РОСТГЎЙЛИК – МАЪНАВИЙ ЗИЙНАТ

Ростгўйлик инсонни маънавий етук, камолотга кўтарувчи омиллардан биридир. Мўмин-мусулмон киши ёлғончи бўлмайди. Аллоҳ таъоло бундай марҳамат қилади:
“Эй, мўминлар! Аллоҳдан қўрқингиз ва тўғри сўзлангиз! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират этар. Кимки Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас, у улуғ ютуққа эришибди” (Аҳзоб, 70-71).
Суютийнинг “Жомиъ ул-кабир” асарида: “Ростгўйликда хавфу хатар кўрсанглар ҳам рост сўзланглар. Шунда нажот топасизлар. Гарчи фойда кўриб турган бўлсангиз ҳам ёлғондан сақланинглар. Чунки ёлғоннинг охири вой”, дейилган. Савфон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу: “Эй, Аллоҳнинг расули, мўмин қўрқоқ бўладими?”, – деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ҳа”, – деб жавоб бердилар. Саҳоба: “Эй, Аллоҳнинг расули, мўмин бахил бўладими?”, – деб сўради. У Зот: “Ҳа”, – деб жавоб бердилар. Саҳоба яна: “Эй, Аллоҳнинг расули, мўмин ёлғончи бўладими?”, – деб сўради. Жанобимиз “Йўқ”, –  деб жавоб қайтардилар (Имом Молик ривояти). Ёлғончилик барча разолатларнинг бошидир, инсоннинг обрўсини тўкади. Аллоҳ таъоло ёлғончилар ҳақида:
“Албатта, Аллоҳ ҳаддан ошувчи ва ёлғончи кимсаларни ҳидоятга йўлламас” (Ғофир, 28).
“Ёлғон сўзларни фақат Аллоҳ оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқийдилар. Айнан ўшаларнинг ўзлари ёлғончилардир”, – дея марҳамат қилади (Наҳл, 105).
Шунингдек, ёлғон гувоҳлик бериш бузғунчиликнинг бош сабабчиси саналади. Чунки бунинг натижасида кишилар жабру жафо тортади, ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлади, энг ёмони, инсон умри завол топади. Исломда ёлғон гувоҳлик бериш катта гуноҳдир.
Аллоҳ таъолонинг яхши кўрган бандалари ёлғон гувоҳлик бермаслиги ҳақида шундай марҳамат қилади:
“Улар (Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермаслар ва беҳуда (сўз ёки иш) олдидан ўтган вақтларида олижаноблик билан (ундан юз ўгирган ҳолда) ўтарлар” (Фурқон, 72).
Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Рост сўз ўз соҳибини яхшилик сари етаклашини, яхшилик эса уни беҳиштга бошлашини ва рост сўзлаб юрган киши Аллоҳ хузурида ростгўй (сиддиқ) деб ёзилиб қўйилишини баён қилганлар”.          Халқимиз “Бошинга қилич келса ҳам рост гапир”, – деб бежиз айтмаган. Тижоратда, ўзаро муомалада, олди-берди қилишда, умуман, ҳаётнинг барча жабҳаларида ростгўйликка қатъий риоя этишимиз лозим!

Алижон Эралиев
Боёвут тумани бош имом-хатиби                                                            

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan