АЁЛЛАР ҚАДРИ

Кишилик жамиятининг таркиби  эркак ва аёлдан иборат бўлиб, унинг катта бир қисмини аёллар ташкил этади. Боиси Аллоҳ таоло барча мавжудотлар қатори инсонни ҳам жуфт, яъни эркак ва аёл қилиб яратди. Шунингдек ҳаётда турмуш юмушларининг аксари улар зиммасидадир. Шу қаторда улар хам ўз хақ–хуқуқлари, хаётдаги мавқелари ва аёллик фазилатларига эга.

Аёл киши хақида сўз очилганда биринчи ўринда кўз ўнгимизда муҳтарама онамиз гавдаланади сўнгра опа-синглимиз, жуфту ҳалолимиз, суюкли қизимиз. Уларсиз хаётимизнинг маъно мазмуни хам йўқолади. Айнан шунинг учун хам уларни асраб-авайлаб, эҳтиёт қилишимиз, уларга доимо яхши муносабатда бўлишимиз лозим. Агар аёл ҳаётда жисмонан ҳам маънан соғлом бўлса демак, жамият соғлом бўлади. Чунки, келажакнинг меваси бўлмиш фарзандлар оналар сабабли дунёга келадилар. Уларга бошланғич таълим-тарбия ва одоб-ахлоқни кекса онахон-момохонларимиз ўргатадилар.

Пайғамбаримиз Муҳаммад алайхиссалом: “Аёллар эркакларнинг ажралмас бир қисмидирлар”, деганлар. Ўз ахли аёлига нисбатан беэътибор бўлиш, уларга турмуш ишларида кўмаклашмаслик, соғлом хаёт йўлини танлашлашдек масъулиятли ишда лоқайд бўлиш хар қандай эркак кишига келажакда кўп зарар келтиради. Афсуски, баъзи бир аёллар ўткинчи ҳавасга берилиб, оналик шаънига доғ тушириб, ўз жигар гўшаларини кўча кўйларга, меҳрибонлик уйларига ташлаб кетмоқдалар. Баъзан ўз жигарбандини хали туғруқхонадан чиқмай туриб бегона кишиларга мўмай даромадни кўзлаб сотмоқчи бўлган аёллар хам топиляпти. Айримлари турли сабабларни рўкач қилиб, Аллоҳнинг улуғ неъмати – ўз жонларига қасд қилиб, кечириб бўлмайдиган гуноҳга қўл урмоқдалар. Улар аёллик шаънига доғ тушуриб ўзлари гуноҳга ботмоқда ва жамият келажагини таҳдид остига қўймоқдалар. Уларни ҳимоялаш ва тўғри йўлга солиш биз эркакларнинг вазифамиздир.

Халқимизда “Бир дона гул билан бахор бўлиб қолмайди” деган мақол бор. Аёлларга нисбатан йил давомида бир кун ғамхўрлик қилиш билан хам иш битмайди. Балки доимо уларга нисбатан эътиборли бўлишимиз, хақ ва хуқуларига риоя қилишимиз лозим.

Шунингдек муҳтарама аёлларнинг хуқуқи ва ҳурматини жойига қўйиш мақсадида бир йилда бир кунни оналаримиз, опа–сингилларимиз ва турмуш ўртоқларимиз учун ажратиб, уларнинг кўнгилларини кўтариш, улкан ҳизматларини оз бўлсада тақдирлаш мақсадида байрам куни деб белгилаб қўйилган.

Яратгандан уларни доимо ҳимоясида сақлаб, хайрли ва баракотли ҳаётни насиб қилишини сўраймиз.

Авазхон ЖАЛОЛОВ

Гулистон шаҳар «Исо ўғли Мусо» масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.