Гиёҳвандлик – аср вабоси

Инсоният ҳаётига хавф солаётган, иллатлардан бири бу гиёҳвандликдир. Гиёҳвандлик Аллоҳ таоло инсонга санаб одоғига етолмайдиган неъматларининг заволига сабабчидир. Ислом шариатида ўзига ҳам, ўзгага ҳам зарар етказиш қаттиқ қораланади.  Гиёҳвандликка учраганлар эса ҳар икки ҳолатдаги зарарда ҳам айбдордирлар. Аллоҳ таоло инсонга бежизга ақл-идрок ва фаҳм-фаросатни ато этмаган. У ақли ёрдамида нима зарар нима фойдали эканини аниқлаши, зарардан узоқда бўлиши талаб этилади. Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда Пайғамбар (алайҳиссалом) марҳамат қилганлар: “Маст ва ақлни карахт қилувчи ҳар бир нарсанинг ҳаром” экани ҳақида огоҳлантирганлар. Карахт қилувчи нарсаларга эса наша, тарёк, кўкнор каби гиёҳванд моддалар ҳам киради. Демак, бундай нарсалар шариатимизда ҳаром қилинган ёшларимиз, фуқароларимиз бундай ҳаром нарсаларнинг яқинига ҳам келмасликлари лозим. Чунки бундай ҳаром нарсаларни истеъмол қилиш ўз жонига қасд қилиш, ўзини ўзи ҳалокатга отиш билан баробар. Қуръони каримда Аллоҳ таоло бундай огоҳлантиради: “…ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..”. (Бақара сураси 195-оят )

Шундай экан, бирор инсон ўзига ҳам, атрофидагиларга ҳам жабр қилиш, зарар етказиши мумкин эмас. Кишининг маст қилувчи ичимлик, гиёҳ моддалар истеъмол қилиб, ўз жонига қасд қилиши катта гуноҳдир. Ибн Сирийн (раҳматуллоҳи алайҳ) “Ўзини ҳалокатга отиш Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидсизлик белгисидир”, деганлар. Инсон учун энг бебаҳо бойлик саломатлик бўлиб, уни асраш эса ҳар биримизнинг қўлимизда. Бироқ буни гиёҳвандлик балосига гирифтор бўлганлар англашганида эса анча кеч бўлади. Зеро, гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига хавф солиш билан бирга, мамлакат тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади.

Исломда гиёҳвандликнинг зарар ва офати ҳақида уламолар кўплаб фикрлар билдиришган, чунончи Имом Саноний шундай дейди: “Гиёҳвандлик нима нарсадан бўлишидан қатъи  назар маст қилдими ёки афюн каби нарса бўлиб истеъмол қилинишида кайф бердими – у мутлоқ ҳаромдир”.

 “Ҳар бир маст қилувчи нарса хамрдир, ҳар бир хамр эса ҳаромдир”, дейилади ҳадиси шарифда. Бошқа бир ҳадисда: “Пайғамбар (с.а.в.) ҳар қандай маст қилувчи, баданни бўшаштирувчи ва сусайтирувчи нарсаларни истеъмол қилишдан қайтардилар”, дейилган.

Мазкур ҳадиси шариф ҳар қандай турдаги гиёҳвандлик ҳаром эканига далолат қилади. Шу сабаб ҳам уни истеъмол қилиш шаръан ман қилинган. Инсон сиҳат-саломатлиги ва ақлига зарар қиладиган гиёҳвандликнинг ҳар қандай кўриниши шаръан ҳаром қилинган.

Аллома ибн Ҳажар ал-Маккийнинг “Фатовои Кабир”ида айтилишича, “Гиёҳвандлик моддаларини истеъмол қилишда бир қанча диний ва дунёвий зарарлар мавжуд: у инсон тафаккурини заифлаштиради, тананинг турли касалликларга чидамлилигини йўқотади, хотирани сусайтиради, бош, юрак, сил, истисқо хасталикларини юзага келтиради, Яратганни неъматларига шукур қилмайди, шарму ҳаёни кетказади, инсоний муносабатлар ва мурувватга зарар етказади”.

Гиёҳвандликка мубтало бўлган киши атроф-муҳитда бўлаётган воқеаларга бепарво бўлиб қолади. Унинг гирдобига тушган бемор нафақат ўз яқинлари, хатто оиласига ва фарзандларининг ризқига ҳам хиёнат қилади. Шунингдек, юртини ҳам танимайдиган манқуртга айланади. Мана шунинг ўзиёқ гиёҳвандликнинг нақадар тубанликка олиб боришини англатади. Гиёҳвандлик инсонга ҳар томонлама улкан зарар беради. Буни дунё тиббиёт мутахассислари бир овоздан тасдиқлашмоқда. Гиёҳвандлик оқибатида ўнлаб тузалмас касалликларга йўлиқиш, бевақт ўлим ҳолатлари, мажруҳ, ақли ноқис фарзандлар туғилиши исботланган. Бу эса инсоннинг ўз жонига қасд қилиш билан баробардир.  Зеро, инсон ўз жонига қасд қилиши улкан гуноҳлиги барчамизга маълум.

Бундан ташқари, бу зарарли иллат инсонни ўта ялқов, дангаса, ишёқмас, оилага масъулиятсиз, ҳамиятсиз, жинсий заиф қилиб қўяди, кўзни хиралаштиради, тишларни тўкиб юборади.

Яна фатволарда келишича, “Гиёҳванд моддаларини истеъмол қилиш, уни сотиш ва унинг тижорататидан келган фойда ҳам ҳаром саналади”.

Юртимиз барча турдаги гиёҳвандликка қарши изчил кураш олиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари орқали дунёда “аср вабоси” деб ном олган гиёҳвандликнинг инсон соғлиғига зарари ва унинг аянчли оқибатлари ҳақида баралла айтилиб кенг тушунтирилмоқда. Биз ҳам ушбу иллатга қарши биргаликда курашайлик.

Аллоҳ таоло барчамизни, хусусан ёшларимизни гиёҳвандлик ва шу каби иллатлардан ўз ҳифзи ҳимоясида сақласин.

Яҳё Абдужабборов

Янгиер шаҳар бош имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan