Муҳаррам ойи фазилатлари

 

     Муҳаррам ойи – ҳижрий-қамарий йилнинг биринчи ойи ҳисобланади. “Муҳаррам” сўзи луғатда “ҳурматланган”, “ҳаром қилинган”, “улуғланган” деган маъноларни англатади. Муҳаррам ойи Рамазон ойидан кейинги мартабада туради. Бу ойда энг улуғ кунлардан бири – Ашуро куни бор. “Ашуро” сўзи луғатда “ўнинчи кун” деган маънони билдиради. Муҳаррам ойининг ўнинчи куни Ашуро номи билан машҳур бўлган.

     Ашуро куни ёки бу ой тарихи Ислом динининг аввалги даврларига бориб тақалса-да, лекин замонамизда ҳам Ашурони нишонлайдиган давлатлар бир қанча. Жумладан, Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Бангладеш каби давлатларда ҳозирги кунда ҳам бу куннинг шарафидан таътил берилади.

     Аҳли сунна вал жамоа мазҳабида бу кунда рўза тутиш, оиласига кенгчилик қилиш тавсия этилади. Муқаддас китоб ва ҳадисларга асосланган холда,  Ашуро куни фазилатлари, ҳикматлари, хислатларига  қуйидагиларни киритиш мумкин:

  1. Муҳаррам ойи “Аллоҳнинг ойи” номига сазовор бўлган ой эканлиги.
  2. Аллоҳ таоло Муҳаррам ойида ўтган қавмлардан бирининг тавбасини қабул қилганлиги, бошқа қавмларнинг ҳам тавбасини қабул қилиши.
  3. Бу ойда иложи борича кўпроқ тавба қилиб, истиғфор айтиш зарурлиги.
  4. Зулҳижжа ойининг охириги куни ва Муҳаррам ойининг 1-куни рўза тутиш 50 йиллик гуноҳларга каффорот бўлиши.
  5. Бу ойнинг 9, 10, 11-кунлари, шунингдек, пайшанба, жума ва шанба кунлари кетма-кет рўза тутган кишига 900 йиллик нафл рўза савоби берилиши.
  6. Агар чоршанба кунидан бошлаб тутса ва жума куни бир садақа берса Аллоҳ унинг бутун гуноҳларини кечириши.
  7.    Муҳаррам ойида бир кун рўза тутса, тутган ҳар куни учун 30 кунлик                рўза савоби берилиши.
  8. Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Ашуро кунининг рўзаси ўтган ва келгуси йил гуноҳларига каффорот бўлади, деб умид қиламан”, – деганлари.

         9.Муҳаррам ойининг 1-кунидан 10-сигача кетма-кет рўза тутган кишининг Ҳазрати Ҳасан ва Ҳазрати Ҳусайин (р.а.)лар билан бирга жаннатга киришлари хушхабари берилгани.

   10.Ашуро кунининг яна бир хислати – бу кунда аҳли аёли, фарзандларига кенгчилик қилиш, кийим-кечак, уйга жиҳозлар олиб бериш, уларни хурсанд қилиши.Тўрт мазҳаб уламолари оиласига рўзғор қилиб беришни мустаҳаб деганлари. Суфён ибн Уяйна: “Биз буни эллик ёки олтмиш йил тажриба қилиб кўрдик ва фақатгина яхшилик кўрдик”, дегани.

    Дарҳақиқат, бу ойнинг фазилатлари беқиёсдир.Асосийси, мана шу қимматли фурсатларни бой бермай, жидду жаҳд билан ибодат қилишимиз, шукрли, зикрли, сабрли бўлиб, Аллоҳга дуо қилишимиз барчамиз учун манфаатлидир, иншааллоҳ.

Муяссар  Ҳасанова, Гулистон шаҳар отинойиси

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan