Ёлғон – фақат ёлғончининг шахсига эмас ёки ёлғондан бевосита зарар топувчигагина эмас, балки бутун жамиятга, инсониятга зарар етказадиган катта маънавий жиноятдир.
Муқаддас динимиз ростгўйликни тарғиб қилувчи, ёлғончилик ва алдамчиликдан қайтарувчи диндир. Ростгўйлик борасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўплаб ҳадислар ривоят қилинган. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Доимо рост гапиринг. Зеро, ростгўйлик яхшиликка олиб боради. Яхшилик эса жаннатга етаклайди. Киши рост гапиришда бардавом бўлаверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “сиддиқ” (фақат рост сўзловчи) деб ёзилади. Ёлғончиликдан сақланинг. Чунки ёлғон бузуқликка етаклайди. Бузуқлик дўзахга олиб боради. Киши давомли ёлғон гапираверса, Аллоҳнинг ҳузурида у “каззоб” (ёлғончи) деб ёзиб қўйилади”, дедилар” (Имом Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал ривоят қилган ҳадисда Ойиша онамиз розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам учун ёлғондан кўра ёмонроқ хулқ йўқ эди. Агар бирор кишининг сал бўлса ҳам ёлғончи эканлигини билиб қолсалар, ўша одам тавба қилмагунча қалбларидан чиқармас эдилар», дейдилар.
Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизларга катта гуноҳлар ҳақида хабар берайми?”, деб уч марта сўрадилар. Биз: “Ҳа, айтинг, эй Аллоҳнинг расули”, дедик. Шунда у зот: “Аллоҳга ширк келтириш, ота-онага оқ бўлиш”, деб суяниб турган эдилар, ўтириб олдилар. “Огоҳ бўлинглар, ёлғон сўз ва ёлғон гувоҳлик бермоқ”, деб такрорлайвердилар. Биз ҳатто: “Қанийди сукут қилсалар”, деб айтдик” (Муттафақун алайҳ).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:“Ёлғондан сақланинглар, чунки иймон бир томонда, ёлғон бир томондадир. Ёлғон билан иймон бир кишида жам бўлмайди”. Ва яна Расулимиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мўмин кишида ҳамма хулқлар бўлиши мумкин, аммо хиёнат ва ёлғончилик бўлмайди”, дедилар..Ёлғончилик мунофиқлик аломатидир.Ҳадисда: “Мунофиқликнинг аломати учтадир: агар гапирса ёлғон гапиради, омонатга хиёнат қилади, ваъдасига хилоф қилади”, дейилади.
Ёлғончилик барча разолатларнинг аслидир. Шунинг учун ҳам Исломда бу разолатга нисбатан ўта муросасиз муносабатда бўлинган ва унга ҳеч йўл қўймасликка даъват қилинган Ҳадис ривоятчиси Сафвон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадиларки: «Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин қўрқоқ бўладими?», деб сўралди. У зот «Ҳа», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин бахил бўладими?» деб сўралди. У зот «Ҳа», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин ёлғончи бўладими?», деб сўралди. У зот «Йўқ», дедилар».
Фарзанд тарбиясида ҳам ота-оналар ва устозлар болаларга умуман ёлғон гапирмасликлари зарур. Агар ўзлари ёлғон гапирсалар-у яна улардан ростгўйликни талаб қилсалар ҳеч қандай фойдаси бўлмайди. Ёлғон ва алдовни кўрган болада ўзининг тарбиячиларига ва қолаверса, жамиятга бўлган ишончи ва эътибори йўқолади, тарбиячиларининг панд – насиҳатлари қадрли бўлмай қолади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир гўдак болага «мана буни ол деса-ю», ҳеч нарса бермаса, у одам ёлғончи бўлади», дейдилар.
Имом Абу Довуд ривоят қилган ҳадисда эса, Абдуллоҳ ибн Омир розияллоҳу анҳу қуйидагиларни келтирадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уйимизда ўтирган эдилар. Онам менга «Бу ёққа кел, сенга бир нарса бераман», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам онамдан: «Унга нима бермоқчи эдинг», деб сўрадилар. Онам: «Хурмо бермоқчи эдим», деди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар бирор нарса бермайдиган бўлганингда, сенга бир ёлғон ёзилар эди», дедилар.
Ушбу икки ҳадиси шарифни бугунги ҳаётимизга солиштириб кўрсак, атрофимизда нималар бўлаётганини яна ҳам аниқроқ тушунамиз. Ёлғончилик бугунги кунда инсонлар учун одатий яшаш тарзига айланиб кетган. Ҳатто, ёлғон ишлатиб, гўё ошиғи олчи бўлиб юрганларга қойил қолувчилар ҳам йўқ эмас. Ёлғончилик туфайли бошимизга тушган мусибатлар қилмишимизга муқояса қилинганда, бу кўргуликларимиз ҳали оз эканлигини билмаймиз. Ҳозирги оғир синовли кунларда ҳам одамлар орасида ёлғончилик оддий холат, муроса қилиб яшашнинг воситаси сифатида қаралаётгани ачинарлидир. Ёлғон ёлғончининг ўзига маънавий зарар келтиради, холос, деб ўйлайдилар. Аслини олганда эса, ёлғон йўлида учраган барча нарсага олов пуркаб, куйдириб, ёндириб, янчиб ўтувчи аждаҳо каби ҳамма нарсага зарар етказади. Ҳатто ҳаётнинг барча соҳаларини бирин-сирин фалокатларга олиб келиши ҳам мумкин.
Дарҳақиқат, ёлғон туфайли инсонлар орасига совуқчилик тушиб, қалблар озорланади. Меҳр-оқибат кўтарилиб, ишонч йўқолади, яқинликка дарз кетиб, узоқлашиш бошланади.Жамиятда ўзаро муносабат бузилади. Шу сабабли ҳар қандай холатда ҳам ёлғондан сақланиб, ростгўйликни ўзимизга одат қилайлик.
Зеро, ёлғондан нафақат ўзимизни балки яқинларимизни ҳам асрамоғимиз лозимлиги юқорида келтирилган Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифларда таъкидлангандир.
Муяссар Ҳасанова,
Гулистон шаҳар отинойиси