Аллоҳ таоло инсонни хушбичим, хушсурат, гўзал қилиб яратди. Бу гўзалликни сақлаб бориш вазифасини эса унинг ўзига топширди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фитрат бешта нарсададир: 1.Хатна қилдириш. 2.Остки тукларни қириш. 3.Тирноқларни олиш. 4.Қўлтиқ тукларини юлиш. 5.Мўйловни қисқартириш”, деб айтдилар. Бухорий ривояти.
Ҳаётимизда кўп ишларимизни маълум қоидаларга асосланган ҳолда амалга оширамиз. Танамизнинг бир қисми бўлган тирноқларимизни олишлик ҳам бир қоида асосида бажарилади. Динимиз бу қоидани суннат деб атайди. Суннатга мувофиқ тирноқ олиш яхши кўрилган ишдир.
Ҳалқимиз орасида бу борада баъзи бидъат бўлган гаплар ҳам юради. Бу оёқ тирноғини қўл билан бирга олиб бўлмайди. Бу аслида йўқ гап.
Тирноқ ўсдими уни олиш суннат хисобланади. Тирноқни ўстириб юриш ризқни торайтиради. Фалон кун тирноқ олиб бўлмайди, фалон кун тирноқларни олса бўлади деган гаплар ҳам нотўғридир. Тирноқларни исталган кунда олиш жоиздир.
Қўл тирноқларини олиш суннати шундан иборатки, ўнг қўл кўрсаткич бармоқдан бошлаб жимжилоқ, яъни кичик бармоққа қараб тушилиб, чап қўл жимжилоқдан бош бармоқга қараб чиқилади ва чап қўл бош бармоқ охири ўнг қўл бош бармоғи билан тугатилади.
Оёқ бармоқлари эса ўнг тарафдан бошлаб чап тараф билан тугатилади.
Тирноғи олингандан кейин уни кўмиб қўйиш мустаҳаб амал ҳисобланади. Ҳаммом ва ҳожатхонага ташлаши макруҳ. Чунки бундай ҳолатларда ҳар – хил касалликлар келиб чиқади. Фатво китобларимизда тўрт нарсанинг ерга кўмилиши айтилган. Тирноқ ва соч шулар жумласидандир. Тирноқни олгандан кейин кўмиш мустаҳаб. Уни бировга кўрсатмай олиш лозим.
Тиб олимларининг таъкидлашларича, тирноқ остига бактерия, замбуруғ, паразит ва вирусли касалларга оид микроблар йиғилади. Бунинг натижасида эса бир қанча хасталикларга, жумладан, тирноқ касалликлари, ўсган тирноқлар билан овқат танаввул қилиш билан тиш, милк, тил, оғиз бўшлиғи, томоқ, ичаклар, қоннинг бузилиши ва энг хатарлиси ошқозон касалликларига сабаб бўлади, дейдилар.
Барчаларимиз шу каби суннатларга амал қилиб улуғ савобларга эга бўлишимизни Яратганнинг Ўзи насиб айласин.
Улуғбек ҚОБИЛОВ
Сирдарё тумани “Аҳмад ибн Малик”
жоме масжиди имом хатиби