Мероснинг аркон ва шартлари ҳақида сўз борар экан, аввало баъзи заруратлар ҳақида тўхталиб ўтиш лозим. Вафот этган кишидан қолган тарикага бир неча ҳақлар боғлиқ бўлади ва улар қуйидаги тартибда адо этилади:
- Марҳумнинг мероси ҳисобланиб, аввало уни кафанлаб кўмишга кетадиган сарфлар ажратилади.
- Кейин одамлардан қарзи бўлса, ўша қарз учун бериладиган маблағ ажратилади.
- Маййитнинг молиявий васиятлари учун сарф қилинади.
- Маййитнинг кўмиш харажатлари, қарзи ва васиятидан ортиб қолган моли меросхўрларга бўлиб берилади.
Шариатда мерос олиш ҳақи уч хил сабаб ила собит бўлади:
1.Насаб йўли билан. Ота-она, фарзандлар, ака-ука, опа-сингил ва амакилар киради.
- Никоҳ йўли билан ҳам мерос олиш ҳақи собит бўлади.
- Қул озод қилиш туфайли.
Шунингдек, мерос олиш даражалари ҳам турлича бўлади:
- Фарз эгалари. Қуръон, Суннат ёки ижмоъда ҳиссаси аниқ белгилаб берилган меросхўрлар фарз эгалари дейилади.
- Насабий асабалар. “Асаба” деганда, кишига энг яқин эркак қариндошлар тушунилади.
- Эр-хотиндан бошқа фарз эгаларига ҳақларидан ташқари меросдан ортиб қолган молни қўшимча тақсимлаш. Мерос фарз эгаларига тақсим қилингандан кейин ортиб қолса, асаба қариндошлар олади. Лекин асаба бўлмаса, ортиб қолганини фарз эгаларига ўз ҳиссаларига кўра бўлиб берилади.
- Аёл томонидан бўлган қариндошлар. Бу тоифага тоға, хола, амма, қизнинг ўғли, қизнинг қизи кабилар киради.
- Эр ва хотинга қайтариш. Масалан, бир эр вафот этди. Ортидан хотинидан бошқа меросхўр йўқ. Хотин қолган мероснинг тўртдан бирини фарз эгаси сифатида олади. Қолганини эса бошқа меросхўрлар бўлмагани учун қайтариш ила олади.
- Аввал қул бўлиб, кейин озод этилган киши вафот этсаю, меросхўр бўлмаса, уни озод қилган киши меросини олади.
- Бизнинг мазҳабимизда меросхўри йўқ одам молининг бировга берилишини васият қилган бўлса, ўша кишига берилади.
- Байтулмол. Марҳумнинг ортидан умуман меросхўр бўлмаса, унинг моли байтулмолга топширилади.
Мероснинг арконлари учта:
- Мерос қолдирувчи.
- Меросхўр.
- Мерос.
Мероснинг шартлари қуйидагилардан иборат:
- Мерос қолдирувчининг ҳақиқатда ўлиши ёки ўлими ҳақида ҳукм чиқиши.
- Мерос қолдирувчи ўлган пайтда меросхўрлар тирик бўлиши.
- Қариндошлик ва мерос олиш ҳақи аниқ билиниши.
Мазкур маълумотлар тўплангандан кейин меросхўрликка даъвогарларни саралаш бошланади. Меросхўрлар сараланиши дегани, баъзи қариндошлар мерос олиш ҳақидан маҳрум бўлган бўлиши ҳам мумкин.
Шариатда мерос олишга боғлиқ шартлар қандай баён қилинган бўлса, яна шундай ҳолатлар ҳам борки, унда меросхўр мерос олишдан маҳрум қилинади. Ҳанафий уламоларимиз меросдан манъ қилиниш ҳақидаги барча ҳужжат ва далилларни диққат билан ўрганиб чиққанларидан кейин меросдан манъ қиладиган нарсалар қуйидагилардан иборат эканини баён қилганлар.
Мерос олишга монеълик қилувчи сабаблар:
- Қатл. Шаръий амалларни бажариши лозим бўлган оқил, балоғатга етган ва ҳур кишининг мерос қолдирувчини ноҳақдан ва узрсиз қасддан ўлдириши бу мавзуда кўзда тутилган қатл ҳисобланади. Бунда шахсан ўзи ўлдирса ҳам, бировга шерик бўлиб ўлдиришда қатнашса ҳам барибир. Абу Ҳурайра (р.а.) дан ривоят қилинган ҳадисда пайғамбаримиз (с.а.в.): “Қотил мерос олмайди” деб марҳамат қилганлар.
- Мерос қолдирувчи билан меросхўрнинг дини бошқа бўлиши. Мусулмон одамдан мусулмон бўлмаган одам мерос олмайди. Усома ибн Зайд (р.а.) дан ривоят қилинадики, пайғамбаримиз (с.а.в.) бир ҳадисларида: “Мусулмон кофирдан мерос олмайди”, дедилар. Муртад, яъни, Ислом динидан қайтган одам ҳам мусулмондан мерос олмайди.
- Қуллик. Қул бўлган эркак ва аёллар бировдан мерос олмаганлар ва уларнинг мероси ҳам бўлмаган.
- Ватаннинг икки хил бўлиши.
- Меросхўрни аниқлаб бўлмаганда.
- Пайғамбарлик. Пайғамбаримиз (с.а.в.) нинг ҳадисларига биноан, у зотдан мерос қолмаган.
- Зино. Зинокор эркак ўзидан бўлган болани тан олса ҳам бола мерос олмайди.
Бундан ташқари меросда ҳажб деган ибора ҳам бор. Ҳажб луғатда манъ қилиш тўсиш деган маънони англатади. Шариат истилоҳида эса, яқин ворис узоқ меросхўрни ёки яқинроқ меросхўр яқин меросхўрни мероснинг ҳаммасидан ёки баъзисидан манъ қилишига айтилади. Масалан, бобо билан ота, ота бор жойда бобо мерос олмайди. Ота билан ўғил, ўғил бор ерда ота барча меросни эмас, унинг олтидан биринигина олади.
БОТИР НОСИРОВ
Ховос тумани “Хуснобод” жоме
масжиди имом-хатиби