Динимиздаги муҳим асослардан бири ҳар бир амални Аллоҳ таоло учун холис қилиш ва ихлосни йўққа чиқарадиган риё, сумъа, ужб, кибр ва ғурур каби амаллардан узоқ бўлишдир. Шунинг учун ихлоснинг моҳиятини ўрганиш ва у ҳақида мулоҳаза қилиш ҳар бир мусулмон учун зарурҳисобланади. “Ихлос” сўзи “тозалаш” ва “поклаш” маъноларини билдиради. Яъни, амалларни ғаразли мақсадлардан тозалаш, соф ва холис бир кўринишга келтиришдир. Ихлоснинг зидди риё ва сумъа, яъни одамлар кўриши ва эшитиши учун амал қилишдир. Ихлоснинг истилоҳий маъноси ҳақида уламоларимиз бир қанча таърифлар келтирганлар. Аллома Изз ибн Абдуссалом шундай дейдилар: “Ихлос – мукаллаф киши ибодатни фақат Аллоҳ таоло учун қилиши, одамлардан ҳурмат-эътибор кутмаслиги, бирор диний фойда кўриш ёки дунёвий зарардан қутилишни қасд қилмаслиги керак”.
Ихлоссиз қилинган амал кўринишда ҳар қанча улуғ, ҳар қанча катта бўлмасин, у саробдир. Охиратда эгасига фойда келтирмайди.Амални фақат Аллоҳнинг розилигини кўзлаб қилиш бандага нажот келтиради.
Қуръони каримнинг тафсири сифатида ҳадиси шарифларда ҳам ихлос мавзусига тўхталиб ўтилган. Аксарият ҳадис китоблари ниятни холис қилиш ҳақидаги Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сўзлари билан бошланади:
“Албатта, амаллар(нинг савоби) ниятларга боғлиқдир. Ҳар ким нима ният қилган бўлса, унга шу нарса бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлган бўлса, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учундир. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлган бўлса, дунёга етади. Аёл учун ҳижрат қилса, уни никоҳига олади. Ҳижрати нима учун бўлган бўлса, унга ўша нарса бўлади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Ҳамдун ибн Аҳмаддан сўрашди:
– Нега ўтган улуғларнинг гаплари бизникидан фойдали бўлган?
– Чунки улар Исломни азиз қилиш, нафслар нажот топиши ва Раҳмоннинг розилиги учун гапирганлар. Бизлар эса нафслар азизлиги, дунё талаби ва одамларни рози қилиш учун гапирамиз.
Табаа тобеъинлардан бўлган Ибн Уяйна Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи
васалламнинг ҳадисларидан гапирса, дарс ҳалқасида турган ҳолида йиғлаб
юборар эди. Лекин одамлар сезмасин, деб салласини кўзига тушириб олар ва:
“Бу йўтал бунча қаттиқ бўлмаса”, – деб қўярди.
Мухлис кишилар амални ихлос билан қилиш, унинг савоб ва суннатга мослиги
ҳамда оз бўлса ҳам давомийлигига эътибор қаратади. Мухлис бўлмаганлар эса гарчи амалини риё, хурофот ва бидъатлар фосид қилса ҳам, амалнинг кўплигига қизиқадилар.
Бугунги кунда ҳам ибодат, муомала, тўй-маърака маросимлари ва бошқа амалларимизда ихлосга жуда муҳтожмиз. Яхшилаб ўрганиб кўрсак, анча мунча ишлар риё ва хўжакўрсинга чиқиб кетади. Ном чиқариш учун қанча ҳаракат, қанча харажат қиламиз. Лекин натижада ҳеч қандай савобсиз қоламиз. Шунинг учун ҳар бир ишимизда ниятни тўғрилаш, ғаразларсиз холис амал қилиш асосий мақсадимиз бўлиши керак. Оз бўлсада ихлос билан қилинган амаллар, охиратда банданинг саодат топишига сабаб бўлади.
Ботир домла Носиров
Ховос тумани “Ҳуснобод” жоме
масжиди имом-хатиби