Бир бойнинг бир оти ва бир эшаги бор экан. У қаерга бормасин, доимо отига миниб, юкларининг ҳаммасини эшагига ортиб юрар экан. Йиллар ўтиб эшак анча мадордан қолибди.
Бир куни бой узоқ сафарга ҳозирлик кўриб, кўп хуржунларни тайёрлабди. Буни кўрган эшак отга ялинибди: “Дўстим, илтимос, юклар жуда кўп экан, сафаримиз узоқ шекилли, шунинг учун юкларнинг ярмини сен ортиб олгин”, дебди.
От эшакнинг гапларини эшитиб, хохолабди ва: “Эсинг жойидами, нега сен ортишинг керак бўлган юкларни мен ортишим керак? Менга нима, қийналсанг – сен қийналасан, мен эмас-ку”, – дебди.
Роса ёлворса ҳам от кўнмабди ва юкларнинг ҳаммасини эшак ортиб олибди. Улар қишлоқдан чиқиб анча узоқлашиб кетибди ва бир ҳафталик йўл юрганидан кейин кечаси юкларнинг оғирлиги ва йўл азобига дош беролмай эшак ўлиб қолибди.
Бойнинг хуноби ошибди ва эшакни шундайлигича ташлаб кетишга кўзи қиймай, юкларни ҳам, эшакни ҳам ортиб, ўзи ҳам отга миниб ортга қайтибди.
Шунда от: “Эсизгина, эшак қанчалар ялинди, тушунтирди, қистади, мен эса тушунмадим, қулоқ солмадим, ғуруримни ўйлаб бўйин эггим келмади, мана шунинг учун ҳам қайсарлигимнинг азобини кўряпман”, – дебди-да, қийналиб йўлда давом этибди.
Баҳром Бегалиев
Сайҳунобод тумани “Пахтакор”
жоме масжиди имом хатиби.