Бемордан кўнгил сўраш фазилати

Аллоҳ таолонинг бу дунёда жорий қилиб қўйган қонун-қоидаларини тафаккур билан ўйлаб кўрган киши турли офат ва беморликларнинг содир бўлиши ҳам борлиқдаги илоҳий қонун -қоидалардан бири эканини англаб етади.  Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таоло тамонидан бандаларга бўладиган синовдир.
Кимки,  “Солиҳ бандалар беморлик, бало мусибатлардан узоқда бўлади”, деб ўйласа, хато қилади. Солиҳ кишига офат мусибатларнинг етиб туриши Аллоҳнинг унга бўлган муҳаббати аломатидир. Солиҳ кишига жумладан, беморликларнинг етиб туриши Аллоҳ таолонинг унга яхшиликни ирода қилгани белгисидир. Бундай кишилар учун офат ва беморликлар гуноҳларнинг  каффоратидир.
Ҳа, агар банда солиҳ бўлса-ю, бирор мусибат ёки ҳасталикка учраса, бу нарсалар унинг учун гуноҳларига каффорат ёки дарожатларининг кўтарилишига айланади. Агар осий булса, мусибат унинг учун ёмонликларини ювиш ва бу дунё бевафолигини эслатиш бўлади.
“Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
“Мусулмонга қай бир мусибат – ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришими-етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур”,дедилар”.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида инсонга етадиган бир неча мусибатлар  ичида беморликни  ҳам санай туриб, ана шу мусибатларга сабр қилган мусулмоннинг  хатоларини Аллоҳ таоло кечиб юборишини таъкидламоқдалар. Албатта, бу борадаги кечиб юбориладиган хатолар,  Аллоҳ таоло билан  банданинг орасидаги  муомалаларда банда томонидан содир бўлган кичик гуноҳлардир.

Беморни кўргани бориш суннатдир. Бемор мусулмоннинг  бошқа мусулмонлар  устида ҳаққи бор. У ҳам бўлса, уларнинг беморни зиёрат қилиб, кўнгил сўрашлари, ҳаққига дуо қилиб кетишларидир. 
Динимизда беморлар ҳолидан хабар олиш ўларни зиёрат қилиш улкан савобли амаллардан эканлиги таъкидланган. Чунки бу иш бемор учун, шахсий алоқаларни ҳамда жамиятни мустаҳкамлаш учун ғоят зарурдир. Мусулмонлар ана шу олий мартабага эришиш учун доимо ҳаракат қилиб келишган.
“Набий саллоллоҳу алайҳи васаллам:
“Ким бир беморни кўргани борса, то қайтгунича жаннатнинг ҳурфасида бўлур”,дедилар.
“Эй Аллоҳнинг Расули, жаннатнинг ҳурфаси нима?”дейилди.
“Мевасидир”,дедилар”.
Уламоларимиз,  беморни зиёрат қилишнинг  ўзига яраша одоб ва қоидалари борлигини  айтишган. Ўлар қуйидагилар.

1. Касал бўлган одамни бориб кўришнинг савоби ва фазилати жуда кўп. Беморни зиёрат қилиш, ундан ҳол- аҳвол сўраш, бирор етишмовчилиги бўлса, кумаклашиб юбориш мусулмон киши зиммасидаги зарур вазифалардандир.
2. Беморни зиёрат қилиш Аллоҳ таолони зиёрат қилишга тенглаштирилган, хаста киши гарчи ғайридин киши бўлса ҳам, ҳол сўраш яхшидир.
3. Касал кишининг зиёратига озроқ ҳадя олиб,  салом билан кирилади, унга яқин иложи бўлса, бош томонида ўтириб, аҳволи сўралади.
4. Беморнинг бош –кўзи, манглайи, оёқ-қўлини силаб, ундан ирганмай, ҳазар қилмай, яхши сўзлар билан кўнгли кўтарилади, дард вақтинчалик эканини айтиб, тасалли беради.
5.Касал кўриш чоғида дард, беморлик Аллоҳнинг бир неъмати экани, бунинг шукронасига тавба-тазарруъ қилиш лозимлиги беморга тушунтирилади.             6.Хасталанган кишининг ҳузурига кирганда очиқ юз, хуш кўнгил, шавфқат билан муомала қилинади, унинг юзига синчиклаб қаралмайди, кўп ва қаттиқ овозда гапирилмайди.
7.Бемор ётган жойга янги кийимда ҳам, шунингдек, кир, хунук, нопок кийимларда ҳам кириш мақбул эмас.
8.Унинг ҳузурида паст овозда, табассум билан гапирилади, “Кўнглингиз нима тилайди?” деб сўралади, агар у ҳоҳлаган нарсасини  айтса ва бу унга зарар қилмаса, хоҳ ўзи, хоҳ яқинлари орқали топиб беришга ҳаракат қилинади.
9.Бемор ётган уйда кулиш, йиғлаш яхши эмас, ҳар хил кинояли, оғир ботадиган, кўнгилга келадиган сўзларни айтмаган маъқул.
10.Агар зарурати бўлмаса, касал кўргани кечқурун бормаган маъқул, чунки дард одатда кечга бориб кучайиб, беморнинг аҳволи танглашади ёки у чарчаб, оромга шайланган бўлади.
11.Касални толиқтириб қўймаслик учун унинг олдидиа узоқ ўтириш, хасталик ҳақида эзмаланиб гапириш, билмаган нарсасини дори сифатида тавсия қилиш ярамайди. Ўзининг розилиги бўлса, бир оз ўтириб, кўнглини кўтарувчи ибратли ҳикоялар сўзлаб турилади. Гапи совуқ, эзма, бефаросат кишиларни беморнинг ёнига йўлатмаган маъқул.
12.Хасталикка чалинган киши ҳам ўз навбатида келганларга дарди ҳақида гапириб, ҳикоя қилавермаслиги, фақат сўралгандагина жавоб қайтариши керак.  У дарди кучайганида, ўзига ўлим тиламай, Аллоҳдан шифо сўрайди ва шукрона айтади.
13.Беморнинг ҳузуридан тураётганда, унинг ҳаққига дуо қилиб, Аллоҳдан шифо сўралади ҳамда “Худо хоҳласа, тезда тузалиб кетасиз”, “Дард ҳам бир меҳмон, ҳали соғайиб, отдай бўлиб кетасиз” каби сўзлар билан тасалли берилади.
Алҳамду лиллоҳ, юртимиз тинч, турмушимиз осуда, беморларимизга клиника ва шифохоналарда даволаниш учун барча жиҳоз ва шароитлар муҳайё, лекин бемордан ҳол-аҳвол сўрашнинг ўзига хос аҳамияти борки, у халқимизнинг ўзаро меҳр-оқибатининг нишонасидир.

Яна қўйидаги ҳадисда ҳам Пайғамбаримиз (с.а.в): Беморни зиёрат қилиш одоблари ҳақида шундай марҳамат қилганлар: “Сиздан бирортангиз касал кўришга борса, у билан қўл бериб кўришсин ва қўлини беморнинг пешонасига қўйиб аҳволини сўрасин, унга шифо ва узоқ умр тиласин. Ва ундан ўзининг ҳаққига дуо қилишини сўрасин. Зеро, касал кишининг дуоси фаришталарнинг дуоси каби ижобатдир”. Бундан ташқари яна беморнинг тузала бошлаганига ишора қилиш, самимий сўзлар билан унинг кўнглини кўтариш ҳам одоблардир.
Юқорида зикр қилинган динимиз кўрсатмаларига барчаларимизни амал қилиб юришимизни Аллоҳ таоло насиб қилсин. Халқимиз ичида бемор бўлиб касалхоналарда ётган беморларни билиб билмай қилган гуноҳларини кечириб дардларига шифо ато айласин. Аллоҳ таоло барча беморларимизга шифо берсин.

Ёрбеков Абдурауф
“Абу Ҳанифа “ жоме масжиди имом ҳатиби 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan