Илк ислом тарихида христиан – мусулмон муносабатлари

       Бугунги кунда дунё аҳолисининг аксар қисмини ташкил қилаётган христианлар  ва мусулмонлар ўртасида кечган дастлабки алоқаларни илмий асосда синчиклаб ўрганиб чиқиш муҳим ҳисобланади. Чунки ушбу бўлиб ўтган алоқалар тарихда кейинчалик содир бўлган муносабатларга замин бўлиб хизмат қилган. Мусулмонлар учун кейинги муносабатларга тамойил вазифасини ўтаб келмоқда.

       Ислом келиш арафасида  христианлик Араб ярим оролида анча кенг ёйила бошлаган эди. Ҳатто шундай фикр борки, агар Муҳаммад пайғамбарнинг фаолияти туфайли ислом ғалаба қозонмаганда Арабистоннинг диний ҳаёти батамом бошқача кечиши, у ерда христиан дини ва христиан маданияти устунликка эришиши мумкин эди.[1]

      Макка шаҳрида бир қанча ҳаниф эътиқодида яъни Иброҳим (а.с.) эътиқодида бўлган кишилар ва шу билан бирга христиан динига мансуб кишилар бор эди.  Ҳаниф эътиқодида бўлганлардан бир нечтаси кейинчалик христианликни қабул қилишди. Шулардан бири Варақа ибн Навфал исмли киши бўлган.[2]  У Муҳаммад (с.а.в.)га ваҳий нозил бўлганини эшитганда у Номус яъни Мусо (а.с.)га тушган фаришта Жаброил (а.с.) деган.   Фақат қариб қолган Варақа воқеаларнинг кейинги ривожини кўрмай вафот этади.  Христианлар билан мусулмонлар ўртасидаги дастлабки алоқалар Макка давридаёқ мусулмонларга Макка мушриклари  қаттиқ азият бериши натижасида уларнинг Эфиопияга (Ҳабашистон) ҳижратлари билан бошланган эди.[3]

      Макка даврининг охирларида мусулмонларнинг илоҳий китоби Қуръони Каримда христианларга алоҳида эътибор билан мурожаат қилинди. Жумладан Анкабут сурасининг 46-оятида шундай дейилган:“(Эй, мўминлар!) Сизлар аҳли китоблар билан фақат энг чиройли услубда мунозара қилингиз, илло уларнинг орасидаги зулм(тажовуз) қилганлар бундан мустаснодирлар. Шунингдек айтингиз: “Бизлар ўзимизга нозил қилинган (Қуръон)га ҳам, сизларга нозил қилинган (Таврот ва Инжил)га ҳам имон келтирганмиз. Бизларнинг илоҳимиз ва сизларнинг илоҳингиз бирдир ва бизлар Унгагина (имон ва итоат билан) бўйин сунувчимиз”.[4] Шу тариқа илоҳий ваҳийга ишонган ва унга суянганлигини даъво қилувчи динларга бағрикенг муносабатда бўлинди.

     Қуръони Карим улардан фақат қўлларида бўлган илоҳий китобларда келиши кўрсатиб ўтилган ўзидан олдинги пайғамбарларни тасдиқ этадиган охирги Пайғамбарга (а.с.) га ишонишни талаб қилаётган эди.  Шундан сўнг Қуръони Карим христианларга яна ҳам яқинлашиб Моида сурасининг 82-83 оятларида уларнинг шу хусусиятлари келтириб ўтилди: “Имон келтирганларга (нисбатан) энг ашаддий адоватда бўлувчилар яҳудийлар ва ширк келтирганлар эканини кўрасиз. Имон келтирганларга нисбатан дўстликда яқинроқлар “Биз насронийлармиз” деганлар эканини (ҳам) кўрасиз. Бунинг сабаби улар ( насронийлар) ичида руҳоний ва роҳибларнинг борлиги ва уларнинг кибрга берилмаслигидир. Расул (Муҳаммад)га нозил қилинган нарса (қуръон)ни эшитганларида, унинг ҳақлигини англаганларида кўзлари ёшга тўлаётганини кўрасиз. Айтадилар: Эй, Роббимиз! (Биз Муҳаммадга) имон келтирдик. Бизни шаҳодат билан бирга ёзгин!”[5]

      Юқоридаги оятларда мусулмонларга энг яқин инсонлар христианлар эканлиги улар орасида Аллоҳдан қўрқувчи, кибрланмайдиган роҳиблар бор эканлиги билдирилмоқда. Шунингдек Қуръон бир қанча оятларда бошқа пайғамбарларни ва Исо (а.с.)ни инсонларни доимо тавҳидга даъват қилганликларини, Исо (а.с.) ўзини “Аллоҳнинг қули” эканлигини билдирганини эълон қилар эди. Исо (а.с.)нинг туғилишини, чақалоқлик даврини, ҳаёти ва дунёдан қайтишидаги баъзи мўъжизавий ҳоллар уни инсонликдан илоҳликкка ўтмаслигини қатъий таъкидлаб келар эди.[6]

     Христианлар тарафидан содир этилганини зикр қилмай Қуръон Аллоҳга фарзанд нисбат берувчиларни “Бақара” сурасининг 116-оятида очиқ рад этди: “ Аллоҳнинг фарзанди бор”, -дедилар. У (Аллоҳ)эса, (уларнинг иддиосидан) пок зотдир. Балки, осмонлар ва Ердаги нарсалар Унинг мулкидир. Ҳамма(си) Унга бўйсунувчидир”.[7]

     Юқоридаги оят христианларни тўғри хулоса чиқариб ширкдан тозаланиб олишга чақирди. Бироқ христианларнинг аксарияти бундан ўз ҳиссаларини олмай, Исо (а.с.) ни худо деб туриб олишди. Шундан сўнг Қуръони Карим  Нисо сурасининг 171-оятида қуйидагича яна ҳам аниқроқ қилиб Исо (а.с.) Аллоҳнинг бандаси эканлигини кўрсатиб берди : “Эй, аҳли китоблар! (Исони илоҳийлаштириб) динингизда ҳаддан ошиб кетмангиз! Аллоҳ (шаъни)га эса фақат ҳақ гапни айтингиз! Албатта, Исо ибн Марям фақат Аллоҳнинг пайғамбари  ва Унинг Марямга туширган “калимаси” ҳамда Унинг томонидан (келмиш) руҳдир, холос.”[8]

    Улар бундан воз кечмаганларидан сўнг Қуръон Исо (а.с.)ни илоҳийлаштириш куфр эканини қатъий қилиб белгилаб берди.

      Ҳижрий тўққизинчи йилга келиб Нажрон христианларидан бир гурухи Мадинага келди.  Ушбу ҳайъатда Нажрон христианларининг диний ва дунёвий раҳбарларидан бир нечтаси бор эди. Уларнинг мақсади  исломни христианликни қилган танқидлари борасида тортишиш эди. Ҳайъат пайғамбар (с.а.в.) томонларидан яхши кутиб олинди, ҳатто масжидда диний ибодатларини бажариш учун рухсат ҳам берилди.[9]  Уларни Пайғамбар (с.а.в.) исломга чақирдилар.[10] Улар бўлса биз сиздан олдин мусулмон бўлганмиз дейишди. Расулуллоҳ  сизларни исломдан уч нарса тўсади: “хочга сиғинишингиз, чўчқа гўшти еишингиз ва Аллоҳнинг фарзанди бор деб ҳисоблашингиз дедилар”. Кейин улар Исо (а.с.) ҳақларида мунозарага киришиб у зотни  отасиз туғилганликлари ва бу у зотнинг илоҳ эканликларига далил  деб туриб олишди. Шу аснода қуйидаги Оли Имрон сурасининг 61 ояти нозил қилинди: “Сизга келган шу (ҳаққоний) билимдан кейин (насронийлардан) ким Сиз билан (Исо) тўғрисида баҳслашмоқчи бўлса, (ундай кимсаларга) айтинг: “Келинглар, ўғилларимиз билан ўғилларингизни, хотинларимиз билан хотинларингизни, ўзимиз билан ўзларингни чорлаб, сўнгра (биргаликда) илтижо қиламиз, бас, ёлғончиларга Аллоҳ лаънатини тилаймиз”. [11]  

   Сўнгра Аллоҳ улар ўз даъволарида шубҳада эканликларини билдириб қуйидаги  Оли Имрон сурасининг 64-оятини нозил қилди: “Айтинг (эй, Муҳаммад!): “Эй, китоб аҳли (яҳудийлар ва насронийлар), биз билан сизнинг ўртамизда (аҳамияти) баробар бўлган бир сўзга келингиз – ёлғиз Аллоҳгагина ибодат қилайлик, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайлик ва Аллоҳни қўйиб бир-бирларимизни илоҳ қилиб олмайлик!” Агар (бу таклифдан) юз ўгирсалар, (сизлар уларга): “Гувоҳ бўлингларки, биз мусулмонлармиз”,- деб айтиб қўйингиз!”[12]

        Оятда келган буюруққа кўра Муҳаммад (с.а.в.) ушбу масалани ҳал қилишда сўнги чорани таклиф қиладилар . Унга кўра фарзандлар ва аёлларни чақириб барча йиғилганда ким ёлғон гапираётган бўлса ўшанга  Аллоҳнинг лаънати бўлсин деб дуо қилиш эди. Шунда Расулуллоҳ Фотима (р.а.) ва ҳазрати Ҳасан ва ҳазрати Ҳусайнни олиб келганлари айтилади.  Бу таклиф уларни чўчитиб юборади. Ораларида маслаҳатлашиб лаънатлашмасликка балки ўзларига фалокат етишидан қўрқиб жизя беришга келишиб олишади.[13] Шу  ўринда улар тўғри тахмин қилишган эди. Пайғамбар (с.а.в.) улар ҳақида шундай деган эдилар: “Мени ҳақ билан юборган зот билан қасамки агар шундай қилишганда водийларига олов ёққан бўлар эди”.[14]        

     Улар Муҳаммад (с.а.в.) пайғамбар эканликларига ич–ичдан ишонишса ҳам бўйсунгилари келмас эди. Аммо у зотнинг ишончли эканликларига амин бўлишгач ўз юртларига қайтмоқчи эканликларини фақат ораларида дунёвий ишларида ҳакамлик қиладиган ишончли киши беришларини илтимос қилишди. Пайғамбар (с.а.в.) бу вазифани умматнинг амини бўлган Абу Убайда Омир ибн ал-Жарроҳга юкладилар.[15] Умуман олганда тўққизинчи ҳижрий йил делегациялар йили деб номланди. Бу йилда исломни қабул қилиш ниятида кўплаб қабилалардан вакиллар келишди. Улар орасида кўпгина христиан қабилалари ҳам мавжуд эди.[16]

     Исломда аҳли китобдан бўлган христианларга зиммий мақоми берилиб, тарих давомида одатда мусулмонлар томонидан яхши муомала кўрсатилган эди. Уларга муҳим мансаблар ҳатто вазирлик мансаби ҳам топширилган эди.[17] Ўша даврда христианлар мафкуравий майдондаги курашда етарлича қаршилик кўрсата олмаганликлари сабабли исломни ёйилишида куч билан тўхтатишга уриндилар. Салиб юришлари амалга оширилди. Христианлик асрлар оша исломга бўлган муносабати совуқлашиб борди . Фақат ушбу совуқ муносабат йигирманчи асрнинг иккинчи ярмига келиб илий бошлади. Бугунги кунда Рим католик черкови мусулмонларга ҳар доимгидан кўра илиқ муносабатда бўлмоқда. Мустақилликка эришганимиздан сўнг юртимизда ҳам динларга муносабат тубдан ўзгарди. Христианлар ва мусулмонлар тинч тотув бир ватан фуқоролари бўлиб яшашмоқда. Икки дин вакилари ўртасида илиқ муносабатлар ўрнатилган. Ўзбекистонда мустақиллик йилларида христиан ва мусулмон дини вакиллари иштирокида бир қанча ҳалқаро аҳамиятга эга бўлган конференциялар ўтказилди.

 

         The article deals with the Muslim-Christian relations at the time of Prophet Muhammad (pbuh). At the beginning of the article, the author sets his focus on the role of Christianity before islam becomes prevalent in the region. A key emphasis is placed on the Meccan period, when the Muslim-Christian relation were established on the principles of tolerance.

    Furthermore, The author quotes some verses, Concerning both  faiths, From the Koran. The author as well puts forward some ideas on the points that Muslims and Christians disagree. One can also get information about the story of the Prophet with the Christians of Najran . The author of the article concludes that the current Muslim-Christian relations are established on the principles of tolerance mentioned in the Koran.

   В этом статье говорится отношения между мусулманами и християнами и християнами в эпоху пророка Мухаммеда.

  Соискатель, начал статью каково была место и роь христянство когда пришла религия ислам в полуостров Аравии. Ешё говорится отом, что, в периоде Макка отношения между мусульманами и християнами началась на основе толерантности с поселениям мусулмань в Эфиопию двухстаронные отношения было укреплена сильнее.

          Преверены аяты из Корана в которых идёт речь отом что, христяны самые близкие люди для мусульман. Ешё приведены аяты в каторых говориться в каких взглядах Ислам несогласна христянством. В статье, говорится о произшествые между пророком   Мухаммедом и христянами Нажрана.

       Статья закончевается стем что всегодяшный день отношения с христянами ведется на основе толерантности и принципов каторых поставил Коран.

Фойдаланилган адабиётлар

[1] Ҳасанов А. Қадимги Арабистон ва илк ислом жоҳилия асри. -Тошкент: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2001. – 186 б.

[2] Алоҳида томнинг таснифи: Ибн Касир Имодуддин Абул Фидо. Ал-бидоя ван-ниҳоя. 14 т. –Байрут: Дор Содир, 3 т. -603 б.

[3] Ҳамода Форуқ. Ал-иълоқот ал исламия ал-насрония фил аҳд ан- набавий. –Дамашқ: Дор ал-қалам, -21 б.

[4] Мансур Абдулазиз. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. -Тошкент: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2007. -403 б.

[5] Мансур Абдулазиз. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. -Тошкент: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2007. -122 б.

[6] Алоҳида томнинг таснифи: Ал-Қарзовий Юсуф. Фатова муъосиро. 3- т.-Кувайт: Дор ал Қалам, 2003. 3 т.

 -173 б.

[7]Мансур Абдулазиз. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. -Тошкент: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2007. -18 б.

[8] Мансур Абдулазиз. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. -Тошкент: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2007. -105 б.

[9] Ал-Муборакфурий Софий ар-Роҳман. Ал-Роҳиқ ал-махтум. –ар-Риёз: Дор ал-муайяд, 2004. -446 б.

[10] Фаттоний Исмоил Лутфий. Ихтилаф ал дорайн ва асаруҳу фий аҳкам ал-мунокаҳат вал -муъомалат. –Қоҳира: Дор ас –Салом, 1998. -36 б.

[11]  Мансур Абдулазиз. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. -Тошкент: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2007. -57 б.

[12] Мансур Абдулазиз. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири. -Тошкент: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2007. -58 б

[13] Алоҳида томнинг таснифи: Ас-Суҳайлий Абул Қосим. Ал-Равзул ал-унуф. 4-т. –Қоҳира: Дор ал-ҳадис, т.3. -7 б.  

[14] ан-Найсабурий Абул Ҳасан. Асбоб ан-Нузул. –Байрут: Дор ал фикр, 1994. -73 б.

[15] ал-Ҳузарий  Муҳаммад. Нур ал-яқин фи сийрат ал-мурсалин. –Тошкент: Мовароуннаҳр, 1992. -203 б.

[16] Алоҳида томнинг таснифи: Ибн Ҳишом Абу Муҳаммад абдул Малик. Ас-Сийра ан-Набавия. 3 т. –Байрут: Дор ал-жайл, 2001.3.т. 248-303.

[17] Ал-Ғаззолий Муҳаммад. ал-таъассуб вал-тасамуҳ байнал масиҳия вал ислом.-Дамашқ: Дор ал қалам, -71 б.

Жалолиддин Аҳмедов,
Тошкент ислом академияси илмий тадқиқотчиси.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan