Бидъатнинг луғавий маъноси “янгилик киритиш”, шаръий маъноси “динда бўлмаган нарсани динга қўшиш”дир.
”Хурофот”эса исломгача мавжуд бўлган қадимий диний эътиқодларга оид урф -одатлар, тўқима ривоят ва афсона, ирим – сирим, сеҳр, фолбинлик, қабр тумор каби нарсалардан ёрдам сўраш, динда бўлмаган тўқима одатлардан иборат. Буларнинг бари ҳужжатсиз гаплар ҳисобланади. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: ”Сизлар менинг ва тўғри йўлда юрувчи, ҳидоят топган хулафоларимнинг йўлини тутиб, уни озиқ тишларингиз билан тишлагандек, маҳкам ушланглар. Динга янгилик киритишдан сақланинглар, албатта, ҳар қандай бидъат залолатдур”. (Имом Термизий ва имом абу Довуд ривоятлари).
Ирим-сиримларга кўпроқ аёллар ишонишади. «Болалар туғилганида унга барака сўраб дуо қилиши учун одамлар чақалоқларни Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо) олдига олиб келардилар. Бир чақалоқ келтирилди, уни тўшагидан олаётувди, ёстиғи остига устара (пичоқча) қўйилган экан. Ойша (розияллоҳу анҳо) устарани нимага қўйилганини сўрадилар.Улар жинлардан сақланиш учун, болага жинлар яқинлашмаслиги мақсадида қўйилганини айтишди. Шунда Ойша (розияллоҳу анҳо.) уни олиб, отиб юбордилар ва иккинчи бор бундай иш қилишдан қайтардилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳи алайҳи васаллам) ирим-сиримларни ёқтирмасликларини, уларга ғазаб билан боқишларини айтдилар ва Ойша онамиз (розияллоҳу анҳо)нинг ўзи ҳам ундан қайтаришларини билдирдилар» (Имом Бухорий. Ал-Адаб ал-муфрад, 1/912).
Сурхондарё вилояти, Шеробод тумани маҳалларидан бирида яшовчи 58 ёшли онахонимиз:“Қарасам қизимнинг 1,5 ёшдаги қизининг боши орқа қисмига ингичка “йўл” тушибди.Аслида бу холатда унинг узунлиги баробарида хасип солиш керак, хасип бўлмаса калбаса ҳам бўлаверади, тез шу амални қил”, дедим.Ўзим қўл олганман.Қўл олмагунимча касалдан чиқмадим.Қачон маъзам қоча бошласа сурпамни янгилаш учун бахши момони олдига бориб, маслаҳат сўрайман.Кейин у кишининг кўрсатмасига биноан иш тутаман. Қўй деса қўй, товуқ деса товуқ сўйиб, ис чиқараман, кўчамиздаги аёлларни чақираман.Улар ҳам менга ўхшаб қўл олишган, бу маросимни яхши тушунишади.Гўштнинг асосий қисмини бахшига бераман.Удуми шундай”. дейди қатъий ишонч билан.
Ҳар куни тонгда сут сотишга келадиган чаққонгина, овози ҳам жаранглаб чиқадиган аёл негадир кўринмай қолди.Анча вақт ўтгач, яна сут сотиб юрганини кўриб қолдим ва кўринмай қолгани сабабини сўрадим.”Қон босимим бирданига кўтарилиб, шифохонага тушиб қолдим.Муолажаларга қарамасдан, ҳафта давомида ўзгариш бўлмади.Ўғлимга ўзим ҳар доим бориб турадиган фолбинни чақириб келишини айтдим.Фолбин касалимга укол-дори наф бермаслигини, “эскича” эканини айтди.Врачга ҳам тушунтириб айтдим.Унинг рухсати билан ўзимга таниш, машҳур бир бахши аёлникига бордим.Мени кўрдию, қора қўчқор сўйиб, “ис” чиқаришимни айтди.Ўғлим катта қўй олиб келди.Шу куннинг ўзида бахши айтгандай йўл тутиб, “ис” чиқардик.Шундан кейин жоним кириб, одам бўлиб қолдим.Ҳўжайиним намоз ўқийдилар.Бунақа нарсаларга ишонмайдилар.Ҳар доим намоз ўқишим кераклигини айтадилар.Хотирам суст, миямда ҳеч нарса қолмайди, намоз ўқиёлмайман”, деди у.
Саксонга яқинлашган бир онхоннинг жаназасида отинойининг сўзига қарши ўлароқ, мархуманинг яқинларига қараб:”Белларингни боғлаб, айтиб-айтиб, овоз чиқариб йиғланглар”, деб даъват қилаётган, 75 ёшлардаги аёл диққатимизни тортди.Маълум бўлишича, бу аёл қўшнилари экан.Тезда ширинлик ва оқ рўмолчани тарқатиб юборишларини буюрди.Отинойи дархол бунинг олдини олди.Шунда ҳам халиги аёл ён бермас, “Бу ширинлик тўйхоналардан мархума олиб келиб набираларига берган конфетларнинг ўрнига қарзни узади, гуноҳларининг тўкилишига ёрдам беради”, дея аёлларга уқдирар эди.Аёл билан суҳбатлашганимизда “қўл” олганини, сурпасини ҳар доим янгилаб туришини, “одамлари” борлигини, ҳар доим “одам”и орқасидан юришини айтди.”Касалларни қўлим билан даволайман, ҳеч нарса ўқимайман.Даволаниб турувчилар кўп”, деди у.
Ҳаётда учраб турадиган бу каби хато фикр ва мулоҳазалар на шарьий, на илмий асосларга эга. Имом Молик раҳимаҳуллоҳ: “Суннат – Нуҳ алайҳиссаломнинг кемаси кабидир.Унга минган киши нажот топади.Ундан қолиб кетган киши ғарқ бўлади”, деганлар.Демак, аввало, биз аёллар ҳам ҳаётимиз давомида Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг суннатларини ўрганиб, кундалик ҳаётимизга татбиқ қилишимиз, турли ирим-сиримлардан сақланишимиз, бошқаларни ҳам тўғри йўлдан юришга ундашимиз лозим.
Муяссар Ҳасанова,
Гулистон шаҳар отинойиси.