Аллоҳ таоло охирги пайғамбари Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам)га тўғри йўл-Исломни кўрсатишда даставвал “Иқро!”-“Ўқи!”деб мурожат қилди. Бу дегани бутун инсониятнинг тугал маънода саодат топиши ўқиш, илм билан бўлади, деганидир. Барча ибодатларни, муомала ва муносабатларни, ижтимоий сиёсий ҳаракатларни тўғри амалга ошириш ва кўзлаган мақсадларга етишиш учун аввало илм керак. Зотан инсон илмсиз машаққатларга учрайди, бирор натижага етишганда ҳам ундан бошқаларга наф бўлмайди. Дунёвий мақсадлар рўёбга чиқмаганидек, ухровий ишлар ҳам албатта илмсиз мукаммал бўлмайди. Илмлиларнинг Аллоҳ наздида даражаси юксакдир. Қолаверса, одамларнинг наздида ҳам бу икки тоифа ҳеч қачон тенг бўла олмайди. Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, дунёвий фанларнинг ўрнига паст назар билан қарашади. Аслида илм Аллоҳники, уни диний, дунёвийга ажратиш яхши эмас.
Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам “Илм чинда (Хитойда) бўлса ҳам, уни излаб топиб эгалланглар зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир” деганларида ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни назарда тутганлар. (Ибн Адий ва Байҳақий ривояти)
Бинобарин, ҳар қандай касбни пухта эгаллаш, унинг моҳир устаси бўлиш учун ўша касбга тегишли илмни мукаммал олиш керак. Аллоҳ таоло илмли кишиларнинг мартабаларини юксак даражаларга кўтарилажагини баён қилиб “…Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни даража (мартаба)ларга кўтарур…” деган.(Мужодала 11)
Ушбу оятда баён қилинган ваъда нақадар ҳақ эканлигини бугунги кунда бутун дунё тан олиб турибди.Зеро бизнинг юртимиздан етишиб чиққан қанча алломалар, улуғ аждодларимиз шахсияти, илмий ва маданий меъроси дунё ҳамжамиятининг эътиборини ўзига тортиб келмоқда. Бугунги кунда дунё аҳли пандемия COVID19 вируси билан кескин курашмоқда. Бу бало бизнинг юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Муҳтарам юртбошимиз ташаббуси, шахсан бошчилигида карантин даврида бутун юртимиздаги илм даргоҳлари, мактаблар, олийгоҳлар ўқувчи талабалари онлайн тарзида илм олдилар. Бу шуни кўрсатадики, ҳар қандай шароитда ҳам давлатимиз илмни, илм олишни биринчи ўринга қўйганлигидир. Шу маънода юртимиз эртаси бўлмиш ёшларнинг илм олиш ва ҳунар эгаси бўлишлари биринчи навбатда ўзларининг, қолаверса, ота-оналарининг ҳам орзуси. Бу орзуга етишиш учун талаба ва ўқувчилардан сабот ва матонат талаб қилинади. Илм йўлида чекилган заҳмат туфайли жуъзий саҳв ва хатоларнинг кечирилиши Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам “Ҳамма нарсалар, ҳатто дарёдаги балиқлар ҳам илм толибининг гуноҳлари мағфират қилинишини сўрашади” деган ҳадисларида ўз ифодасини топган. Халқимизда бир мақол бор “Олим бўлиш осон-одам бўлиш қийин”. Шунга кўра илму фан ютуқларини қўлга киритиб бориш билан бирга, инсонийлик, меҳру оқибат ва ахлоқий баркамолликка интилишимиз керак бўлади. Зотан, илм ва гўзал аҳлоқ кишини комиллик саодат чўққилари сари етаклайди. Илмсизлик – бу жаҳолатдир!
Хайрулло НИЁЗОВ
Мирзаобод тумани “Маданият”
жоме масжиди имом хатиби