Бугунги кунимизнинг энг долзарб масалаларидан бири аёллардаги иффат, ҳаё, ор-номусдир.
Иффат нима? У энг чиройли одоб ва олий даражадаги хулқ бўлиб, аёлларимизни юксакликка кўтарувчи даражадир.
Қуръони каримда иффат ҳақида шундай дейилган:- “Солиҳа аёллар-эрларига итоаткор, эрлари йўқлигида Аллоҳнинг хифзи-ҳимояси бўйича уларнинг ҳақларини сақловчилардир”(Нисо сураси,34-оят). Бундан мурод – деб тушунтиришган муфассирларимиз, аёл киши эри йўқ вақтида ҳам нафсини ва эрининг мол –мулкини сақлаши лозимлигидадир. Қадимда момоларимиз эри йўқ пайтида эркак киши чақириб келса ҳовлидаги устунга бирор ёғочни уриб жавоб беришган экан. Ёки бегона киши дарвозанинг занжирини 3 марта урар, жавоб бўлмаса қайтиб кетаверар экан. Агар уйда ичимлик сув тугаб қолса, дарвозани олдига челаклар чиқариб қўйилар, ўтиб кетаётган йўловчи сув тўлдириб қўйиб кетар эканлар.
Қуръони каримда жаннат аёллари ва ҳурлари ҳақида васф қилинган: “Олдиларида кўзларини бегоналардан тийгувчи шахло кўзлилар бордир” (Соффат сураси,48-оят).”Уларда, яъни жаннатларда кўзлари тийилган аввал инс ҳам,жин ҳам тегмаган ҳурлар бор”(Ар-Рохман сураси,56-оят).”Чодирларни лозим тутган ҳурлар бор”(72-оят).
Демак, жаннатдаги ҳурларни ўз хожаларидан бошқалар кўришмайди. У ҳурлар ҳам эрларидан бошқаларга кўз тикмайдилар.Ўз зийнатларини бошқаларга кўз-кўз қилиб намойиш қилишмайди, аксинча, ҳурматларини сақлайдилар. Улар тилла, кумуш, маржон,ёқут ва зумрадлар билан безалган чодирларда бўлишади.
Демак, иффатли, диёнатли ва шарм- ҳаёли бўлиш аёлларимизнинг юксак аҳлоқи ва покизалигидан далолат беради.
Замонага шукроналар бўлсинки, ҳозирги даврда иболи,ҳаёли қизларимиз кўпчиликни ташкил этади. Ҳозирги замонда оқила, ҳаёли, иболи бўлиш билан бир қаторда илм олишга ҳаракат қилаётган ва олий маълумотга эга бўлиб юрт корига ярай олаётган қизлар киши кўзини қувонтиради.
Мана юртимизнинг талай ҳудудларида кўпгина қизларимиз турли йўналишларда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланмоқдалар. Ўзининг ҳаёси, ибоси, одоб-аҳлоқи билан бирга ишбилармонлик, маърифатлилик, ақл-идрок борасида тенгдошларига ўрнак бўладиган қизларимиз кўпаяверсин. Зеро бир ўғилни мукаммал тарбия қилсанг бир яхши инсон тарбия олади, бир қизни мукаммал тарбия қилсанг бутун бир жамият тарбия олади.
Раҳима Искандарова
Сирдарё вилояти вакилининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси.