Сафар ойидан шумланиш йўқ

 

Сафар ойи ҳижрий-қамарий тақвим бўйича йилнинг иккинчи ойидир. Исломдан аввалги жоҳилият даврида “Бу ойда фалон ишни қилиб бўлмайди, фалон иш мумкин эмас” каби шумланишлар урф бўлган.

Афсуски, жоҳилиятнинг жоҳил эътиқодларидан бўлмиш Сафар ойидан шумланиш баъзи сабабларга кўра ҳозиргача орамизда сақланиб келмоқда.   “Сафар ойида иш бошлаш, тўй қилиш, сафарга чиқиш хосиятсиз”, деган  гапларнинг ҳеч қандай асоси йўқ.Сафар ойидан шумланишга қарши фақат тушунтириш ишлари олиб бориш билан кифояланмасдан, балки амалий ва ибратли ишлар ҳам қилинди.Жоҳилият аҳлининг сафар ойидан шумланишига тамоман зид равишда бу ой Исломда “Сафарул хойр” (Сафар- яхшилик ойи), деб номланди.

     Сафар ойида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонидан жуда кўп хайрли ишлар амалга оширилди ва бу ойдан шумланиш бекор эканлиги исботланди.Чунончи, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам  сафар ойининг йигирма еттинчи кечаси  Маккадан Мадинага ҳижрат қилганлар,  қизлари Фотима розияллоҳу анҳони Али розияллоҳу анҳуга турмушга берганлар, ҳижрий бешинчи йил сафар ойида Зайнаб бинти Жаҳш розияллоҳу анҳога уйланганлар, Макка фатҳидан олдин, ҳижрий саккизинчи йил сафар ойида машҳур саркарда Холид ибн Валид [1], Миср фотиҳи Амр ибн Ос, Каъба калити эгаси Усмон ибн Талҳа розияллоҳу анҳум сингари буюк саҳобалар исломни қабул қилишган. Ҳижратнинг тўққизинчи йили сафар ойида Узра қабиласидан ўн икки киши элчи бўлиб келган.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам элчиларни яхши кутиб олганлар, уларга Шом фатҳи ҳақида мужда берганлар,  фолбинлардан савол сўрашдан ва Аллоҳдан бошқага атаб жонлиқ сўйишдан қайтарганлар. Улар Исломни қабул қилиб, Мадинада бир неча кун тургач, юртларига қайтиб кетишган.

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Ҳашр сураси 7- оятида  марҳамат қилади: “…Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олингиз, у сизларни қайтарган нарсадан қайтингиз…”.Дарҳақиқат, Аллоҳнинг фарзларини бажариб, Расулуллоҳ суннатларига эргашган ҳар бир мўмин мусулмон икки дунё саодатига эришгай, иншааллоҳ.

Муяссар Ҳасанова,
Гулистон шаҳар отинойиси

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan