Сирдарёлик ҳожиларимизга сафарлари муборак бўлсин

Муқаддас ҳаж ибодатини адо қилишни орзу қилмаган, Каъбатуллоҳни зиёрат қилишга қалби ошиқмаган мусулмон бўлмаса керак. Ота-боболаримизга армон бўлиб ўтган ҳаж ва умра ибодатини бугун юртдошларимиз эмин-эркин амалга оширмоқда.

Дарҳақиқат, ҳаж қилишга қодир бўлган кишилар бу ибодатни умри давомида бир марта адо этиш фарздир. Қуръони карим: “Йўлга қодир бўлган одамлар зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш фарзи бордир” – деб буюрилган.

Муқаддас ҳаж ибодатининг ўзига яраша одоб-ахлоқлари бор. Бунга риоя қилган ҳожининг ҳажи қабул бўлади. Жумладан, ҳаж қилиш жараёнида ён-атрофдагиларга яхши муомалада бўлган, ёмон сўзлар билан уларнинг дилини оғритмаган, ўтмиш гуноҳларга тавба қилиб қайта гуноҳлар кўчасига кирмайдиган киши онадан янги туғилгандек гуноҳлардан покланади. Ҳадиси шарифларда иймон ва ихлос ила мукаммал адо қилинган ҳажнинг мукофоти жаннат бўлиши ҳақида башоратлар берилган.

Ҳаж сафарига чиққан киши ўз оиласи, яқинлари, уй-жойини маълум муддатга тарк қилиб, муборак ҳаж сафарини адо қилиш учун муқаддас жойларга зиёратга боради. Яратганнинг меҳмони бўлиб, ўзига жуда кўплаб маънавий, жисмоний ва руҳий озуқалар олади.

Зиёрат давомида ирқи, жинси, ранги, миллати ва мансаб-мартабасидан қатъий назар барча инсонлар Яратганнинг олдидида баробар экани ҳамда бир ота-онанинг фарзандлари экани янада чуқур ҳис қилинади.

Истиқлолдан сўнг жонажон юртимиздан ҳар йили минглаб юртдошларимиз Ҳаж ва Умра зиёратларини адо этиб келмоқдалар. Зиёратчиларимиз хотиржам ва бемалол ибодатларни адо этишлари учун йилдан-йилга шарт-шароитлар яхшиланиб борилмоқда.

Вилоятимиздан ҳаж ва умра сафарига борувчи юртдошларимизга тиббий кўрикдан ўтиш, ташқи виза олиш, банк тўловларини амалга оширишда қулай шароитлар яратиб берилган. Ҳафтанинг якшанба кунлари ўқув амалий машғулотлари ташкил қилиниб, зиёратчиларга зарур маълумот ва кўрсатмалар бериб борилди.

Зиёратчиларимизга сафар давомида қулай ва осон бўлиши учун давлатимиз рамзлари туширилган махсус кийим ва сумкалар, ҳаж қўлланмаси ва видеотасмалар тақдим этилди.

Ҳожиларимиз учун Мадина ва Макка шаҳарларида меҳмонхоналардан жой ажратилган. Уларга транспорт, озиқ-овқат таъминоти ва тиббий хизмат йўлга қўйилган.

Юртдошларимиз Мадина шаҳрида 4 кун бўлиб, бу ердаги муқаддас қадамжоларни зиёрат қилганларидан сўнг Макка шаҳридаги “Аброж ал-Ҳидоя” меҳмонхонасига жойлашадилар. Ҳожиларимизга қулайликни инобатга олиб меҳмонхонадаги ҳар бир хона музлатгич, телевизор ҳамда совутгичлар билан жихозланган ва алоҳида ювиниш хоналари билан таъминланган. Сунъий йўлдош орқали Ўзбекистон телевиденияси дастурларини томоша қилиш имконияти яратилган.  24 соат давомида замонавий махсус автобуслар зиёратчиларнинг ибодатга бориб келиши учун хизматда. Улар 3 маҳал миллий таом, иссиқ чой ва яхна ичимликлар билан таъминланади ва уларга юртимиздан борган малакали ошпазлар ва шифокорлар хизмат қилишади.

Албатта, зиёратчиларимиз ўзларига яратиб берилган кенг шарт-шароитларнинг шукронасини қилиб, уларни қадрига етиб, юртимиз, эл-юрт ҳақига дуои хайрлар қилишларига умид қилиб қоламиз! Аллоҳ таоло уларнинг ибодат ва дуоларини қабул қилиб, сафарларини бехатар айласин!

Азиз юртдошларимизни яқинлашиб келаётган юртимиз мустақиллигининг 26 йиллиги ҳамда Қурбон ҳайити байрамлари билан муборакбод этамиз.

Мўминжон Усмонов

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Сирдарё вилояти бош имом-хатиби

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan