Оила ва никоҳ муқаддас ришта

Оила пойдевори, унинг мустаҳкам қалъаси, эр-хотин ўртасини маҳкам боғловчи ришта никоҳдир. Никоҳ-инсонлар жамиятида энг муқаддас битим ҳисобланади. Никоҳдан сўнг қурби етганича, исрофгарчиликка йўл қўймасдан халққа дастурхон ёзиб меҳмон қилиш, икки ёшнинг никоҳини эълон қилиш Пайғамбаримиз кўрсатмаларидандир.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда қуйидагича келтирилади: «Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам Абдураҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳуда сариқлик аломатини кўриб: «Бу нима?» дедилар. У: «Эй Аллоҳнинг Расули, данак оғирлигидаги тиллога бир аёлга уйландим», деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): «Аллоҳ сенга барака берсин! Бир қўй сўйиб бўлса ҳам валима (зиёфат) қилиб бер», — дедилар. Ушбу ҳадисга биноан уйланган киши бир қўй сўйиб бўлса ҳам зиёфат бериши мустаҳабдир. Зиёфатга имкон қадар одамларни чақириши мумкин. Лекин, албатта -муҳтож кишиларни ҳам таклиф этиш мақсадга мувофиқдир. Чунки, Пайғамбар (с.а.в.): «Таомларнинг энг ёмони очлар қолиб, тўқлар чақирилган зиёфат таомидир», — деганлар.
Оиша онамиздан ривоят қилинган бошқа ҳадисда Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилиб: «Бу никоҳни эълон қилингиз, уни масжидларда ўтказингиз, унинг учун дўмбиралар чалингиз», — дедилар.
Демак, икки ёшнинг бир-бирига никоҳ орқали ҳалол бўлганини, шаръий оила қуриб яшай бошлаганлигини одамларга билдириб қўйиш зарур экан. Никоҳнинг эълони кўпроқ тарқаши ва хурсандчиликни изҳор этиш учун дўмбира чалиш ҳам жоиздир.
Никоҳда ҳозир бўлганлар, зиёфатга келганлар келин-куёвга Аллоҳ таолодан хайру барака ва бахтли ҳаёт кечиришларини сўраб дуо қилишлари, уларни тўй билан табриклашлари Пайғамбаримиз (с.а.в.) қолдирган суннат амаллардандир. Бу тўғрида Абу Ҳурайра (р.а)дан қуйидаги ҳадис ривоят қилинади: «Набий (с.а.в.) агар инсонни уйланган пайтида табрикласалар, Аллоҳ сенга муборак қилсин, барака берсин ва иккингизнинг орангизни хайр ила жам қилсин», — дер эдилар.
Биз мусулмонлар ҳар бир нарсада Пайғамбаримиз (с.а.в.)га эргашмоғимиз лозим. Айниқса, жамиятнинг бошланғич хужайраси ҳисобланмиш оилани барпо этишда эргашсак мақсадга мувофиқ бўлади. Биздаги оилавий ҳаёт ҳавас қилса арзигуликдир. Бу ҳам бўлса, ўртамизда сақланиб қолган исломий одоб-ахлоқ, исломий муомала самарасидир.
Мусулмончиликда катталар, хусусан ота-оналарнинг ёш келин куёвларга оилавий турмуш ҳақида панд-насиҳат қилишлари, ҳаётий тажрибаларни сўзлашлари одат тусига кириб қолган. Улкан саҳобий Анас ибн Молик Пайғамбар (с.а.в.)нинг саҳобалари янги келинларга эрининг ҳурматини ва хизматини қилишга буюрар эдилар, деганлар.
Абдуллоҳ ибн Жаъфар ибн Абу Толиб ўз қизларига қуйидаги насиҳатни қилган эканлар: «Зинҳор рашкчи бўлмагин, у талоқнинг калитидир. Зинҳор кўп итоб қилувчи бўлмагин, у кўнгилсизликни келтириб чиқаради. Сурма қўйиб юргин, лекин зийнатларнинг энг афзали сувдир».
Ҳозирда биз ҳам шу каби панд-насиҳатларни қилишимиз, айниқса, ёш келин-куёвларимизга ҳалол-ҳаромни, эр-хотинлик вазифаларини хусусан никоҳни бузилишига сабаб бўладиган талоқ масалаларини мукаммал тушунтирмоғимиз лозимдир. Шунда ҳар бир оила мустаҳкам, тинч, осойишта ва бахтли ҳаёт кечиради. Баъзи бир арзимас камчиликлар ва тушунмовчиликлар туфайли ажралишлар олди олинади.

Аллоҳ таоло никоҳларимизни мустаҳкам, оилаларимизни тинч-тотув қилсин. Ўзининг амрига ва Пайғамбарининг суннатига мувофиқ ҳаёт кечириб, шаръий ва исломий одоб-ахлоқларга риоя этмоғимизни насиб айласин!

  

Ҳидоятуллоҳ ИСАЕВ
Янгиер шаҳар «Муҳаммад Бобур»
 жоме масжиди имом-хатиби

Добавить комментарий

Ваш адрес email не будет опубликован.