Нопокликдан сақланинг

Муборак динимизнинг барҳаёт таълимотига кўра Аллоҳ таолонинг ирода ва қудрати ила дунёга келган ҳар бир инсоннинг жисми, ақли ва руҳиятига таъсир қиладиган ва зарар берадиган турли зарарли ичимликлардан, барча турдаги гиёҳвандлик, чекиш каби иллатлардан сақланмоғи вожиб бўлади. Аллоҳ таоло бу ҳақда огоҳлантириб бундай дейди: «…ўз қўлларингиз билан ўзларингизни ҳалокатга ташламангиз!..» (“Бақара” сураси, 95-оят).
Барча мавжудодлар ичида азизу мукаррам ва ақл-идрок соҳиби қилиб яратилган инсон зоти ўзининг ботиний ва зоҳирий тан аъзоларини Аллоҳ таоло белгилаб ва кўрсатиб қўйган ўринларда фойдаланиши ва ишлатиши лозим бўлади. Зеро, инсон уларнинг ҳар бири тўғрисида масъулдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло огоҳлантириб айтади: «(Эй, инсон!) Ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дилнинг ҳар бири тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)». («Исро» сураси, 36-оят).
Шу билан бир қаторда инсон ўзига омонат қилиб берилган барча тана аъзолари ва ақлини турли ёмон иллатлардан, зарарлардан авайлаб сақламоғи лозим. Хусусан, тез суръатлар билан ривожланаётган ҳозирги асримизда оламшумул тарзда кенг тарқалаётган юқумли ОИТС касаллигидан эҳтиёт бўлиш керак бўлади. Зеро, инсон ўз соғлиғи, покизалиги унинг ҳаёти учун зарурлигини Аллоҳ таоло ояти каримада: «Нопокликлардан четланинг», — деб айтади. Бу муборак ояти каримада Аллоҳ таоло Ўз пайғамбарига ва у зот орқали барча мўмин-мусулмонларга нопокликлардан четда бўлишни буюрмоқда. Айрим муфассирлар оятда зикр қилинган бу нопокликлар фақат инсон танасидаги ва устбошидагилардангина иборат эмас, балки бунга яна ширк, ахлоқсизлик, безорилик, ҳаром қилинган нарсалар, яъни шаробхўрлик, гиёҳвандлик, бузуқлик каби маънавий нопокликлар ҳам киради, деб айтишган. Динимизда инсонларнинг ҳамма соҳада тоза, покиза бўлишларига алоҳида эътибор берилган. Сабаби, покиза одамдан ифлослик, разиллик чиқмайди, поклик яхшилик кўзгусидир.
Бу юқумли касаллик ижтимоий касалликдир. Шунинг учун у кенг маънода нафақат иқтисодий, сиёсий зарар келтиради, шунингдек, оилавий, руҳий, маънавий, ахлоқий жиҳатдан салбий оқибатларни келтириб чиқаради. Шундай экан, касалликнинг олдини олиш, даволаш, тарқалишини чеклаш ишларида ақл-заковат билан иш тутиш катта аҳамиятга эга. Шу сабабли руҳий тўсиқларни бартараф этиш керак бўлади. Бунинг учун ҳар қандай шароитда ҳам ахлоқ, одоб ва ўзаро ҳурмат руҳида яшаш, ҳар бир инсон ўз ҳақ-ҳуқуқини яхши билган ҳолда ўзини ва ўзгани ҳимоя қила билиши, маънавий ва маданий жавобгарликни ўз бурчи деб билиши керак бўлади. Доно халқимизда касалликни даволашдан кўра, унинг олдини олган яхшироқ деган мақол бор. Шундай экан, ҳар бир ота-она, ҳар бир киши соғлом миллатни вояга етказади, соғлом миллат эса, ин ша Аллоҳ улкан ишларга қодир бўлади.

Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳридаги «Абдуқаҳҳор ҳожи»
жоме масжиди имом-хатиби

 

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.