ТАРОЗИНГИЗ ТЎҒРИМИ, ТЕРМИНАЛИНГИЗ ИШЛАЙДИМИ?

Инсон нафас олаётган ҳаво, замин, осмон, юлдуз, ўсимлик, ҳайвонлар билан яхлит ҳаётни намоён қилади. Ҳаёт эса қон томирлардаги суюқлик каби айланади, давом этади. Яъни, мавжудотларнинг бириси бошқасига жой бўшатади, иккинчиси эса кейингисига ўрин ҳозирлайди. Адиблардан бири: “Туғилиш ўлимга қўйилган биринчи қадамдир” дея топиб айтган эди (гарчи ғайридин бўлса ҳам). Туғилган жон бор, унинг ўлими ҳам ҳақ. Улар орасида инсон онгли мавжудот, у ақл, бошқариш хусусияти билан устундир.

Кимдир эҳтиёж, имконият юзасидан елиб-югурса, бошқа биров дунёни эгалласам, уни бошқарсам, дейди. Қидирганларини топган кишининг ҳаётдан завқланиши ва бошқалар билан баҳам кўриши ҳам табиий ҳол. Шу жумладан, хасис, бахиллик каби иллатлар ҳам инсонга хос. Шунингдек, одамда биринчи бўлсам, деган “формула” ҳам йўқ эмас. Бу “формула” ҳар доим кишиларни олға юришга, ҳаммадан ўзиб кетишга ундайди.

Тўғри, эҳтиёж, оила, фарзандларнинг моддий-маънавий тарбияси кишилар елкасига бир қадар масъулият юклайди. Аммо ҳар нарсада ҳалол, тўғри, ўрта бўлган яхши. Чунки сабрли, қаноатли, одобли инсонгина мақсадига етади. Акс ҳолда, инсон судхўрлик, хиёнат, фириб каби иллатлар домига илиниб, юзи қаттиқлашади. Уят, андишани ҳам бир четга суриб, ўз манфаати учун ҳеч нарсадан қайтмас “сиртлон”га айланади.

Масалан, бозорга катта-кичик, бой-камбағал эркак-аёл ҳаммаси боришади. Улар эҳтиёжлари юзасидан бир-бири билан муамала қилиб, баъзан ғирромлик қилаётганини билса ҳам озгина нақ фойдани деб охиратни унитадилар.

Бир сафар телефон дўконлари оралаб, алоқа қилиш матоҳларидан бирини бир юзу ўттиз минг сўмга савдолашганимизда, “Терминал йўқ, нақ пулга савдо қиламиз” дейишди. Афсус ила қайтаётган эдик, ортимиздан чақиришди: “Пластикда бир юзу саксон минг сўм бўлади. Мана олларинг”.

Иккиланиб ортга қарадим ва терминалга бўлар экану, нега сен йўқ, деб харидорни чўчитасан, дедим ҳазил аралаш…

Яна бир мисол, ишдан қайтишда икки кило олма харид қилдим. Қўлимга вазни енгил туюлгач, сотувчидан тарозингиз тўғрими, деб сўрадим. У: “ҳа тўғри” дея ишонч билан бошини қуйи қилиб тасдиқлади. Сўнгра уч-тўрт қадам нарига ўтиб хурмо олдим. Негадир харидорларнинг баъзиси хурмо сотувчининг тарозисида олган нарсаларини қайта тортдириб кетишяпти экан. Мен ҳам олмамни тарозисига қўйиб беришини илтимос қилдим. Ундан тўрт юз эллик грам кам чиққанини олма сотувчи ҳам эшитиб турарди. У беш-олти дона олмани аччиқ билан сумкамга солди. Мен эса ортиғи керакмас, дея тарозига қўйишини талаб қилдим…

Ажабо, “терминалингиз ишлайдими; тарозингиз тўғрими” деб савол бериш харидор ҳам сотувчи учун одатий ҳолга айланди. Бу саволни ҳақорат билиб, тарозисини қайта-қайта текширишга уринадиган тижоратчилар ҳам бор, албатта. Аммо харидорларнинг “кўринишию гап-сўзлари”дан ғафлатда қолса, баҳона топишга қийналишидан ташвиш чекиб, доим зийрак, ҳозиржавоб бўлган савдо ходимларининг бозори чаққон. Баъзан эса телефон сотувчи ходим каби дангалини айтиш алдаб, фириб қилишидан кўра яхши, деб ўйлайман. Баъзида эса сотувга қўйган молингиз тан нархидан икки-уч баравар қиммат сотилаётганидан дилингиз оғрийди. Харид қилар экан, деб устига ҳаддан зиёд нарх қўйиш ҳам хатодир. Халқимиз, инсоф сари барака, деб бежиз айтмаган. Фойдамиз кўп бўлмасин, аммо топганларимиз ҳалол, баракали бўлгани яхши эмасми?

Ибн Аббос (розийаллоҳу анҳу) айтадилар: “Аллоҳ таоло ноҳақ, ёлғон қасам билан биродарининг молини ўзиники қилиб олишдан қайтарди. Бировнинг ҳақини ейиш икки хил бўлади: зулм орқали – тортиб олиш, хиёнат, ўғирлик; ҳазил ва ўйин орқали – қимор ва бошқа шунга ўхшаш бекорчи эрмаклар”.

Аллоҳ таоло: “Мол(-мулк)ларингизни ўрталарингизда ботил (йўллар) билан емангиз!” (Бақара, 188), дея марҳамат қилади. Имом Қуртубий оятдаги “ботил йўл билан емаслик”ка ҳаромнинг барча турлари: қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб, ҳаром касб қилиб мол, бойлик топиш ва бошқа шу кабилар киради, деганлар.

Абдувоҳид ЎРОЗОВ

“Мовароуннаҳр” нашриёти ходими

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.