Оммавий маданият

Сўнги пайтларда оммавий маданият ниқоби остида асли маданиятга зид бўлган хатарли иллатлар йўғирилган ғояларни ёшлар онгига сингдиришга уринишлар кучаймоқда. Уларни йўлини тутган ўсмир ёшлар лоқайд, худбин ва атрофдаги воқеа ҳодисаларга бефарқ бўлиб вояга етади.

Оммавий маданиятни сингдиришага уринаётганлар, ёшларни худбин ва лоқайд кимсаларга айлантириш, ахлоқий бузуқлик ва зўравонлик, бир жинслилар никоҳи, зино, гиёҳвандлик каби иллатларни тарғиб этишни мақсад қилишган. Бу каби иллатларни олдини олиш ва муолажа қилиш Ислом динида батафсил баён қилинган. Бунинг учун ҳар бир оилада ота-она фарзандларини динимизда тарғиб қилинган одоб-ахлоқ масалаларини тўғри йўлга қўйишлари керак бўлади.

Имони мустаҳкам, эътиқоди соғлом инсон Аллоҳ таоло яратган барча нарсаларни кўриб, эшитиб турганига чин қалбдан ишонади. “Халқ кўрмаса ҳам, Холиқ (яратган эгам) кўриб турибди”, деган эътиқоди уни гуноҳ ишлар қилишдан, бузуқлик ва беҳаёликлардан тўсиб туради.

Аллоҳ таоло билмайдиган ҳеч нарса йўқ. У Зот ҳамма нарсадан хабардор. Ҳатто кимнингдир бировга айтилмасдан, ўғринча кўз қирини ташлаганини ҳам кўради, билади. У Зот ҳеч кимга билдирмасдан, дилга тугиб қўйилган нарсаларни ҳам жуда яхши билади.

Ёшларимиз одобли, ота-онаси, оиласи, Ватани, дини ва халқига муносиб хизмат қиладиган комил инсон бўлиб улғайиши учун оиладаги диний муҳит ва назорат жуда муҳимдир.

Хуршид АСЛАНБАЕВ
Янгиер шаҳар “Абдуқаҳҳор хожи”
жоме масжиди имом-хатиби

 

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan