Тинчлик, хотиржамлик – олий қадрият

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сирдарё вилояти вакиллиги ташаббуси билан «Тинчлик, тотувлик — олий қадрият» мавзусида мактаб ва касб-ҳунар коллежларида ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси тизимидаги бирлашмаларда жорий йилнинг ноябрь ойи давомида давра суҳбатлари ташкил этилмоқда. мазкур тадбирлар давомида юртдошларимизга тинчлик-хотиржамликнинг аҳамияти, шукроналикнинг фазилати, шунингдек аҳоли ўртасида жиноятчилик ва ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Дарҳақиқат, инсоният ҳаёти давомида турли мафкура ва маслаклар ўртасидаги зиддият ва қарама-қаршиликларни бошидан кечирган. Бунинг оқибатида турли ихтилоф ва нотинчликлар юзага келиб турган. Тарихга назар ташланса, ҳамма даврда ҳам давлатнинг ривожланиши ва халқнинг фаровонлиги жамиятнинг тинч ва осойишта ҳаёт кечириши билан боғлиқлиқ экани аён бўлади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тинчлик-хотиржамлик энг улуғ неъматлардан бири эканлигини таъкидлаб шундай деганлар: “Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. У – хотиржамлик ва сиҳат-саломатлик”.

Демак, тинчлик ва хотиржамлик Аллоҳ таолонинг буюк илоҳий неъматларидан биридир. Қолаверса, барча эзгу ишлар рўёбга чиқишининг боиси ҳам осойишталикдир. Шундай экан, инсонлар нафақат мавжуд тинчликни қадрига етиш, унинг шукрини адо этишлари балки, унга ношукрлик қилиш ва путур етказишдан ҳам сақланишлари лозим.

Улуғ неъмат – мамлакатимиздаги тинчлик ва осойишталикдан хотиржамликка берилиш, огоҳликни йўқотишга мутлақо ҳаққимиз йўқ. Уни асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш фақат муайян соҳа ходимларининг вазифаси, деганлар қаттиқ янглишади. Бу йўлда барчамиз янада жипс бўлиб, ҳамжиҳатликда ҳаракат қилишимиз керак. “Ўз уйингни ўзинг асра” – деган ҳикматнинг маъноси жуда кенг. Зеро, тинчлик учун доимо курашиш керак, уни ҳеч ким яратиб бермайди.

Тинчлик қарор топган юртда хотиржамлик ҳукм суради, фарзандлар эмин-эркин камолга етади. Шу азиз Ватанимизни кўз қорачиғидек асраш, унинг тинчлиги ва барқарорлигини ҳимоя қилиш, салоҳиятини янада юксалтириш барчамизнинг, мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг муқаддас бурчидир.

Аллоҳ таоло Ер юзида ёвузлик ва бузғунчилик қилишдан қайтаради ҳамда ноҳақлик, адолатсизлик, зўравонлик, одам ўлдириш, қон тўкишни таъқиқлайди. “Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, Ер юзида бузғунчилик қилмангиз!” – дейилган Қуръони каримда.

Парвардигорнинг буйруғига қарши бориб, бегуноҳ одамларни ўлдирган ва хўрлаган кимсалар дунё ҳаётида ютуққа эришамиз, деб ўйласалар қаттиқ хато қилган бўладилар.

Инсон ўзидаги неъматнинг қадрини унинг устида мулоҳаза юритиш, шу неъматдан ўзгалар ҳам баҳраманд ёки бебаҳра эканлигини ўйлаб кўриш билан билади. Бу эса янада кўпроқ Аллоҳга шукр қилишга ундайди. Неъматнинг бардавом бўлиши, унинг шукри адо этилишига боғлиқдир. Тинчлик амалий шукр талаб қиладиган неъматдир. Бу неъматнинг шукрини адо этиш барчанинг зиммасидаги фарздир. Тинч ва осойишта кунларни ғанимат билиб, савобли ишлар билан икки дунёмизни обод қилишга интилишимиз керак. Шунингдек, кексалар тинчликнинг мустаҳкамлигини сўраб дуо қилишлари, ўрта ёшлилар ўзларининг ҳалол меҳнатлари, ёшлар эса уни асраш ва қадрига етиш борасида астойдил илм олишга ҳаракат қилмоқликлари билан бу неъматнинг шукрини адо этган бўладилар.

Асланбаев Хуршид
Сирдарё вилояти «Абдуқаххор хожи» жоме масжиди имом хатиби 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan