамиз:

– Устозга нисбатан камтар ва ҳокисор бўлиш. Агар устоз талабадан кичик ёшда бўлса ҳам унга алоҳида эҳтиром кўрсатилади.

– Устозни эҳтиром ва иззат икром қилиш, қадрини билиш.

– Устоз келганда ўрнидан туриб ҳурмат ила кутиб олиш.

– Устознинг дарсида одобли бўлиш, жим ўтириб тинглаш ва зарурат туғилганда одоб билан савол бериш.

– Дарсдан чиқиб кетмаслик. Ўта зарур ҳолатлардагина, шунда ҳам устоздан изн сўраб чиқилади.

Илм олишнинг турли босқичларида илм олувчи ўзининг ёши ёки таълим босқичи қай даражада бўлишидан қатъи назар, толиби илм эканини зинҳор ёддан чиқармаслиги ва қуйидаги одобларга мунтазам риоя этиши керак бўлади:

– Дарс бошланишидан бир оз муддат олдин дарсхонада ҳозир бўлиш.

– Шерикларига ва устозларга очиқ юз билан салом бериш.

– Умумий низомга амал қилиш, ташқи кўринишни ва ўзини тутишни гўзал қилиш.

– Кундалик машғулотлар учун керакли китоб, дафтар, қалам каби нарсаларни камчиликсиз ҳозир қилиш.

– Дарсда диққат билан иштирок этиш. Бунда бошқа нарсаларга чалғимай, бутун вужуди билан дарсни қабул қилиб олишга уриниши лозим.

– Дарсда дафтар-қаламларни ўйнамаслик, бошқалар билан гаплашмаслик, атрофга алангламаслик.

– Керакли маълумотлар ва топшириқларни унутиб қўймаслик учун махсус дафтарга ёзиб олиш.

– Дарслар орасидаги танаффус пайтларидан унумли фойдаланиш ва ўзини одоб доирасида тутиш.

– Танаффус пайтида қўл ювиш ва шунга ўхшаш инсоний ҳожатларни ўз вақтида бажариб олиш.

– Агар овқатланиш керак бўлса, унинг одобларига риоя қилган ҳолда махсус жойда амалга ошириш.

– Бировнинг нарсасини фақат унинг рухсати билан олиш. Ўша нарсани қайтариб берганда эса ташаккур айтиши керак.

– Ўзгаларни масхара қилмаслик, лақаб тўқимаслик ва озор берадиган ҳазилларни қилмаслик.

– Гўзал ахлоқли, дарсларни яхши ўзлаштирадиган, заковатли ва одобли талабалар билан дўст бўлиш.

– Дарсларни ўз вақтида тайёрлаш.

– Ўқув йилининг аввалидан имтиҳонларга пухта тайёрланиб бориш. Бунинг учун дарсларни қунт билан, қолдирмасдан тайёрлаб бориш лозим.

– Имтиҳонларда алдамчилик, бировдан кўчириш, махфий ёрдам олиш ва бошқа тартиббузарликларга йўл қўймаслик.

– Уйга келганда ҳар бир дарсдан берилган вазифани ўз вақтида пухта тайёрлаб қўйиш, ортга сурмаслик керак.

– Кундалик дарс жадвалининг риоясини қилиб, келаси кунги дарсларни эътибор билан қайтариш, унга керакли китоб ва дафтарларни тайёрлаб қўйиш.

– Дарс учун керак бўлган китоб, дафтар ва бошқа анжомларни ораста тутиш.

– Барча дарсларда пешқадам бўлишга тиришиш, аълочи бўлишга, вақтни зое қилмасликка ҳаракат қилиш.

– Доимо Аллоҳ таолодан манфаатли илм беришини сўраб дуода бўлиб туриш.

         Юқорида баён этилган одобларга риоя қилган шогирд ҳақиқий маънода устозларини ҳурмат қилган бўлади ва олаётган илму ҳунари самарали бўлиб, вужудига сингади ва келажакда манфаатли бўлади.

Барча азиз устозлар ва муҳтарам мураббийларимизни қутлуғ айём – Ўқитувчи ва мураббийлар куни билан самимий муборакбод этамиз! Уларга бахт-саодат, хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик тилаб қоламиз. Доимо фарзанд ва шогирдлар бахти ва камолини кўришни насиб қилсин!

Усмонов Мўминжон

Сирдарё вилояти бош имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan