Сабрнинг фазилати

Аллоҳ таоло барчаларимизни турли синов ва балолар билан имтиҳон қилиб туради. Ҳеч ким Аллоҳнинг синовларидан омонда қола олмайди. Шундай бўлгач, мусулмонлар Парвардигорнинг синовларига учраганда сабр қилишлари, буларнинг барини Яратгандан деб иқрор бўлишлари зарур бўлади.

Аллоҳ таоло мўминларнинг асл фазилатларини зикр этиб, бундай деган:

Яхшилик юзингизни машриқ ёки мағриб томонга буришингизда эмас. Лекин яхшилик ким Аллоҳга, охират кунига, фаришталарга, китобга, Пайғамбарларга иймон келтирса ва яхши кўрган молини қариндошларга, етимларга, мискинларга, ватангадоларга, тиланчиларга, қул озод қилишга берса, намозни қоим қилса, закот берса; Аҳд қилганда аҳдига вафо қилувчилар, камбағаллик, қийинчилик пайтида ва шиддат вақтида ҳам сабр қилувчиларга хосдир. Ана ўшалар содиқ бўлганлардир. Ана ўшалар тақводорлардир. (Бақара сураси, 177-оят).

Яхши инсонлар қаторига оятда келган жуда кўп фазилатлар қатори “қийинчилик ва муҳтожликда, мусибат етганида сабр қиладиганлар” ҳам киради. Инсон ожиз мавжудот, бошига сал ғам, ташвиш ё бирор мусибат келса, дарров “оҳ-вой” га тушади, шикоят қила бошлайди, чидамаслик қилади. Ваҳоланки, бошга машаққат ё мусибат келганида сабр қилиш яхшиларнинг сифатларидандир. Мусибат ёки бир бало-офат етганида мўмин киши сабрли бўлиб, Жаноби Ҳақ Ўзи ўргатган истиржоъ дуосини («Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиҳун») оятини айтиши лозим. Агар бу дуодан сўнг «Аллоҳумма ажирний фи мусибатий вахлуф лий хайромминҳа» («Аллоҳим, менга мусибатимда ажр бер ва унинг ўрнига яхшироғини бергин») дуосини қўшса, Пайғамбар (алайҳиссалом) суннатларига амал қилган бўлади. Пайғамбар (алайҳиссалом): «Бирортангизнинг оёқ кийими ипи узилса ҳам, истиржоъ айтсин», деганлар. Демак, каттаю кичик ҳар бир кўнгилсиз ҳодисада сабр керак экан.

Барча пайғамбарлар ўз умматларига ибрат бўлиш учун ҳар қандай синов-қийинчиликларга сабр этишгани тарихдан маълум. Мусибатларга сабр этиш Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳам улуғ сифатларидан эди. Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг ушбу ояти орқали у зотнинг умматлари бўлмиш сизу биз, мусулмонларга ҳам сабрни буюрган ва бунинг натижаси яхшилик билан тугаши хабарини берган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмонга қай бир мусибат: чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикан киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилур», дедилар» (Имом Бухорий ва Муслим ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида инсонга етадиган бир неча мусибатлар ичида беморликни ҳам санай туриб, ана шу мусибатларга сабр қилган мусулмоннинг хатоларини Аллоҳ таоло кечиб юборишини таъкидламоқдалар. Албатта, бу борадаги кечиб юбориладиган хатолар, Аллоҳ таоло билан банданинг орасидаги муомалаларда банда томонидан содир бўлган кичик гуноҳлардир.

Аллоҳ таоло сабрлиларни яхши кўради. Ҳадиси қудсийда Аллоҳ азза ва жалла бундай марҳамат қилади: «Эй бандаларим, Мен бандалар ичидан бир мўмин кишини (бирон мусибат етказиб) имтиҳон қилсам, у Менга ҳамд айтиб синовимга сабр қилса, у ўша жойидан турганида онаси туққан кундагидек хато-гуноҳларидан пок бўлиб туради».

Сабр ҳар бир мўмин-мусулмон эркак-аёлга лозим сифатдир. Бу чиройли хислатсиз инсон мўмин-мусулмонлик таклифларини, буйруқларини етарлича адо эта олмайди. Бўлар-бўлмас ишларга диққат бўлавериш, ўтган кундаги битмаган юмушларига, хатоларига, эриша олмаган мақсадларига афсус чекавериш инсоннинг миясини доимо кемирадиган, ҳаётини оғирлаштирадиган, кунини зулмат, тунини ғурбат қиладиган бефойда ва зарарли ҳолатлардир. Бошингизга бир мусибат ёки бало келса, унга мардона дош беринг, сабр қилинг. Ҳар биримизнинг оиламизда шириндан-шакар фарзандлар улғаймоқда. Уларга ҳаётда доим билимли бўлиш, катта-кичик тўсиқлар, машаққатлар олдида сабрли бўлиш лозимлигини уқтириш биз ота-оналарнинг вазифасидир. Қолаверса, ён-атрофимизда айрим етишмовчиликларга бесабрлик қилиб, жамиятда турли номақбул гап-сўзларни тарқатиб юрадиган ношукр инсонлар ҳам учраб турадики, уларга ҳам тўғри насиҳат қилиш, тўғри йўл кўрсатиш, бугунги доруломон кунларнинг аҳамиятини уқтириб бориш ҳам сиз ва бизнинг инсоний бурчимиздир.

Ҳидоятуллоҳ ИСАЕВ
Янгиер шаҳар “Муҳаммад Бобур”
жоме масжиди имом-хатиби.

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan